Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда зикр этилган мевалар
Муқаддас Китобимиз Қуръони каримда турли неъматларнинг номларини ўқиймиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда бу неъматларнинг соғлиқ учун фойдалари маълум қилинган.
«Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан қуйидаги неъматларимизга бир) боқсин: Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар унсин, деб) ёрдик. Сўнгра биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, меваю гиёҳларни ҳам. (Буларни) сизларнинг ва чорв ҳайвонларингизнинг истеъмоли учун (яратдик)» (Абаса сураси, 24–32-оятлар).
Сурада зикр этилган узум, хурмо, зайтун меваларига тўхталамиз. Ояти каримда зикр этилган хурмо, узум ва зайтуннинг фойдали жиҳатлари ҳадисларда тушунтирилган.
ХУРМО
Қуръони каримда 8 ўринда ёлғиз ва 12 ўринда бошқа мевалар қаторида (узум, анор ва ҳ.з.) зикр қилинган. Маълумотларга кўра, инсоният қадимдан хурмо дарахтидан фойдаланади. Бундан 6000-8000 йиллар аввал хурмо дарахти Месопатамияда хонакилаштирилган. Унинг поясини қурилиш ашёси, барглари гилам, елпиғичлар ясашда ишлатишган. Қадимги араб қабилалари уруш пайти душман томоннинг хурмо боғларини кесиб ташлашга ҳаракат қилишган. Демак, хурмо дарахти араблар учун энг жуда муҳим бўлган. Бану Назр қабиласи билан бўлиб ўтган жангда мусулмонлар ҳаракатланиш осон бўлиши учун хурмо дарахтларини юлиб ташлашга мажбур бўлишган. Олимларнинг аниқлашича, хурмо кўплаб касалликларга шифо экан. Хусусан, у юракнинг бир
маромда ишлашини таъминлайди, хотирани ўткирлаштиради, астма касаллигига даво, кўз касалликларига шифо. Хурмонинг ҳомиладор аёлларга фойдаси кўп.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам хурмони севиб истеъмол қилганлар. Хурмо ошқозоности безида инсулиннинг бир маромда ажралишини таъминлашга ёрдам беради ва шу тариқа қондаги қанд миқдорининг ошиб ё тушиб кетмаслигига ҳисса қўшади. Шунингдек, юкли аёлларда дард келишини енгиллаштиради.
Марям сурасида: «Бас, тўлғоқ дарди уни бир хурмо дарахти тубига олиб борди ва у деди: “Қани эди, мана шундан (туғишдан) олдин ўлиб, бутунлай унутилиб кетсам”. Шунда (хурмо дарахтининг) остидан (Жаброил) нидо қилди: “Ғамгин бўлма, Рабибнг (оёқ) остингдан бир ариқ оқизиб қўйди”. “(Мана шу қуриб қолган) хурмо шохини силкитгин, токи у (Менинг қудратим билан) сенга янги хурмо меваларини тўксин!” Бас, еб-ичгин ва шод бўлгин!..” (Марям сураси, 23–26-оятлар).
Хурмо кам калорияли мева ҳисобланади. Бироқ 50 фоизи глюкозадан иборат. Шу боис жуда тўйимли. Саҳрода яшовчи араблар учун хурмо – нондек азиз. Хурмода юракка фойдали минерал ва тузлар бор. Хусусан, организмдаги кислота меъёрини сақлашда, иммунитетни оширишда ҳамда камқонликнинг олдини олишда зарур мис, темир, магний, рух, марганец, калий, натрий каби қатор моддаларга бой. Қанд касалига йўлиққан беморларга фойда берадиган, қонда глюкоза миқдорини яхшилайдиган, углеводлар ҳазмига кўмакчи аминокислота моддалари, Б, А, С, В5, В3 витаминлари мавжуд. Бу моддалар бошқа ҳеч бир мевада йўқ.
