ТАРҒИБОТ ТАДБИРЛАРИДА ОТИНОЙИЛАР ФАОЛ

Тошкент шаҳрида “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар пойтахтимизнинг барча маҳаллаларида давом этмоқда.
Дин ишлари бўйича қўмита ходимаси Нигора Минаварова, Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъул ходимаси, шаҳар тарғибот гуруҳи раҳбари аъзоси Нилуфар Иргашева, Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Зулайҳо Соатова иштирокида Юнусобод туманининг “Ҳасанбой”, “Астробод”, “Аҳмад  Дониш”, “Анорзор”, “Ифтихор”, “Минор”, “Нурмакон”, “Собиробод”, “Бободеҳқон” ва “Ўзбекистон мустақиллиги” маҳаллаларида “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида “Аёл – жамият кўзгуси”, “Оилада фарзанд тарбияси” ва “Либос – инсон зийнати” мавзуларида  тадбирлар ўтказилди.
Шунингдек, Юнусобод тумани бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Шоира Умарова шаҳар ва туман тарғибот гуруҳи раҳбарлари ва аъзолари, туманда фаолият юритувчи отинойилар, маҳалла фаоллари биргаликда маҳалларадаги тадбирларда ўз маърузалари билан фаол иштирок этиб, аёл-қизлар билан мулоқотлар ўтказмоқдалар.
Отинойилар томонидан жаҳолатдан сақланишнинг ягона йўли илму маърифат эканлиги, муқаддас динимизда илм-маърифат улашиш, инсонларга яхшилик улашиш, имкониятлар ва яратилаётган шароитларга шукр келтириш билан яшаш лозимлиги ҳаётий мисоллар орқали тушунтириб берилди.
Тадбирдан сўнг турли масалалар юзасидан муаммоли аёл-қизлар билан якка тартибда суҳбатлар олиб борилди.
Самимий руҳда бўлиб ўтаётган очиқ мулоқотлар сўнгида иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар, саволларига жавоблар олиб, тадбир ташкилотчиларига миннатдорликларини билдирмоқдалар.

Leave a comment