ЁШЛИК – ИЛМ ОЛИШ ВА КАМОЛОТГА ЭРИШИШ ДАВРИ

Шайх Саид Фуда ҳафизаҳуллоҳ айтади: «Ёшлик бу – илм-фан, фазилат ва камолга эришиш вақтидир. Бу вақтда ушбу амаллар орқали савоб ва яхшиликларга ноил бўлиш имконияти қўлга киритилади. Кексаликда эса унга эришиб бўлмайди.  Демак, ёш инсон қувватли ва соғлик вақтида комилликни қўлга киритиш учун бор имкониятини сафарбар этсин. Мана шу айни ҳикмат ва камолотдир».
2024 йил 1  июль куни пойтахтимиздаги Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуаси мажлислар залида  Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ЎМИ тизимида хизмат қилаётган ёшларга Мурожаатномасини етказиш бўйича тадбир ташкил этилди.
Дастлаб Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Муфтий ҳазратларининг Мурожаатномасини ёшларга ўқиб эшиттирдилар. Сўнгра Муфтий ҳазратларининг Мурожаатномаси мазмун-моҳияти ва аҳамияти шарҳлаб берилдилар.
«Бугун ёшларимизга Имом Қатода раҳимаҳуллоҳнинг бир туя китобни ёд олганини, Имом Шаъбийнинг: “Оқ нарсага ёзилган ҳар бир нарсани ёд олдим”, деган сўзини, Ашраф Али Таҳонавийнинг қисқа умри давомида бир ярим минг китоб ёзганини, Ибн Рушд умри давомида икки кеча: уйланган ва отаси вафот этган кеча китоб ўқий олмаганини бот-бот эслатиб туришимиз зарур. Шундагина улар устозлар не-не машаққатлар билан шу даражага етишганиин англайдилар ва уларни ҳурмат қилишни ўрганадилар», дея таъкидладилар Абдуқаҳҳор домла. Тадбирlдан сўнг пойтахтимизда фаолият юритаётган ёш имом-хатиблар, имом ноиблари учун дастурхон ёзилди. Ёш имомлар ва ноибларга совғалар берилди.
Хайрли дуолар билан тадбир ўз ниҳоясига етди.

Leave a comment