Мен анча пайтдан бери дунё тилларининг асли ҳақида изланиш олиб бориш ниятида юрар эдим. Бунинг сабаби, араб тилидаги “ғор” маъносини ифодаловчи كهف (каҳф) сўзини инглиз тилида “cave”, французчада “cave”, италянчада “cavа”, лотин тилида эса “cavus” деб талаффуз қилиниши мени ўйлантирарди.
Мени “Бу тилларнинг қай бири асл ва қайсиси бошқасидан ўзлаштирилган?” деган савол қийнарди. Бу саволга жавоб топиш мақсадида луғат илмига чуқур кириш кераклиги, бизлар ишлатадиган тилларнинг қадимий шаклларини излаб топиш зарурлигини мулоҳаза қилардим.
Қўлимга бир китоб тушиб қолди. Унинг номи “Араб тили – барча тилларнинг асли” деб номланган, инглиз тилида эди. Муаллифи Таҳийя Абдулазиз Исмоил тилшунос олима экан. Муаллиф бу китобни ёзиш учун ўн йил умрини сарфлаган ва бу хулосага келиш учун кўплаб манбаларни, қўлёзмаларни, қомусларни ўрганиб чиққан. Бу китоб улкан хазина, тилшуносликда янги кашфиёт, барча тилшунослар учун муҳим манба бўлиб кўринди.
Дарҳақиқат, китобни ўқиган киши унда жадвал тарзида берилган араб тили билан бошқа тиллардаги бир-бирига ўхшаш лафзларни кўздан кечирар экан, муаллифнинг хулосаси нақадар тўғри эканига амин бўлади. Муаллифнинг жадвалда араб ва инглиз тили, араб ва лотин, араб ва англосаксон, араб ва француз, араб ва қадимий европа, араб ва юнон, араб ва итальаян, араб ва санскрит тиллари ўртасидаги ўхшаш лафзларни келтирганида араб тили бошқа барча тиллар кесишадиган чорраҳанинг қоқ ўртасида экани, ҳаддан ташқари кўп бўлган муштарак сўзлар, гарчи у тилларда сўзлашувчи халқлар ўртасини қитъалар, океанлар бир-биридан узоқ масофаларда ажратиб турса-да, асли бир ўзакдан эканини англайди.
Муаллиф араб тилини барча тилларнинг асли эканини бир нечта далиллар билан изоҳлайди. Биринчидан, араб тилининг имконияти жуда кенг, айни пайтда бошқа тилларнинг имконияти жуда тор. Масалан, лотин тилининг бор-йўғи етти юзта луғавий ўзаги бор, холос. Саксония тилида мингта, араб тилида эса ўн олти мингта ўзак сўз мавжуд. Буларга қўшимча тарзда феълларнинг тусланиши, тузилиши ва иштиқоқ олиниши қўшилса, имконият янада кенгаяди. Мисол учун, инглиз тилидаги “узун” маъносини берувчи “tall” сўзи араб тилидаги طويل (товийл) сўзи билан деярли бир хил талаффуз қилинади. Лекин араб тилида ушбу ўзак сўздан кўплаб сўзларни ясаш мумкин. Масалан: طال, يطول, طاءل, طاءلة, طويلة, ذو الطول, مستطيل ва ҳоказо… Аммо инглиз тилидаги “tall”дан бошқа сўз ясаб бўллмайди.
Шунингдек, инглиз тилидаги “яхши” маъносини берувчи “good” сўзи, араб тилидаги جيد (жаййид) сўзи билан деярли бир хил нутқ қилинади. Лекин араб тилидаги جيد сўзидан جود, جودة, اجادة, يجيد, يجود, جواد, جياد каби кўплаб сўзларни ясаш мумкин. Аммо “good” сўзидан янги сўз ясаб бўлмайди.
Бундан ташқари, араб тилидаги биргина калима унинг вазнини ўзгартириш билан бир нечта маъноларни ифодалаш имконига эга. Масалан, عنف – عنفوان
, قاتل – قتيل, فيض – فيضان, رحيم – رحمان, رضي – رضوان
Маънодаги ҳар хиллик гоҳида аксинча ҳам бўлиши мумкин, масалан قاتل, قتيل га ўхшаб. Яъни ҳар иккиси ҳам бир маънони “қотил”ни англатиши мумкин. Бошқа тилларда бундай имконият йўқ. Агар инглиз тилида “good” (яхши) сўзини орттирма даражада айтмоқчи бўлса, албатта, унинг ёнига қўшимча бошқа сўз қўшилиши шарт. Масалан, “very good” (жуда яхши).
