АЖРИ ЭНГ УЛУҒ САДАҚА ҚАЙСИ?

Ҳадис шарҳи

Саҳобалардан бири садақа ҳақида сўраш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди ва: «“Ё Набияллоҳ, ажри энг улуғ садақа қайси?” деб сўради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай марҳамат қилдилар: “Ўзинг соғлом, қизғанчиқ ҳолингда, фақирликдан қўрқиб, бойишни умид қилиб турганингда қилган садақангдир. Жонинг ҳалқумингга келгунича (садақа беришни) кечиктириб, кейин: “Фалончига мана бунча, фалончига мана бунча, фалончига мана бунча”, деб юрмагин. Ахир фалончига ўтиб бўлди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Саҳобаи киромлар яхшилик ҳамда Аллоҳ таолога яқин бўлиш учун ўзаро мусобақалашишган. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Аллоҳга энг маҳбуб амал қайси?” “Парвардигор наздида мақбул амал нима?” деб савол беришган.

Набий алайҳиссаломдан ажри кўп, шу билан бирга Аллоҳ наздида қабул садақа ҳақида сўрашганда ана шундай жавоб берганлар: “Ўзинг соғлом, қизғанчиқ ҳолингда”.

Имом Хаттобий “Далилул фолиҳийн” асарида бундай дейди: «Киши асосан соғломликда қизғанчиқ бўлади. Ана шу вақтда садақа қилсин. Зеро, соғликда қилинган садақанинг ажри бетобликда берилганидан кўпдир. Касалликда кишининг мол-мулки меросхўрларга таалуқли бўлиб, садақаси нуқсонли бўлади».

Киши садақа бермоқчи бўлса шайтон уни васваса қилади”. “Шайтон сизларни (хайр-эҳсон қилишда)  камбағал бўлиб қолишдан қўрқитади” (Бақара сураси, 268-оят).

 “Фатҳур Раббоний”да бундай дейилади: “Саломатликда берилган садақа бетобликда қилингандан афзал. Сабаби, соғликда садақага кучли рағбат ва ақиданинг соғломлиги билангина садақа қилинади”.

 “Фатҳул Борий”да айтилади: «Садақа беришни орқага сурма ва кечиктирма. Эгасига топширишга шошил. “Жонинг ҳалқумингга келгунича”. Яъни чиқиш ерига яқинлашиб қолгунига қадар». “Далилул фолиҳийн” асарида бундай келади: «Жумҳур уламоларнинг иттифоқига кўра: “Руҳ ҳалқумга етса, тасарруфотлардан ҳеч бири – васият ҳам, садақа ҳам эътиборга олинмайди. Чунки ўша вақтда жон таслим этувчига қиёмат қоим бўлади. Ҳеч бир жонга, агар у ғарғарадан олдин имон келтирмаган бўлса унга ғарғарадаги имони фойда бермайди».

Шунинг учун ҳадиснинг маъноси: “Энг афзал садақа ҳаётлик вақтингда, соғ-саломат, эҳтиёжинг ва  мол-мулкка эгалик учун тиришганингда қилганингдир. Касалланиб, ҳолдан тойганингда эмас. Сабаби бундай вақтда мол қўлингдан чиқиб, бошқага тааллуқли бўлади”.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: “Ўлим ҳозир бўлганда садақа қилувчи ёки қул озод қилувчининг мисоли тўйгандан кейин ҳадя қиладиган кишига ўхшайди” (Имом Бухорий ривояти)».  

Кишининг ҳаётлигида мол-дунёга  ҳирси уни фақир ва мискинларнинг ҳақларини беришдан (яъни закотдан) тўсади. Кейин у ҳаддан ошиб, одамларнинг молиявий ҳақ-ҳуқуқларини ман этишни бошлайди. Бу ишни фақат имони заиф мусулмонлар қилади. Уларнинг фарзандларини кўр-кўрона яхши кўришлари Аллоҳ таоло йўлида инфоқ қилишга тўсиқ бўлади. Зеро улар: “Камбағал бўлиб қолиш” каби ёлғон гумон ҳамда нотўғри тасаввурга суянишади.

Шайх Муҳаммад Ғаззолий “Мўминнинг хулқи” номли асарида бундай ёзади: “Кишининг фарзандларига ғамхўрлиги унинг дини ва хулқини йўқотиш ҳисобига бўлмаслиги керак. Бу аҳмоқликдир. Инсон ўзидан кейин қоладиган мерос учун бахиллик қилиб, обрўси, муруввати ва Аллоҳ таолонинг розилигини унутиши нодонлик”. 

Ислом айтадики: мусулмонга фарзандлари, мол-мулки ва бошқа неъматлар имтиҳон учун берилган. Агар ўша неъматларга чалғиб, вожибларни тарк этса, улар унга бало манбаи ҳамда энг катта душманига айланади. “Сизларнинг мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз фақат бир синов. Улуғ мукофот эса Аллоҳнинг ҳузуридадир” (Тоғобун сураси, 15-оят)

Мусулмон аҳли оиласини муҳтожликдан сақлашга буюрилган. Уларни омонда сақлаш учун иложи борича курашади. Мана шу нарса унга вожиб. Лекин у бу ишни деб фақир ва мискинларни ҳақидан маҳрум этмаслиги керак. Агар шундай қилса, Аллоҳ таолонинг неъматларига нонкўрлик ҳамда нафсига зулм қилган ҳисобланади. Имом Шаъровий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ризқ Аллоҳ таолодан. Ҳеч бир киши ўз ризқимни муҳофаза этмоқдаман ёки ўзим, оилам ва бола-чақамдан фақирликни кетказяпман, деган баҳона билан закот ҳам,  садақа ҳам бермай қўймасин”.

Манбалар асосида

Юлдуз КОМИЛОВА тайёрлади

Leave a comment