Илм аҳлини хуш кўрмаслик – ҳалокатдир

Илм – зулматда нур, жаҳолатда энг яхши даводир. Олимлар эса йўлчи юлдуз каби йўл кўрсатувчилардир. Маърифат эгаларини яхши кўриш – чин мўминлик белгисидир.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламдан шундай деганларини эшитганман:

 اغد عالما او متعلما او مستمعا اواحب اهل العلم ولا تكن الخامسة فتهلك

Маъноси: «Олим бўлгин ёки илм олувчи бўлгин ёки уни эшитгувчи бўлгин ва ёки “муҳиб”, яъни илм аҳлини яхши кўргин, бешинчиси бўлмагинки унда ҳалок бўласан”.

Ушбу ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларни  илм олишга буюрганлар. “Агар унга имконинг бўлмаса, ҳеч бўлмаганда аҳли илмни тингловчи бўлгин”, дедилар. “Агар унга имконинг бўлмаса, ёки қодир бўлмасанг илмни ва илм аҳлини яхши кўргин”, дедилар. “Йўқса ҳалок бўласан”, деб огоҳлантирдилар. Дарҳақиқат, илмдан узоқ бўлиш, илм аҳлидан узоқ бўлиш, уларни ёмон кўриш ҳалокатдан ўзга нарса эмас. Дарҳақиқат, оқибат шундайдир.

Аслида илм олиш ва олган илми асосида инсонларга ҳақиқатни билдириб нима тўғрию, нима нотўғрилигини кишиларга англатиш бу – диннинг энг шарафли ишидир. Ахир Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам хизматлари ҳам шу эмасмиди? Бугун шу йўлда дин ривожи учун ўз илмлари билан хизмат қилаётган илм аҳллари том маънода Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг издошлари ва меросхўрларидир.

 У зот ўзлари шундай деганлар.

 العلماء ورثة الأنبياء

Олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир деганлар.

Мазкур ҳадислардан олинадиган маъно шуки, олимларга эргашиш Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламга эргашишдир, уларни ҳурмат килиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳурмат қилишдир.  Уларни яхши кўриш эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўришдир.

Ҳар замонда уммат ўз замонасининг уламоларини ҳурмат қилиб уларга эргашиш вожибдир.

Бугунги кунда ҳам  ўз юртимизнинг Аллоҳ учун дин йўлида хизмат қилаётган уламоларини қадрлаш, илмларидан баҳраманд бўлиш лозимдир. Зеро, уларнинг дин йўлида қилаётган хизматлари энг улуғ ва шарафли хизматдир. Сир эмаски, охирги вақтларда юртимиз уламоларига эргашаётган оммани, халқни бу йўлдан қайтаришга уринаётган ғаламислар ҳам талайгина топилади. Улар очиқчасига бундай улуғ хизматни қилиб турган дин пешволарига, уламоларига ва имомларига эргашмасликка чақирмоқдалар. Дин йўлида холис хизмат қилиб турган илм аҳилларини турли йўллар, ҳийлалар билан бўҳтон ва туҳматлар ила обрўсизлантиришга уринмоқдалар. Ҳатто бу юрт  имомларига эргашишни Дажжолга эргашишдир демоқдалар.

Агар бу юртда халқ ўз имомларига эргашмаса оқибатда турли фитналар қўзғалади. Бирликларига, аҳилликларига путур етади. Бу – уларнинг бош мақсадидир.        

Бу қадар ёмон сўзларни гапиришга журъат қилишлари, қалблари нечоғлик нафратга тўла эканлигини кўрсатиб турибди. Азизлар, бугунги кунда интернетда очиқдан-очиқ юртимиз уламоларини ҳақорат қилаётган бу нокаслар нафақат юртимиз, балки том маънода, дин душманларидир. Бундай жоҳил ичи нафратга тўла, раҳматдан, шафқатдан дили маҳрум кишилардан узоқ юриб, доимо фитналардан огоҳ бўлайлик, азизлар.

“Усмон бин Мазъун” жоме

масжиди имом хатиби

Ҳакимов Ўткир

Leave a comment