МЎМИН КИШИ ТИЛИНИ ЭМАС, АҚЛИНИ ИШЛАТИШИ КЕРАК

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги «Хўжа Аҳрор Валий» жоме масжидида аёллар учун ташкил этилган намозхона ёпиб қўйилгани ҳақидаги шикоятлар тарқалди.
Хўш, аслида, ҳанафий мазҳабига кўра, аёллар масжидларга боришлари жоизми? Бу борада динимиз аҳкомлари қандай?
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл кишининг ҳужрасидаги намози ҳовлисидаги намозидан, қазноғидаги намози ҳужрасидаги намозидан афзалдир», дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадисда аёл киши намозни қанчалар сатр ила ўқиса, шунчалар яхши бўлиши таъкидланмоқда.
Ҳатто, аёл киши ўз уйида намоз ўқиганда тўсиқроқ жойда ўқишга ҳаракат қилиши лозимлиги уқтирилмоқда.
Аёл киши намозни ҳовлида, айвонда ўқиганидан кўра, ичкари уйга кириб ўқигани афзал. Ичкари уйдан кўра, қазноққа, яъни, турли нарсалар қўйиладиган омборхонага ўхшаш жойда намоз ўқигани афзал.
Чунки намоз ўқиётган вақтида баъзи бир кишилар кириб келиб қолиши ёки кўнгли бузуқ фосиқлар қасддан томоша қилиши эҳтимоли бор.
Бошқа бир ҳадисда агар аёллар изн сўрасалар уларни масжидга боришдан ман қилмасликка чақириш билан бирга, уларнинг масжидга бормаганлари яхши экани уқтирилмоқда.
Аёл кишининг масжидга бориши ёки бормаслиги ҳақидаги бошқа ҳадислар ҳам худди шу руҳдаги ҳадислардир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг масжидга боришларига рухсат берганлар, лекин қаттиқ шартлар ила. Хотин киши масжидга борганда бегоналарга кўринмасин, ҳидли нарса ҳам сурмасин. Лекин бормагани маъқул. Аёл киши уйда намоз ўқиганда ҳам тўсиқроқ, кўздан нарироқ жойда ўқигани яхши. Бу чораларнинг ҳаммаси мўмина-муслималарнинг обрўларини, иззатларини, фосиқ ва фожирларга ўйин бўлмасликларини таъминлаш чораларидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида тақво, ихлос ва поклик қанчалар даражада экани ҳаммага маълум. Ўшандоқ пайтда ҳам аёлларнинг масжидга боришларига қаттиқ шартлар қўйиш ҳам бежиз эмас. Бунинг устига дўст бор, душман бор, деганларидек, кофир ва мунофиқлар айнан аёллар масаласини доимо Исломга қарши ишлатиб келганлари ҳам эътиборга олинган.
Ҳазрати Ойша онамизнинг даврларида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан бироз кейин, тақво, ихлос ва поклик қай даражада бўлгани ҳам ҳаммага маълум. Аммо у кишининг аёлларни масжидга боришига нисбатан бўлган муносабатлари ва айтган гапларидан бу масала замон ўтиши билан ўта нозиклашиб кетганидан дарак беради.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг аёллари масжидга боришдан ман қилишлари эса вақти келганда ана шундоқ чора кўриш ҳам мумкинлигидан далолат беради. У кишининг бу тасарруфларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам берган изндан вақти келганда фойдаланиш, дейишимиз мумкин.
Кейинги пайтларда замон ўзгаришини эътиборга олган уламолар аёлларнинг масжидга бормаганлари маъқул экани ҳақида фатво беришган.
Ҳанафий мазҳаби уламолари аёлларнинг масжидга боришларига мутлақо қарши турганлар.
Уларнинг мутааххирлари (кейинги келганлари) фатво берган мазҳабга кўра, «аёлларнинг жамоатга ҳозир бўлишлари, жума бўлсин, ийд бўлсин, ваъз бўлсин мутлақо макруҳдир. Агар кампир кечаси ҳозир бўлса ҳам. Бу замоннинг фосид ва фисқнинг зоҳир бўлгани учундир».
Хулоса қилиб айтганда, иложи борича аёллар уйларида намоз ўқиганлари афзал. Борди-ю, йўлда, сафарда эканликларида намоз вақти кириб қолса, уйларига қайтгунларича қазо бўладиган бўлсА, ўшанда ҳам эркаклар кўзидан тўсилган ҳолда, фитна чиқиш хавфи бўлмаса, ўзлари учун белгиланган жойларда намоз ўқишлари мумкин.
Тавфиқ Аллоҳдан!

Абдуқаҳҳор домла Юнусов

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Leave a comment