Сарлавҳа китоб номидан олинди. Асар муаллифи Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бўлиб, муалллиф ушбу китобда бугунги ҳаётимиздаги энг долзарб масала хусусида ўз мулоҳазаларини баён қилган.
“Оила давлат тузилишида катта эътиборга эга, чунки жамият оилалардан ташкил топади. Жамият келажаги порлоқ бўлиши, юксак тараққий этиб, катта имкониятларга эга бўлиши, биринчи навбатда, ўзининг ажралмас негизи бўлган оилаларнинг маънан соғлом бўлишини талаб қилади”, деб ёзади муаллиф ўз китобида.
Сир эмас, ҳаётимиз фаровонлашиб, инсон эрки, ҳаёт тарзи, яшаш шароитлари кун сайин яхшиланиб бормоқда. Аммо, таассуфки оилалар айниқса ёш оилаларнинг муаммолари кўпайиб бориб ажрим ҳолатларига келиб қолаётгани ачинарлидир.
Муаллиф куюнчаклик билан шу жамиятнинг раҳбар аъзоларидан бири сифатида ажримлар, оилавий низолар масаласига куюниб қарайди, муқаддас оилани сақлаб қолиш, мустаҳкамлаш учун изланади, маслаҳатларини ўртага ташлайди. Муқаддас Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга мурожаат қилиб, ўз қарашлари ва хулосаларини далиллаб беради.
“Шарқона оила” сарлавҳаси остида ўзимиз, ўзлигимизни намоён этувчи “ўзбекона оила” қандай бўлиши керак, “оиланинг маънан соғлом бўлиши” учун қандай шартларга риоя қилиши лозимлиги содда ва равон баён қилинган.
Оила бир-бирига муносиб одамлардан ташкил топиши зарур; Оила ўзаро ҳурмат асосида қурилсин; Оила аъзолари ўзаро тотув яшашлари шарт; Эркак оиласига нисбатан масъулиятни ҳис этиши билан устун бўлсин; Аёл оиласининг ички ҳолатларига масъул; Ота-она фарзандларининг риоясини қилиб, уларга адолатли бўлишсин; фарзандалар ота-онага яхшилик қилсин, бурчини адо этсин…
Бу шартлар ҳар бир эркак ва аёл учун оила деб аталмиш муқаддас қўрғонда умрбод қолиб, бахтли яшаши учун зарур бўлган бебаҳо ўгитлардир.
Динимизда аёллар масаласига қандай қаралади?! Биз аёллар оила бекаси, она сифатида қандай ҳуқуқларга эгамиз, вазифа бурчларимиз нималардан иборат? Бу саволларга аниқ жавобларни “Аёлни азиз қилган дин”, “Муносиб аёл”, “Аёлнинг ҳақлари”, “Жаннатий аёлларнинг сифатлари”, “Илк тарбиячи” мавзулари остида берилган фикр-муоҳазалардан билиб оламиз.
Муаллиф “Эрга итоат-улкан ажр” – дея мўминаларни оила боши, устуни бўлмиш эрга итоатли бўлмоққа чақиради, солиҳа аёл қандай бўлиши кераклигини аниқ ҳадиси шариф орқали ифодалаб беради.
“Сизларга эркак жамлайдиган яхшилик ҳақида хабар берайми? У солиҳа аёлдирки, агар эри унга қараса-хурсанд бўлади, буюрса итоат қилади ва бирор жойга чиқса-унинг мол-мулкини муҳофаза қилади”. Дарҳақиқат, биз оналар оилада қизларнинг, келинларни тарбиялашда ана шундай “солиҳалар”ни етиштирсак бугунги кунлардаги ажримлар, муҳокамаю муаммолар, оилалар парокандалигию айбсиз айбдор болаларнинг сарсонликлари камаяр, эҳтимол йўқолар эди…
“Оила-муқаддас даргоҳ”- бу макон Аллоҳ берган неъмат-фарзандлар билан файзли, гўзалдир. Домланинг фарзанд тарбияси борасидаги фикру маслаҳатлари ҳар бир ота-она, тарбиячилар учун дастурул амал бўла олади.
“Фарзанд муборак!”, “Фарзанд тарбияси-шараф”, “Фарзанднинг ота-она олдидаги бурчлари” Тўғрисидаги муаллиф мулоҳазалари Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар билан шарҳланади, ўқувчини ишонтиради.
Китобнинг хотимасида эса оила, тарбия, фарзанд борасидаги фикрлар муқаддас Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар ўгитлари ҳамда буюк қомусий олимлар хулосалари алоҳида ҳолда илова қилинади. Бу ҳар бир ўқитувчи, тарбиячи яна халқ ичида юрган имом домлалар, отинойилар ва ҳар бир мўмин ва мўминалар учун тайёр йўлланма, зарур қўлланма бўла олади.
Муаллиф ўқимишли китоб учун миннатдор ҳолатда халқимиз тарбиясидаги масъулиятли ишларида омад, ўзларига соғлик-омонлик, эл-юрт ҳурмати саодатини тилаб қоламиз!
Дилором КАРИМОВА,
Филология фанлари номзоди, доцент
Юнусобод тумани отинойиси