Араб тилининг бошқа тилларда топилмайдиган яна бир ўзига хос жиҳати, ундаги ҳарфлар муайян бир маънонинг рамзи саналади. Масалан, ح “ҳо” ҳарфи қайноқлик, кескирлик рамзидир ва шу маънодаги сўзларда ишлатилади. Масалан, حمى (иссиқлик, темпратура), حرارة (ҳарорат), حر (қайноқ), حب (оташин севги), حريق (ёнғин), حرام (ҳаром), حرير (ипак), حنان (қайноқ меҳр), حاد (ўткир), حق (ҳақ)… Масалан, خ “хо” ҳарфи, ёқимсиз, ёмон ва манфур нарсаларнинг рамзи саналади. Ана шу маъноларни ифодаловчи сўзлар асосан “хо” ҳарфи билан бошланади. Масалан, خوف (қўрқинч), خزي (хорлик), خجل (хижолат), خيانة (хиёнат), خنوثة (хунаса), خنزير (хинзир), خرقة (йиртиқ), خلط (хилт).
Агар гўдак оловни ушлаб куйиб қолса, “ох” дейди. Бирор киши муҳим бир нарсасини унутса, у ҳам “эх” дейди. Демак, шундай тарзда бирор маънони ифодалаш учун рамзга айланган ҳарфлар фақат араб тили ҳарфларига хосдир. Шунинг учун ҳам баъзи Қуръон сураларининг боши ёлғиз ҳарфлар билан бошланган. Масалан, ص, ق, ن, الم ва ҳоказо, ҳар бири ўзича қандайдир маънони ифодалаб келган.
Биз араб тилида жуда қисқа жумлаларни тузиш имконига эгамиз. Масалан, لن اذهب (бормайман). Шу жумла инглиз тилига бир нечта сўзларни ишлатиб таржима қилинади. Масалан, I shall not go, яъни “мен бормайман”. Чунки инглиз тилида мақсадни ифодалаб бериш учун ишлатиладиган рамзий ҳарфлар йўқ.
Агар биз араб тилининг тарихини ўрганадиган бўлсак, минг йиллар давомида унинг қонун-қоидалари, сарфу наҳвлари, таркиб топиш услуби ва иштиқоқлари ўзгармай келаётганига гувоҳи бўламиз. Ҳар қандай воқеа-ҳодисалар юзага келишига қарамай, араб тили ўзининг қонун-қоидаларини сақлаб келмоқда. Унга ҳеч қандай ташқи омиллар таъсир ўтказа олмади. Бошқа тиллар тарихида эса, турли воқеа-ҳодисалар сабабидан ўзгаришлар бўлганини кўрамиз. Масалан, қадимги немис тилининг шимолий ҳудуддаги адабий тил билан жанубий ҳудуддагиси буткул фарқ қилади. Тараққиёт ва ривожланиш тилнинг ўзаро киришиб кетишига, қисқартмалар, бузилишлар, тил қоидаларининг ўзгариб кетишига олиб келган. Айни шу омилни лотин, юнон ва англосаксон тилларида ҳам учратамиз.
Аллоҳ таоло арабчани Қуръон тили бўлишини ихтиёр қилди. Чунки араб тили ўзгармайдиган, бузилишдан муҳофазаланган тилдир. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “(Биз уни) қинғир жойи бўлмаган араб тилидаги Қуръон ҳолида (нозил қилдик)” (Зумар сураси, 28-оят).
Араб тили – бой тил. Масалан, биргина اسد “шер”нинг бир нечта номлари бор: ليث, سبع, رءبال, هزبر, ضرغام, ضيغم, ورد, قسورة, غضنفر ва ҳоказо. Ушбу исмлардан ҳар бирининг ўзгача маънолари бор.
Камбағал одам бой кишига муҳтож бўлгани сингари лотинча, саксонча, оврўпача, юнонча тиллар араб тилидан ўзлаштириб олинган. Демак, дунёдаги барча тилларнинг асли араб тили ҳисобланади.
Доктор Мустафо Маҳмуднинг “Сир-синоатлар олами” китобидан
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ таржимаси