САХОВАТ ВА ЭЗГУ АМАЛЛАР АЙЁМИ

Рамазон ҳайити жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро  ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, эл-юртимизга хос эзгу хислатларни, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлашда муҳим аҳамиятга эга.

Шу йил 26 март куни қабул қилинган “Муборак Рамазон ҳайитини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги Президент қарори ва унда белгиланган чора-тадбирлар режаси сўзимизнинг яққол тасдиғидир.

Бу қувонарли ҳол бўлиб, Рамазон ҳайитига оид муқаддас динимизга таълимотимизга ҳамоҳангдир. Чунки ҳайит кунлари хурсандчилик қилиш, бу айёмни байрам кайфиятида ўтказишнинг савоби улуғ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида, у (мадиналик)ларнинг икки куни бўлиб, улар ўша кунларида ўйин-кулги қилишар эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу икки кун қандоқ кун?» – деб сўрадилар. Улар: «Биз жоҳилият даврида шу кунлари ўйин-кулги қилар эдик», – дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхшироқ –  Азҳо (Қурбон) ва Фитр (Рамазон ҳайити) кунларини берди», – дедилар» (“Сунан” эгалари ривоят қилишган)

Бу йилги Рамазон ойи ҳар қачонгидан ҳам юксак савияда, кўтаринки руҳда ўтказилди. Муборак ойнинг биринчи жумасида давлатимиз Раҳбари Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, пардозлаш ишларини кўздан кечирдилар.

Рўза – тенги йўқ ибодат. Бу ойнинг маънавий фойдаларини ҳаммамиз яхши биламиз. Шу билан бирга, бу ой соғлик жиҳатидан ҳам жуда фойдали эканини замонамий тиббиёт исботлади.

Рўза иммун тизимини мустаҳкамлаб, тугунлар фаолиятини яхшилайди. Иммун тизимини ҳимоялашда иштирок этувчи ҳужайралар сони кўпаяр экан. Рўза ортиқча вазн ва унинг асоратлари олдини олади.

Шунингдек, рўза туфайли тўқималар ва ҳужайраларда заҳарли моддалар тўпланишининг олдини олар экан. Рўза сабабли ошқозон-ичак касалликлари бартараф этилар, ҳазм фаолияти яхшиланар экан. Буларнинг барчаси анча йиллар аввал башорат қилинган “XXI асрда дунёнинг энг кучли табиблари рўйхатидан мусулмонларнинг рўзаси жой олади”, деган сўзнинг амалдаги инъикосидир.

Рўза тутиш туфайли инсон соғлиғини тиклаб олади. Рўзада инсоннинг ошқозон ва ҳазм қилиш аъзолари дам олади. Ошқозон яхши ҳазм бўлмай қолган таомлардан тозаланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рўза тутинглар соғлом бўласизлар” (Имом Бухорий ривояти), деб тавсия қилганлар.

Араб табибларидан Ҳорис ибн Калда “Ошқозон касалликлар уйидир. Парҳез барча давонинг бошидир”, деган.

Бу йил Рамазон ойи давомида пойтахтимиздаги жоме масжидларда хатми Қуръонлар қилинди. Ҳар таровеҳ намози ортидан, хусусан, Қадр кечасидаги хатми Қуръонлардан сўнг юртимиз бундан-да тинч, осойишта, халқимиз турмуши яна ҳам фаровон ва маъмур бўлишини Яратгандан тилаб хайрли дуолар қилинди.

Аслида Рамазон Қуръон ойидир. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримни Қадр кеасида нозил қилганини бундай баён этади: «Албатта, Биз уни (Қуръонни “Лавҳул маҳфуз”дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик» (Қадр сураси, 1-оят). Сўнгра 23 йил давомида Жаброил алайҳиссалом турли сабабларга кўра Қуръонни оят-оят, сура-сура қлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилиб турди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Қуръони карим Рамазон ойида, Қадр кечасида Лавҳул маҳфуздан нозил бўлган. Таврот Рамазоннинг олтинчи кечасида нозил бўлган. Иброҳим алайҳиссаломнинг саҳифалари Рамазоннинг илк кечасида нозил бўлган. Инжил Рамазоннинг учинчи кечасида, Забур эса ўн иккинчи кечасида нозил бўлган. Бу ойнинг номи Қуръонда Рамазон, Тавротда Хад, Инжилда Сад, Забурда эса Қурбат дейилган».

“Хад” дейилишига сабаб шуки, бу ойда гуноҳлар устига чизиқ тортилади, маҳв бўлади. Инжилда “Сад” дейилишига сабаб – бу сўз гуноҳлардан покланишни англатади. Забурда “Қурбат” дейилишининг сабаби эса банда бу ойда Раббисига яқинлашади.

Имом Раббоний бундай дейдилар: «Қуръоннинг бу ойда нозил бўлиши Рамазоннинг улуғланишига сабабдир».

Бу ой – баракот ойидир. Қуръони карим Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатларини ўзида жамлаган. Рамазон ойи Қуръон билан боғлиқ бўлгани учун хайриётлар билан тўлиб-тошган. Яхшиликлар, баракотлар бу ойга жамланди. Бир ойда келган баракотлар, яхшиликлар бандага йил давомида кифоя қилади. Мусулмонлар бу ойда илоҳий файз-баракотларга кўмилиб қоладилар.

Ким Рамазоннинг яхшиликларидан, баракотидан олиб қолса, йил бўйи ана шу яхшиликларга кўмилиб яшайди. Ким Рамазон ойини ёмонлик билан ўтказса, йил бўйи хайрсиз яшайди. Яхшилик ва баракот Аллоҳ таолодандир.

Мухтасар айтганда, муборак ой давомида қилган хайрли амалларимизнинг мукофоти бериладиган ҳайит куни Буюк Раббимиздан юртимизни тинч-осойишта, осмонимизни мусаффо, халқимиз турмушини бундан-да фаровон қилишини сўраймиз. Илоҳим, янаги йилги Рамазонларгача эсон-омонликда, бағрибутунликда етиб олиш барчамизга насиб этсин.

Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Leave a comment