Долзарб мавзу
Фарзанд инсон ҳаётининг мазмуни, наслни давом эттирувчи ва оиланинг мустаҳкам занжиридир. Фарзандлар “жаннат райҳонлари”, деб таърифланиши бежиз эмас. Фарзанднинг яхши, одобли, меҳнатсевар, илмли, соғлом бўлиб ўсиши кўп жиҳатдан онага боғлиқ. Шунинг учун динимизда бўлғуси келинни танлашда онасига алоҳида эьтибор қаратилади.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фарзандларингизга муносиб онани танланглар”, деганлар. Бўлажак келин соғлом, гўзал тарбияли, илмли, одобли, ор-номусли, садоқатли асосийси, шу фазилатларга эга онанинг қизи бўлиши барака омилидир. Халқимизда бир мақол бор: “Милкини кўриб бўзини ол, онасини кўриб кизини ол”.
Донишмандлар бола тарбиясига у ҳали ҳомила эканидаёқ киришишни маслаҳат беришади. Бунинг учун бўлажак она ҳалол, пок бўлиши, у ҳамиша тоза, покиза, юриши дуо ва зикрни мунтазам айтиши зарур. Булар туғилажак фарзанднинг келгусида тарбияли, одобли, эътиқодли, ҳалол, чин инсон бўлиб камолга етишида катта фойда беради.
Ҳомиладорлик даврида кўп асабийлашган, ёлғон гапирган аёлларнинг фарзандлари инжиқ, серзарда, йиғлоқи бўлиши, улғайганда эса уларда ёмон одатларнинг шаклланиши тажрибада кузатилган.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар” (Аҳзоб сураси, 33- оят). Аёлнинг уйи – оила давраси. Аёл учун оиланинг чароғбони, рўзғорнинг ишбошиси бўлишдан кўра фазилатли, савобли иш йўқ.
Онанинг фарзанд олдидаги бурчлари қуйидагилар: болаларни улғайтириш, уларга меҳрибонлик қилиш; ёшлигидан илм-маьрифатга ўргатиш, шахс бўлиб шаклланиишида, ҳаётда ўз ўрнини топишида, эл-юрт ичида иззат-ҳурматга эга бўлишига ёрдам бериш, юксак ахлоқ-одоб эгаси бўлиши учун тўғри йўл кўрсатиш.
Айрим оилаларда фарзанд тарбиясини ота онага юкласа, она отага ағдаради. Бу нотўғри. Чунки халқимизда “Бир болага етти маҳалла ота-она”, деган мақола бежиз айтилмаган.
Демак, фарзанд тарбиясига оилада ота ва она, акалар, опалар, кўчада қўшнилар, мактабда ўқитувчи ва мураббийлар масъул.
Мастура АЛИЕВА,
Чилонзор тумани отинойиси