МАВЛИД ОЙИНИ ҚАНДАЙ ЎТКАЗАМИЗ?

Расулуллоҳ билан 30 кун[1]

Ҳижрий ойларнинг учинчиси бўлган Рабиул аввал ҳам бугундан (16 сентябрь 2023 йил) бошланди. Бу ойда оламлар сарвари, суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таваллуд топганлар. Шу боис бу ой Аллоҳ таоло инсониятга Ислом динини мукаммал кўринишда нозил қилган сўнгги Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламни юборган муборак санадир.

Башарият тарихида ҳеч бир кишининг ҳаёти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умричалик тўлиқ ўрганилган эмас. Инглиз олими Жон Давенпорт: “Машҳур пайғамбарлар ва фотиҳлар орасида тарихий ҳаёти ҳазрат Муҳаммад тарихидек энг кўп ва ҳамма нуқталаригача батафсил ўрганилган тарихий шахс йўқдир”, деганида чиндан ҳам ҳақ эди.

Аллоҳ ҳабибининг шарафли ва қутлуғ ҳаётларини, Ислом тарихини мукаммал ўқиб-ўзлаштиришимиз шарт. Сабаби, аввало, барча инсонлар у зотнинг хизматлари олдида қарздордир.

Расулуллоҳнинг ҳаётлари ва сийратларини яхши билмасдан Қуръони карим ва бошқа исломий илмларни пухта эгаллаб бўлмайди. Биз шу баракотли зот шарофатидан энг улуғ уммат бўлганимизни асло эсдан чиқармаслигимиз керак. Зотан, биз Расулуллоҳни буюк муҳаббат билан севмагунимизча, у зотни молимиздан, жонимиздан ортиқ кўрмагунимизча комил мўмин бўла олмаймиз. Зеро ҳадиси шарифда:

عن أبي هريرة رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال

: ( فوالذي نفسي بيده لا يؤمن أحدكم حتى أكون أحب إليه من والده وولده

яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам: «Жоним “қўли”да бўлган Зотга қасамки, ҳеч бирингиз токи мен унга отасидан ҳам, боласидан ҳам маҳбуброқ бўламугунимча (ҳақиқий) мўмин бўлмайди», дейилган (Имом Бухорий ривояти).

 Набий алайҳиссаломнинг муборак номлари зикр қилинганида салавот айтишни унутмайлик. Зеро, бу ҳақда ҳадиси шарифларда жиддий эслатмалар бор. Қуръони каримда Расулуллоҳга эргашмагунча, суннатига амал қилмагунича бандасини севмаслигини таъкидлаган. У зотни севиш, суннати саниясига пайравлик қилиш эса ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун илм, амал ва ихлос керак.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз» (Аҳзоб сураси, 56-оят), деб марҳамат қилинган. Шу боис мавлид ойида Расули муҳтарам алайҳиссаломга жуда кўп салавот айтишимиз керак.

Биз у зоти шариф туфайли шодланамиз. Зотан, Юнус сурасининг 58-оятида мўминларга: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан» шодланиш буюрилган. Бу оятни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «“Аллоҳнинг фазли ва раҳмати”дан мақсад пайғамбардир», деб шарҳлаган.

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ мавлидни нишонлаш баракотга сабаб бўлишини, Имом Суютий эса мавлид муносабати билан фаришталар тўпланишини, Аллоҳнинг фазли ва баракоти ёғилишини таъкидлаган.

Мавлидни биринчи бўлиб Пайғамбар алайҳиссалом нишонлаганлар. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Аллоҳ Ҳабибидан: «Нега душанба куни нафл рўза тутасиз?»деб сўралганида у зот: «Мен шу кунда туғилганман», деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Муслим ривояти). Расулуллоҳ душанба куни туғилганлари ва пайғамбарликка мушарраф бўлганлари шукронаси учун рўза тутганлар.

Уламолар мавлиди шариф ҳақида қатор мулоҳазалар билдиришган. Қуръони каримда:

وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ

 «(Эй Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз» (Анбиё сураси, 107-оят) дея марҳамат қилинган. Биз ҳам мавлид баҳона у зоти олийнинг насаби, туғилиши ва ҳаёти тарихидан хабардор бўламиз, сифатларини мақтаймиз, оламлар сарварига дуруду салавотлар йўллаймиз.

Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида Ҳассон ибн Собит, Каъб ибн Молик ва Абдуллоҳ ибн Равоҳа каби шоирлар Исломни ҳимоя қилиб, у зотни мақтаб шеърлар битарди. Бу ҳам мавлиднинг бир кўриниши, десак хато бўлмас.

Ҳар ким севгани билан бирга бўлиши ҳақида ҳадиси шариф бор. Расулуллоҳни севсак, яхши кўрсак, ҳар кору ҳолда жанобимизга издошлик қилсак, иншоаллоҳ, охиратда ҳам у зоти шариф билан бирга бўламиз.

“Ушбу ойни қандай ўтказишимиз керак?” деган табиий савол туғилиши мумкин.

Бу ойда кўпроқ Набиййи муҳтарам соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш, у зотнинг ҳаётларини тўлиқ ўрганиш, сийратлариин билиш, суннатларини иҳё қилиш – одамлар ўртасида саломни кенг ёйиш, бева-бечора, етим-есирлар ҳолидан хабар олиш, ўқув-шартнома пулини тўлай олмаётган талабаларга кўмаклашиш, Қуръони каримни хатм қилиб, Набий алайҳиссаломнинг руҳи покларига бағишлаш ва ҳоказо… яна кўплаб хайрли ишларни қилиш мумкин.

Биз ўзимизнинг, фарзандларимиз ва қариндош-уруғларимизнинг, яъни оддий бир бандаларнинг туғилган кунларини дабдаба билан нишонлаймиз. Ҳатто энди бир ёшга кирган гўдакнинг туғилган кунини, ўзи буни тушунмаса-да, баъзан хўжакўрсинга катта байрам шаклида ўтказамиз.

Шундай экан, Аллоҳ суйган бандаларнинг энг комили, одамларни ҳидоят йўлига бошлаш учун юборган расули (элчиси) Муҳаммад пайғамбарнинг мавлудларини билмаслик аянчли ҳол.

Бундан бир неча аср муқаддам яшаб ўтган ҳазрати Пайғамбаримизнинг ҳаётлари шу кунга қадар умматлари – аҳли муслим учун ҳақиқий ибрат намунаси бўлиб келмоқда. Зуваласи ҳалоллик ва одиллик, ростгўйлик ва раҳмдиллик туйғулари ила қорилган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлиги, фақат У Зотга сиғиниб, У Зотан мадад сўраш лозимлигини уқтирдилар.

Етимликда ўсган, аввал чўпонлик, сўнгра савдо ишлари билан шуғулланиб юрган йигит Аллоҳнинг инояти билан буюк пайғамбар бўлдилар. Аммо шундан кейин ҳам Пайғамбаримиз камтарона феъл-атвор, фақирона турмуш тарзини ўзгартмадилар. Ўткир ақл, тафаккур билан одамларни ҳақ йўлига бошласалар, ҳаёт тарзи орқали қандай яшаш кераклигини амалда кўрсатиб кетдилар. Шу боисдан Пайғамбаримизнинг муборак сўзларию амаллари, ҳадислари замонлар, маконлар асрлар оша башариятни ҳайратга солиб келмоқда.

Машҳур олмон шоири Волфганг Гёте: “Мен дунё тарихини ўрганиб бир хулосага келдим: дунё подшоҳлари тўплаган жамики салтанату сарват-бойликлар, шоҳона қасрлару муҳташам саройлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ямоқ яктакларига арзимас экан”, деган хулоса келганининг ўзи ҳам Пайғамбаримизнинг мартабалари нақадар улуғ эканини кўрсатади.

Аллоҳ таоло Рабиул аввал ойини сермазмун ўтказиб, бу ойда Набий алайҳиссаломга кўпдан-кўп салавотлар айтишни, у зотнинг оламшумул суннатларини иҳё қилишни барчамизга насиб этсин!

Абдуқаҳҳор домда ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби


[1] Рабиул аввал ойи бошланиши муносабати билан оламларга раҳмат қилиб жўнатилган Пайғамбаримизнинг ҳаётларини, сийратларини ўрганиш мақсадида ҳар куни “Расулулоҳ билан 30 кун” рукнида туркум мақолалар бериб боришни ният қилдик. Бизни кузатишда давом этинг.

Leave a comment