“Фатавойи ҳиндийя” – мўътабар фатволар тўплами

Ислом фиқҳи тарихида юксак баҳо берилган асарлар кўп. Улар қаторида ҳанафий мазҳабидаги фатволарни ўз ичига олган “Фатавойи ҳиндийя” тўплами алоҳида эътиборга молик.

Асар ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур эвараси Шоҳжаҳоннинг ўғли Султон Муҳаммад Аврангзеб Оламгир ҳомийлигида Бурҳонпурлик Шайх Низом (ваф. 1090/1679) бошчилигида тўрт ёрдамчиси Шайх Важийҳуддин, Шайх Жалолуддин Муҳаммад, Қози Муҳаммад Ҳусайн ва Мулла Ҳамиддиндан иборат олимлар ҳайъатининг муштарак фаолияти билан (жами 23 киши) 1664–1672 йилларда ёзилган. Бу ташаббусга қўшилганлар орасида Шоҳ Валиюллоҳ  Деҳлавийнинг отаси Шоҳ Абдурраҳим ҳам бор эди.

Асар Шоҳ Оламгирнинг номига нисбатан “Фатавойи Оламгирийя” ҳам деб номланади[1]. Шоҳ Оламгир Ҳиндистонда эллик йилга яқин хукмронлик қилган. Унинг даврида Бобурийлар давлати ҳар томонлама ривожланган. Арангзеб шахсий ҳаётида анча талабчан, камтар ва тақводор бўлган. Султон Аврангзеб фатво тўпламининг ёзилиш жараёнини шахсан назорат қилиб турди. Фақиҳларга барча шарт-шароитларни яратиб, ҳам моддий, ҳам маънавий кўмак бериб турди. Ҳайъат аъзоларига асарни ёзишда керак бўлган барча китоб ва манбаларни ҳозир қилиб берди ҳамда ойлик-маош ҳам тайинлаган.

Манбаларда Шоҳ Аврангзеб асарнинг вужудга келиши учун 200.000 рупиялик сарф-харажат қилгани келтирилган[2].

Ҳанафий мазҳабига доир бир қанча мўътабар манбалардан терилган “Фатавойи ҳиндийя” асарининг бобларини ёзилиш тартибида “Ҳидоя” китоби тартиби танланган. “Фатавойи ҳиндийя” Ҳиндистонда амалда бўлган ислом ҳуқуқий ва маъмурий тизимига асос солиш билан бирга, деярли ислом дунёсининг ҳар тарафида кўрилган турли ҳуқуқий тартиб ва қонунлаштириш ишларида ҳамда ислом ҳуқуқи билан боғлиқ бошқа тадқиқотларда мурожаат этиладиган асосий манбалардан бири бўлган.

Инглиз мустамлакасига айлангунига қадар Ҳиндистонда ислом ҳуқуқининг татбиқ этилишида энг муҳим манба бўлган ва шу сабабли инглиз маҳкамалари томонидан ҳам эътибор қаратилган. “Фатавойи ҳиндийя”нинг бир қанча кутубхонадаги қўлёзмалари билан бирга нашрлари ва чет тилларига қисман ёки тўлиқ қилинган таржималари мавжуд[3].

  Асар Аврангзебнинг қизи Зебунисо тарафидан форс тилига ҳам таржима қилдирилган[4]. Саййид Аъмо Али Мелихободий (ваф. 1917)нинг урду тилига қилинган таржимаси ҳам нашр этилган. Асар инглиз ва турк тилларига ҳам таржима қилинган[5].

Хулоса шуки, “Фатавои ҳиндийя” Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр фиқҳий анъаналарни ўзида мужассамлаштирган асардир. Бу асар ҳанафий қарашларини ўзида мужассам этган асар сифатида бугунги кунда ҳам ўз қадр-қийматига эга. 

Собиржон домла РУСТАМОВ,

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси


[1] Қаранг: Кувайт Вақф ва Исломий ишлар вазрлиги.“Мавсуъатул фиқҳийя ал-Кувайтийя”, 1-жуз / Б-51-52. Ал-мактаба–аш-шамила.

[2] Қаранг: Кувайт Вақф ва Исломий ишлар вазирлиги.“Мавсуъатул Фиқҳийя ал-Кувайтийя”,1- жуз/Б-51-52. Ал-мактаба–аш-шамила.

[3] Араб тилидаги нашрлари: Калькутта 1827-1832.1243.1251.,I-IV, Аҳмадий 1278., Лакнав 1292., Кампур 1895.,(Калкутта 1827 китобининг 2-ярми тош босмаси.)Булоқ 1276, 1278, I-IV, (Абдураҳмон ал-Баҳравийнинг тузатиши киритилган.), 1310-1311, I-IV, четида “Фатово қозихон” ва “ал-Фатово ал-Баззозия”. Қоҳира 1282, 1323.

[4] Қаранг:Турғун Файзиев. Темурийлар шажараси, Тошкент ”Ёзувчи” нашриёти-“Хазина”.1995 й. Б-278-279.

[5] Turkiye Diyanet Vakfi “Islam ansiklopedisi” Istanbul 1996 Bashkan Dr.Azmi Ozcan cilt 12 Б.365-366

Leave a comment