Оламлар Парвардигори Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. У Зотнинг фазлу марҳамати, инояту ҳидояти билан бизларга юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва жамият маънавиятини юксалтириш йўлида хизмат қилиш бахти насиб этди.
Аввало, менга билдирилган юксак ишонч ва эътибор, муносиб рағбат ва мукофот учун юртимиз раҳбариятига, халқимизга, устозларим ва ҳамкасбларимга чуқур миннатдорлигимни изҳор этаман. Бу мукофот – мен учун нафақат шараф, балки улкан масъулият, янада фидойи бўлиб хизмат қилишга даъватдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта сизга зиёда қилурман» (Иброҳим сураси, 7-оят).
Шу боис, ушбу эътирофни, аввало, Аллоҳ таолонинг неъмати деб билиб, У Зотга беадад шукроналар айтаман. Бу мукофотни, бу эътирофни нафақат менга, балки юртимизда маърифат тарқатиш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, оилаларни мустаҳкамлаш, аёллар тарбияси ва ёш авлод камолоти йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган барча отинойиларга деб қабул қилдим.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Инсонларнинг энг яхшиси – инсонларга манфаатлироғидир.”
Дарҳақиқат, инсонга наф келтириш, унинг қалбига эзгулик уруғини сочиш, оилаларда меҳр-оқибат ва тарбия муҳитини мустаҳкамлаш – энг улуғ ва савобли амаллардан. Бизга берилган ушбу вазифа нафақат касб, балки юксак омонатдир.
Шу йўлда кўплаб устозларимизнинг дуолари, ота-оналаримизнинг тарбияси, ҳамкасбларимизнинг елкадошлиги ва халқимизнинг ишончи биз учун доимий куч ва илҳом манбаи бўлиб келмоқда. Ана шу қўллаб-қувватлашлар туфайли биз ўз фаолиятимизни янада сидқидилдан давом эттирмоқдамиз.
Берилган бу юксак мукофот менга янада катта масъулият юклайди. Иншоаллоҳ, бундан кейин ҳам юртимизда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, аёллар орасида маърифий ишларини янада кенгайтириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, иймон-эътиқод ва миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш йўлида бор куч ва ғайратимни сафарбар этаман.
Аллоҳ таоло қилган хизматларимизни даргоҳи илоҳийда қабул айласин, юртимизга тинчлик-осойишталик, халқимизга фаровонлик ато этсин. Барчамизни Ўзи рози бўладиган бандаларидан айлаб, эзгу ишларимизга барака берсин.
Зулайҳо СОАТОВА



