Бир ҳадис шарҳи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийим

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “ Қуёш чиқадиган ҳар бир кунда инсон ўзининг ҳар бир бўғини учун садақа қилиши лозимдир. Икки кишини орасини ислоҳ қилиш садақадир, уловга минмоқчи бўлган кишига ёрдам бериш, уловга миндириш ёки уловга юкини юклатиб бериш, ширин сўз айтмоқлик ҳам садақадир. Намозга борганда босиладиган ҳар бир қадам ҳам садақадир. Йўлдан азият берадиган нарсани олиб ташлаш ҳам садақадир”. (Имом Бухорий, Имом Муслим ривоятлари).

Ровий Абу Ҳурайра Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобадир. Асл исмлари Абдураҳмон ибн Соҳрин бўлиб, мушукка қилган мурувватлари туфайли Ҳурайра лақабини олганлар.

Ҳадисга берилган шарҳига киришсак, инсон ҳар қуёш чиққан кунда 360 бўғинга садақа чиқариши лозим экан. Аввало, садақани яхши тушуниб олишимиз лозим. Садақа бу фақат муҳтожга бериладиган пул эмас. Унинг турлари жуда кўп эканлигини ҳадислар орқали биламиз. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисларида: “Сизларни таҳлилингиз, такбирингиз, тамҳидингиз садақадир” деганлар. Демак, Ла илаҳа иллаллоҳ, Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳу Акбар демоқлик ҳам садақадир. Бу ҳадисда инсон аъзоларини бир- бирига туташ қилиб турадиган бўғинлар ҳақида сўз кетмоқда. Бўғинлар-Аллоҳ инсонга берган сон-саноқсиз неъматларнинг бири бўлиб, усиз инсон бир уюм гўштдир. У фаолият юритмас экан инсон танаси ўзига ўзи ҳизмат қила олмайди. Шу нарсаларнинг шукри тимсоли бу- садақадир. Демак, икки кишини яраштириш, бировни машинасига чиқариш ёки тушуриш ёки юкларини кўтариб олиб бориш садақадир. Бировга ширин сўз айтиш ҳам садақа экан. Алишер Навоий ҳазратлари Набий алайҳиссаломнинг кўп ҳадисларига рубоийлар ёзган эканлар. Шулардан баъзилари шу ҳадисларга тушса ажаб эмас. Ширин сўзнинг кучи ҳақида бир рубоий бор:

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.  

Рубоийда ким бир ҳафа одамни ёки яхшилик қилиб ёки яхши гап айтиб хурсанд қилса, Каъба қурган савобига тенгдир дейилмоқда. Бизларга Аллоҳ таоло кичик ишлар орқали буюк савобларни ваъда қилган. Бир савобга еттитадан етти юзгача ажрлар бор. Бу ҳадисда инсон бир бирига яхшилик қилишлари илгари сурилади. Яна ҳадиснинг охирида йўлдан озор берадиган нарсаларни олиб ташлаш садақа дейилмоқда. Демак, кўча ҳовли супуриш, ер юзини ахлатлардан тозалаш, Ватанни озода тутиш улуғ садақалардан экан. Набий алайҳиссалом яна бир ҳадисларида: “ Иймоннинг энг каттаси Ла илаҳа иллаллоҳ, кичиги эса йўлдан озор берадиган нарсаларни олиб ташлаш” деганлар. Ҳадислар яна бир қоидага солинади. Шу Набий алайҳиссаломнинг тавсия қилган нарсаларини қилиш савоб, зиддини қилиш гуноҳдир. Масалан: икки кишини уруштириш, бировга ёмон сўз айтиш, инсонларга ёрдам бермаслик, ер юзини тозаламаслик, Аллоҳни зикр қилишдан ғафлатда қолиш гуноҳдир. Барча махлуқотларни Яратувчиси, Холиқи, Роббиси, Аллоҳдир. Аллоҳнинг махлуқотларига инсонми, ҳайвонми, набототми, ерми, яхшилик қилиш Аллоҳга қарзи ҳасана, уч юз олтмиш бўғинга садақадир. Бунга далил ўлароқ  Қуръони карим Мулк сураси иккинчи оятини келтиришимиз мумкин. 

ٱلَّذِي خَلَقَ ٱلۡمَوۡتَ وَٱلۡحَيَوٰةَ لِيَبۡلُوَكُمۡ أَيُّكُمۡ أَحۡسَنُ عَمَلٗاۚ وَهُوَ ٱلۡعَزِيزُ ٱلۡغَفُورُ

У ўлим ва ҳаётни сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканлигингизни синаш учун яратди. У Азиз ва ўта мағфиратлидир.

Набий алайҳиссалом бошқа бир ҳадисларида: “Яхшиликка буюриш садақа, ёмонликдан қайтариш садақа” деганлар. Хулоса шуки, садақанинг турлари жуда кўп бўлиб, уни фақат ихлос билан бажаришимиз керак.

Бектемир тумани бош имом хатибининг

хотин-қизлар масалалари бўйича

ёрдамчиси Султонова Нодира

Leave a comment