НАЖОТ НИМАДА?

Мулоҳаза

Бугун одамлар муаммолар гирдобига шўнғиб кетаётгандек, назаримда. Бунинг оқибатида ҳамма – ёшлар, кексалар, бойлар, фақирлар, тижоратчилар, саноатчилар, олимлар, донолар, нодонлар – ҳаловатсиз. Худди ҳузур-ҳаловат нодир тош-у, гўё у ер юзидан олиб қўйилгандек.

Алҳамдулиллаҳ, юртимизда тўкин-сочинлик, ҳар ким насибасига яраша ризқини териб еб юрибди. Лекин, шунга қарамай, шукр қилувчилар камайиб боряпти. Тинмай нолийдаган инсонлар зиёфату саёҳатлардан ортишмайди.

Гоҳида атрофга қараб, ақлинг лол қолади. Ҳатто Қайсару Кисронинг саройларини ортда қолдираётган биноларга кўзинг тушади. Бироқ уларда яшаётган инсонлар ҳамхотиржам эмас. Бири ҳасад қилиб, турли балоларга сабабчи бўлмоқда. Барчанинг кўзи бошқанинг мол-мулкига тикилган. Ўзганинг саодатли ҳаёти асло чидаб бўлмас бир аламдек, гўё. Кўп мол-мулкка эга бўлаётганлар ўзларидан бироз ошиқроқ топаётган кишига ғаюрлик қилмоқда. Бу эса уларнинг ҳаловатини ўғирлаб, ўзларини ғазабнок ҳолга келтирмоқда. Ўз ҳолидан, берилган ризқидан рози бўлиб, шукр қилаётган инсонлар камайиб боряпти.

Бир инсон хоҳлаган нарсасига эришиб, биргинасидан мосуво бўлса, ўзини бадбахт ҳис қилмоқда. Чунки барчада ҳеч тўймайдиган кўз бор.

Бу балои азимга замоннинг донишмандлари ҳам чора топа олмаяптилар. Ҳар ким бир-бирига душман. Яхшилик қилмоқчи бўлган, фазилат соҳибларига эса аҳмоқдек қаралмоқда.

Гоҳида атрофга боқиб, Яратганга нидо қиламан: “Ё Раббим, кўнгиллар, қарашлар қанчалар ўзгариб кетди-я?! Ҳеч бир банданг ботиб бораётган ботқоқдан чиқиш истаги, нияти йўқ”.

Бу ҳолат замоннинг вабоси, руҳий тушкунликларни келтириб чиқараётган касалликка ўхшайди. Яшириб нима қилдик, жамиятдаги муаммолар, ҳаётимиздаги камчиликлар ҳар қадамда яққол кўзга ташланмоқда. Дунёга иймон-эътиқод сабоғини, диннинг асосини ўргатган миллат фарзандлари жаҳолатнинг биринчи қурбонлари бўлмоқдалар.

“Оммавий маданият” аталмиш балога тўсқинлик қиладиган даражада иммунитет вазифасини ўтайдиган маънавий озуқаси йўқ ҳеч бир кимсанинг. Шу сабаб кўчада чиқишинг билан кўзинг, муслималик шарафини ерга урадиган даражадаги либосларга бурканган қизлар, уларга суқланиб қарётган “мўмин”ларга тушади. Бунинг ортидан келиб чиқаётган фалокатларнинг кети кўринмайди: бировнинг номуси топталган, биров никоҳсиз туғилган боласини сотмоқчи, бошқаси ахлат уюмига отган…

Бу ҳолатларни келтириб чиқараётган сабаблардан бири ҳам аслида биз юқорида тилга олган ҳаловатсизликдир.

Чунки айнан ўша ҳаловатсизлик барчани оилавий меҳр-муҳаббатдан маҳрум этмоқда. Ота-оналар болалари билан уларнинг эҳтиёжларига кўра – мукаммал тарбия бера оладиган даражада шуғуллана олмаяптилар. Уларнинг аксарияти болаларнинг вужудини камол топтираяптилар-у, руҳларини унутмоқдалар. Урфга кўра кийим, энг лаззатли неъматлар, сўнгги русумли телефон, энг юқори технологияга эга компьютер…

Аксарият фарзандларимиз бу неъматларга эга. Ҳатто уларнинг неъмат эканини ҳам унутиб, янги эҳтиёжлар сари “олға” юрмоқдалар. Фақат, Аллоҳнинг зоти, сифатлари, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратлари, диннинг беш асосий устуни каби “ноёб” билимлардан бехабарлар…

Ҳар янги авлод вакили ана шулардан оз-оздан унута-унута шу ҳолга тушди. Ҳақни танимагани оқибатида яшаш моҳияти “ким ўзар”ни эмас, Аллоҳ розилигини қозониш, имтиҳондан ўта билиш эканини эсдан чиқардилар.

Очиғи, бугун бир ишга киришишдан аввал: “Бу ҳаракатимизга одамлар нима дейди?”, “Бу ишим (аслида иш тўғри бўлса-да) бошлиғимга маъқул келармикин?”, “Айтаётган ҳақ гапим бировнинг қитиқ патига тегиб, душман орттирмасмиканман?” каби асоссиз саволлар билан банд бўлиб, қанчадан-қанча хайрли ишларни ортга сурамиз, бошимизга ортиқча оғриқларни йиға-йиға охир-оқибат халоват кўчасига олиб бориладиган йўлни унутамиз.

Аслида мўмин одам биргина савол: “Бу ишим, амалим, сўзим Жаноби Ҳаққа маъқулми, унинг чегараларига дахл қилмаяптими?”га алмаштира олса, барча муаммоларнинг ечимини топишда, иккиланиб, турли боши берк кўчаларга кириб қолмайди. Хотиржам яшаб, охиратда ҳам нажот топади, иншоаллоҳ!

Шундай экан, болаларимизнинг танасини эмас, руҳини озуқлантирайлик! Уларнинг қалбини “кўнгил мулки” деган фаровон бир боққа айлантирайликки, нафснинг “дод-фарёд”лари у ерга етиб бора олмасин! Шундагина биз йўқотиб қўйган ҳаловат ва хотиржамликни келажак авлод “топар”?!

Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Leave a comment