ХАЛҚЛАР ДЎСТЛИГИНИ МУСТАҲКАМЛАШДА ХАЛҚ ДИПЛОМАТИЯСИНИНГ ЎРНИ

Дўстга садоқат, бирдамлик каби эзгу туйғулар халқимиз орасида қадрият даражасига кўтарилган. Мамлакатимизда ҳар йили 30 июль – Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланади.
Ана шу сана арафасида бугун пойтахтимиздаги “Интерконтинентал” меҳмонхонасида “Халқлар дўстлигини мустаҳкамлашда халқ дипломатиясининг ўрни” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, қатор халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов иштирок этди.
Илмий анжуман иштирокчилари ўз маърузаларида қадимдан ота-боболаримизнинг ўгитларида, мақол ва ҳикояларда дўстлик туйғуси улуғланган, бундай дунёқараш асрлар давомида қон-қонимизга сингиб кетганини, муқаддас Ислом дини таълимотида ҳам дўстлик ва қардошлик юксак тараннум этилганини таъкидлашди.
– Ислом дини дўстликни, халқлар ўртасдаги биродарликни юксак қадрлайди, – дейди Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов. – Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик”, деб марҳамат қилган (Ҳужурот сураси, 13-оят). Ҳадиси шарифда эса: “Исломдан кейинги энг яхши неъмат яхши дўстдир. Агар бирортангиз биродаридан дўстликни сезса, уни махкам тутсин”, дейилган. Бугунги халқаро анжуман ана шу жиҳатлари билан манфаатли бўлди.
Ўзбекистон – кўпмиллатли, кўпконфессияли мамлакат. Шу азиз юртда яшаётган ҳар бир киши диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, тинчлик-осойишталикни таъминлашга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Leave a comment