ЎҒРИЛИК ВА ОМОНАТГА ХИЁНАТ –КАТТА ГУНОҲДИР

Бойлик, илм ва ор-номус учрашиб қолибди. Бойлик: “Агар мен йўқолиб қолсам, бозорлардан изланглар”, дебди. Илм эса: “Мани масжид ва мадрасалардан топасиз”, дебди. Ор-номус эса: “Агар мен йўқолиб қолсам, излаб овора бўлманглар, ҳеч қаердан тополмайсизлар…” дебди.

Ҳақиқатан, одамлар орасида ор-номусини шаънини йўқотган одамнинг бошқа йўқотадиган нарсаси қолмайди. Ҳамма: “Бу бебурд, орсиз, номуссиз кимса. Нима десанг ҳам, барибир фойдаси йўқ”, деб ундан йироқ юришга интилади.

Афсуски, баъзан интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар орқали “Масжиднинг эҳсон қутисини ўмарибди”, деган нохуш гаплар қулоққа чалиниб қолади. Бундай хабарларни эшитиб ёқа ушлайсан киши. Ахир масжид Аллоҳнинг уйи бўлса. Бировнинг уйига ўғриликка тушган киши бир умр “ўғри” деган тамғадан қутула олмайди. Аллоҳнинг уйида ўғрилик қилган киши икки дунё саодатидан маҳрум бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тухум ўғирлаб қўли кесилган, арқон ўғирлаб қўли кесилган ўғрига Аллоҳнинг лаънати бўлсин!”  деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, ўғирликнинг катта-кичиклигига эмас, балки унинг оғир гуноҳлигига эътибор қаратишимиз лозим. Минг афсуслар бўлсинки, бугун масжидлардаги эҳсон қутиларини ўмариш ҳоллари учраб турибди.

Абу Лайс Самарқандий “Танбеҳул ғофилийн” асарида ёзади: “Ким ўн дирҳам ўғирласа, унинг қўли кесилади. Мусулмон кишининг қўли ўн дирҳамнинг ҳурматидан эмас, балки икки иш сабабидан кесилади: мўминлар ҳаётини оёқости қилгани ва Аллоҳ тақсим қилган нарсага рози бўлмагани учун. У бошқанинг молига кўз олайтирди. Тангри таоло унинг қилган иши сабабли жазо сифатида ва Яратганнинг бошқа тақсимотига рози бўлмайдиганларга ибрат учун кесишга буюрди”.

Бир диёрда бир оқил инсон бозорда юрганда, газлама сотувчининг олдида тўхтаб, кийим сотиб олмоқчи бўлди. Тужжор тинмай нарсасини мақтаб, қасам ичарди. Ундан олмади. Бундайлардан сотиб олмаган маъқул, деб ўйлади. Бошқасидан олди. Орадан икки йил ўтиб, оқил одам бозорга чиққанида, яна ўша савдогарнинг олдида тўхтади. Лекин бу сафар у нарсаларини мақтамасди ва қасам ҳам ичмасди. Ундан:

– Бир неча йил илгари сизнинг олдингизга келгандим, – деб сўради. У:

– Ҳа, – деди.

– Сизни бунчалик ўзгартирган нарса нима? Мақтамаяпсиз? Қасам ичмаяпсиз? – деди.

– Менинг аёлим бор эди. Кам олиб келсам ҳам, кўп олиб келсам ҳам, оз ҳисобларди. Аллоҳнинг менга раҳми келди. У ўлди. Кейин бошқа аёлга уйландим. Бозорга кетмоқчи бўлганимда, кийимимнинг ёқасидан ушлаб: “Эй фалончининг ўғли, Аллоҳдан қўрқинг. Бизга фақат ҳалол луқма келтиринг. Ҳеч нима олиб келмасангиз, ип йигириб сизга ёрдам берамиз, – деди.

Ҳикматга бой бу воқеа замирида бугунги кунда ношукр, товламачи, ўғри, омонатни сақламайдиган кишиларга катта ибратдир.

Масжиднинг мулки бировга ишониб топширилдими, демак, у омонатдир. Омонат деганда қимматбаҳо нарсани бошқа бировнинг ҳузурига сақлаб бериш учун қўйишнигина тушунадилар. Аслида, омонатнинг турлари кўп. Уламоларимиз: «Аллоҳнинг бандага юклаган омонатлари бор: иймон,  намоз, рўза, закот, умр, ота-она, фарзанд ҳам омонатдир», дейдилар. Шунингдек, бандаларнинг бандалардаги турли ҳақлари ҳам омонат ҳисобланади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида: «Биров сенга бир калима айтиб, сўнгра атрофга қараб қўйса, билгинки, шу сўз омонатдир», деганлар.

Омонатга хиёнат қилиш мунофиқлик аломатидир. Мусулмон инсон барча омонатларга, жумладан, одамлар ила ўзаро муомаладаги, моддий масалалардаги омонатларга, катта-кичикка насиҳат қилиш омонатига, ёш авлодни тўғри тарбиялаш омонатига ва бошқа омонатларга риоя этади, хиёнат қилмайди.

Аллоҳ таоло барчамизни ўғрилик, омонатга хиёнат қилишдек қабиҳ гуноҳлардан асрасин.

Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Leave a comment