ОРЗУЛАРИМИЗ ИНЪИКОСИ

Мустақиллик – бу шунчаки байроқ кўтариш эмас, балки миллатнинг ўз тақдирини ўз қўли билан ёзиш ҳуқуқидир.

Ҳурлик – бу занжирлар узилган лаҳза эмас, балки инсон руҳиятининг Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир банда олдида бош эгмаслик қатъияти, матонати ва саботидир.

Эркинлик – бу хоҳлаган ишни қилиш эмас, балки ҳақиқатни айтишга, адолатни ҳимоя қилишга ва виждонга содиқ қолишга жасорат топишдир.

“Мустақиллик”, “ҳурлик”, “эркинлик” деган сўзлар ҳар қандай инсонга хуш ёқади. Чунки Аллоҳ таоло бу сўзларни инсон фитратига жо айлаган. Шу боис биз бу улуғ неъматларни қадрлаймиз, эъзозлаймиз, кўзларимизга тўтиё айлаймиз.

Ана шу сўзлар жамулжам бўлганда, аниқроғи, шу сўзлар қаерда топилса, ўша ер одам учун Ватан бўлади. Ватанни севиш инсонга хос табиий туйғу бўлгани учун Ислом уни иймоннинг бир бўлаги деб қарайди. Машҳур саҳобалардан Билол розияллоҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилиб, ўзининг азиз ва муқаддас диёрини эслаб шеърлар ўқирди. Бу ҳам, албатта, ҳар бир инсоннинг қалбида Ватанига, туғилиб ўсган диёрига муҳаббатли бўлиши табиий эканини англатади.

Имом Бухорий “Саҳиҳи Бухорий” асарида келтирган бир ҳадисда бундай дейилади: «Ойша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида, Абу Бакр билан Билол розияллоҳу анҳумо иситмалаб қолишди. Мен уларнинг ҳузурига кириб: “Эй отажон, эй Билол, ўзингизни қандай ҳис қилмоқдасиз?» деб сўрадим.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу иситма кучайганда:

Уйимда бўлсайдим жон чиқар маҳал,

Пойабзал ипидин яқиндир ажал, – дер эди.

Билол розияллоҳу анҳу эса йиғлаб:

Тақдирим не эрур, билмасман, э воҳ,

Бошимга ажалдан келурму сипоҳ?

Бир кеча бўлса ҳам, она водийим,

Қўйнида ётсайдим, меҳрибон Аллоҳ!

Қониб ичсам эрдим, шаффоф сувларин,

Қанийди, ташласам, унга бир нигоҳ! – дер эди.

Мен бу ҳақда жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтганимда, У зот: “Ё Аллоҳ! Бизга Мадинани Макка сингари ёқимли, ундан ҳам ортиқроқ этгил! Ё Аллоҳ, унинг тошу тарозисига барака ато этгил, уни (аҳлини) ҳамиша бардаму соғлом қил, мана буларнинг безгагини эса Жуҳфага кўчиргил!” – дедилар».

Икки улуғ саҳоба – Абу Бакр Сиддиқ ва Билол розияллоҳу анҳумо ҳам Пайғамбаримиз билан бирга саодат асрида яшаб, кундалик нозил бўлаётган ваҳийдан баҳраманд бўлишдек бахтга муяссар бўлсалар-да, ўз туғилиб ўсган Ватан соғинчида яшаганлар.

Буюк шоир ва саркарда, давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ҳам Ватанни қадрини англашга ёрқин мисол бўла олади. Ўз даврининг йирик ва қудратли давлатларидан бири Ҳиндистондек мамлакат ҳукмдори бўла туриб, бир умр Андижонни, сўлим Фарғонани, бобокалонларидан мерос Самарқандни қўмсаб ўтади, ижодининг салмоқли қисмида Ватан соғинчи уфуриб туради.

Нажмиддин Кубро замонасининг йирик алломаларидан, минглаб муридларга эга бўлган тариқат пешвоси мўғуллар бостириб кирганидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланади. Мўғул ҳукмдорлар Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги обрў-эътиборини кўриб, унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишни таклиф қилади. Ватанни ўз жонидан устун билган шайх босқинчиларга қарши жангга киради ва туғ кўтариб, лашкарни олға чорлаб бораётган ҳолатда шаҳид бўлади. У зот туғни шунчалар жон-жаҳди билан ушлаган эдики, байроқни қўлларини кесибгина олишга муваффақ бўлишади.

Хулоса қилиб айтганда, шу муқаддас Ватанда ягона халқ бўлсак, бирлашсак, янги ҳаёт ва келажакни барпо этишга Аллоҳ таоло барчамизни муяссар этади.

Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Leave a comment