“Бидъат” сўзи луғатда “бир нарсани янгидан пайдо қилиш”, деган маънони англатади.
Уламолар “бидъат”ни ибодатларда ёки одатларда бўлсин, яхши ё ёмон бўлсин, Қуръон ва Суннатда йўқ ва янги пайдо бўлган нарса, деб таърифлайдилар.
Аллоҳ таоло Исломни тўлиқ қилиб бергани бу умматга берилган энг катта неъматдир. Энг сўнгги нозил қилинган, яъни Видолашув ҳажида туширилган оятда бундай марҳамат қилинади: “Бугун динингизни камолига етказдим, неъматимни тамом қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин деб рози бўлдим” (Моида сураси, 3-оят).
Изз ибн Абдуссалом: “Бидъат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида бўлмаган нарсадир”, деган.
Ислом уламолари бидъатни беш қисмга тақсимлаганлар.
- Вожиб бидъат. Яъни уни қилиш вожиб бўлган бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг вожиб турига киради. Зеро, бу илмни ўрганмасдан Қуръон ва суннатни билиб бўлмайди. Демак, Қуръон ва суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади. Бу илмни ўрганиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида бўлмаган. Аммо Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг даврларида наҳв илмини ўрганиш йўлида биринчи қадам қўйилди. Бу борада Абул Асвад Дуалий розияллоҳу анҳу ва бошқа наҳв уламолари бу илм йўлида хизмат қилганлар. Аслида бу илмни ўрганиш вожиб бидъатдир.
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёлғон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилмаган ҳолда ёзилиб туради”, дедилар (Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).
- Ҳаром бидъат. Қадария, жабрия, муржиъа ва хавориж мазҳабларидир. Бундай фирқалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида бўлмаган. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу даврларида хавориж, кейин бошқа фирқалар чиқди. Бу фирқалар нега ҳаром бидъат дейилади? Чунки бу фирқаларнинг қарашлари Исломга ва унинг қоидаларига зиддир.
Имом Термизийнинг “Жомеъ ат-Тирмизий” 2149 ҳадисида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг умматимдан икки синф бор. Икковларининг ҳам Исломдан насибаси йўқ: Муржиъа ва Қадария”, дедилар.
- Мустаҳаб бидъат. Мадрасалар ташкил қилиш ва таровеҳ намозини жорий қилиш. Булар ҳам саодат асрида бўлмаган. Таровеҳ намози Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврида жорий бўлди.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Саҳиҳул Бухорий” китоби 2010 ҳадисида Абдурраҳмон ибн Абдин Қорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Рамазон кечаларининг бирида масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар гуруҳ-гуруҳ билан тарқоқ ҳолларида: кимдир ўзи намоз ўқимоқда, кимдир намоз ўқиса бир неча киши унга иқтидо қилмоқда. Шунда Умар: “Менимча, ана уларни бир қори (орти)га жамласам, яхши бўлади”, деди. “Сўнгра уларни Убай ибн Каъбнинг ортидан жамлади. Кейин, бошқа бир кечада мен яна у билан чиққанимда одамлар қориларга иқтидо қилиб номоз ўқишар эди. “Бу қандоқ ҳам яхши бидъат. Бу вақтда (кечанинг охирида) ухлаб ётганларидан кўра қоим бўлганлари афзал”, деди ҳазрати Умар.
- Макруҳ бидъат. Масжидларни ўта зеб зийнатли қилиб безашдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида масжидларни зийнатлашда ҳаддан ошмасди.
- Мубоҳ бидъат. Намоздан кейин қўл бериб кўришиш ва емоқ, ичмоқ, киймоқда лаззат ва чиройни ихтиёр қилиш кабилар. Чунки бу ишларни қилишда гуноҳ ҳам, савоб ҳам йўқ. Аммо меъёрида бўлган ҳар қандай амал гўзалдир.
Шариатнинг мақсад ва моҳиятини яхши тушунмаган кишилар янги пайдо бўлган барча нарсани, диннинг аслига таъсири бўлмаса-да, бидъат, ҳар бир бидъат залолат, ҳар бир залолат дўзахга элтади, дейишади. Бу – нотўғри.
Имом Ноблусий бундай ёзади: “Бугунги кунда дунё каттадан-катта ўзгаришлар, тараққиётни бошидан кечирмоқда. Инсон ақлини шошириб қўядиган янги ихтиролар дунё юзини кўрмоқда. Хўш, Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Ҳар қандай бидъат залолатдир”, деган ҳадисларида шуларни назарда тутганмилар?! Йўқ, албатта. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам назарда тутган бидъат бу – ақоид, шариат ёки ибодат масалаларида бирор янги нарсани қўшишдир”.
Зулайҳо СОАТОВА,
Тошкент шаҳар бош имом хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси