ИЛЛАТНИНГ ИЛДИЗИ ҚАЕРДА?

Гиёҳвандлик Аллоҳ таолo инсонга ато этган жон, жисм, ақл ва мол-мулк каби неъматларининг заволига сабаб бўлаётганини бугун ҳамма яхши тушуниб турибди. Бироқ, шунга қарамай, бу нарсалар кўпайса кўпайяптики, лекин камаймаяпти. Наркотик модда истеъмол қилиб юрганлар орасида эркагу аёл ҳам, ёшу қари ҳам, мактаб, коллеж, лицей, институт, университет талабалари ҳам топиляпти.
Бунинг сабаби нима?
Бунинг сабаби – Аллоҳ таоло ва Унинг Расулининг амрига юрмаслик, қиёмат ва охиратдаги сўроқ-саволдан қўрқмасликдир.
Инсон нафсини жиловлай олмаяпти. Демак, бу борада бизга энг катта ёрдам берадиган муолажа руҳий тарбиядир. Ҳар биримиз ўзимизнинг, фарзандларимизнинг руҳий тарбияси билан жиддий шуғулланмоғимиз керак, чунки инсон ўз нафсини жиловлай олсагина бу ажал оғусидан ўзини тўхтата олади. Нима учун кўпчилик бу заҳри қотилни тотиб кўради?
Чунки улар мана шу тамаки маҳсулотлари ёки гиёҳванд моддалари билан ҳаётдаги муаммоларимни, ғам-ташвишларимни бироз унутаман, асабим бузилиб, юрагимнинг сиқилганини аритаман деб ўйлашади. Ваҳоланки, уларни истеъмол қилган билан бу муаммолар йўқолмайди, бу ташвишлар бартараф бўлмайди, инсон ўзини ўзи алдаб, қисқагина фурсат уларни эсидан чиқаради, холос. Ожизу нотавон инсон буни билиб туриб, ўзини ажал домига ташлайди.
Агар инсон бу каби енгилтак фикрлардан узоқ бўлса, Аллоҳ таолони таниса, қазои қадарга сабр қилса, ибодатда бардавом бўлса, ҳаёт синовларига бемалол бардош беради, нафсини бу каби ёлғончи иллатлардан тия олади. Одатда ҳамма ёмон нарсалар бекорчиликдан келиб чиқади. Айниқса, ёш болалар, ўсмирлар бекор қолса, назоратсиз қолса, ҳаётдан зерикса, турли янги саргузаштларни қидиради, янги ҳиссиётларни излай бошлайди. Ҳеч ким ўз-ўзидан бу нарсага берилиб кетмайди. Уни албатта кимдир қизиқтиради, у кимгадир тақлид қилади, эргашади. Аксар ҳолларда болага унинг дўстлари, шериклари ёки бирга юрадиган оғайнилари таъсир кўрсатади. Бугунги кунда ёшларга айниқса интернетдаги, телевидениедаги турли зарарли маълумотлар жуда ёмон таъсир қиляпти. Назоратсиз қолган бола аввал сигаретни татиб кўради, кейин унга ўрганиб қолади. Наркотик савдоси билан шуғулланадиган қотиллар эса айнан ана шундай ёшларни қармоғига илинтиришга, ўз домига тортишга ҳаракат қилади.
Демак, аввало оилада назоратни кучайтириш керак. Бола ким билан кўп бирга бўляпти, улардан нимани ўрганяпти, буни аввало оталар, оила бошлиқлари кузатиши керак. Биз оилада шундай муҳит яратиб қўяйликки, фарзандларимизнинг руҳий тарбиясини шундай йўлга қўяйликки, бола ўз нафсини жиловлай олсин, унда бу каби салбий ҳолатларга нисбатан нафрат бўлсин, мафкуравий иммунитет ҳосил бўлсин. Инсон нафсини жиловлай олмагани учунгина бу оғуга мубтало бўляпти, заҳри қотил сотувчиларнинг қурбонига айланяпти.

Раҳматуллоҳ домла САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани «Минор» жоме масжиди имом-хатиби

Leave a comment