Шунингдек, хурмодаги селен моддаси саратон касаллиги хавфини камайтиради, тўқима ва аъзоларда моддалар алмашувининг бузилишига, юрак қон-томир касалликларига, қон босимининг ошишига, тез толиқишга қарши самарали таъсир кўрсатади. Шу сабабли, Рамазон ойида хурмони мунтазам истеъмол қилиш тавсия этилади.
«Ерда бир-бирига ёнма-ён, бўлак-бўлак (унумдор ва унумсиз) ерлар, узумзор боғлар, экинзорлар ва шохлаган ва шохламаган хурмолар бўлиб, (ҳаммаси) бир сув билан суғорилур…» (Раъд сураси, 4-оят).
Хурмо таркибидаги фруктозанинг юксак миқдори инсон танасида қувват бағишлайди ва унинг зийраклигини оширади. Ҳомиладор аёлларни дард тутган вақтда ширинлик ва қувват бўлувчи таомлар ейиш тавсия этилишининг сабаби ҳам шу. Туғиш вақтида қувватини йўқотиб, заифлашиб қолган аёллар яна кучга тўлиши учун хурмо ейиши керак. Айниқса, эмизикли даврида сут гормонларини фаоллаштириб, она сутининг ортишига фойда беради. Тўқималарга жуда бой бўлгани боис ичакларнинг фаолиятини тартибга солади ва қабзиятга қарши ажойиб дори вазифасини ўтайди. Айни пайтда юксак тўқима ҳисобига холестрин кўпайишининг олдини олади. Шунингдек, ичак саратонини бартараф этади. Буюк Роббимиз Биби Марямнинг тўлғоғи яқинлашганда унга: “Хурмо е!” деб амр этиши мўъжизадир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам хурмо билан чақалоқларнинг танглайини кўтарганларини Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилганлар.
Олимлар Қуръони каримда кўп зикр этилган хурмо меваси саломатлик учун фойдали эканини аллақачон исботлашди. Қуйида ушбу жаннат мевасининг инсон организмига фойдали жиҳатларини санаб ўтамиз:
1. Хурмо юрак, жигар ва буйракни қувватлантиради.
2. Организмда кислота меъёрини тутиб туради.
3. Қонга озуқа бағишлайди. Анемия ва гипертонияда жуда фойдали.
4. Иммунитетни оширади.
5. Ичакдаги фойдали микрофлораларнинг сақланишини таъминлайди.
6. Ўпка фаолиятини яхшилайди.
7. Йўтални тўхтатади. Танадаги ортиқча намликни кетказади.
8. Юрак фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.
9. Тонусни яхшиловчи ва қувватлантирувчи восита сифатида хизмат қилади.
10. Сурункали хасталик билан оғриганларга қўшимча қувват бағишлайди.
11. Жисмоний ҳорғинлик ва чарчоқда ёрдам беради.
12. Хурмони қандли диабетга чалинганлар ҳам истеъмол қилса бўлади.
13. Саратон хавфини камайтиради.
14. Юз асаб толалалари заифлашувига қарши курашади.
15. Ҳомиладорлар учун жуда фойдали. Туғишни енгиллаштиради. Сутни кўпайтиради.
16. Бир дона хурмо, тахминан, 23 калорияга эга.
17. Озишни истаганлар ширинлик ўрнига истеъмол қилишлари мумкин.
18. Мия фаолиятини мукаммал даражада яхшилайди.
19. Инсон узоқ вақт озуқа сифатида фақат хурмонинг ўзинигина истеъмол қилиши мумкин. У танага керакли барча озуқавий моддаларни ўзида мужассам этган.
Рамазон дастурхонини қуритилган хурмосиз тасаввур қилиб бўлмайди. Юртимизда ушбу мевани ёшу қари бирдек севиб истеъмол қилади. У мазали бўлиши билан бирга, инсон организми учун жуда фойдалидир.
Қуритилган хурмо фойдалилиги жиҳатидан биринчи рақамли мева саналади. У юрак хуружи, қон босимининг ортиши (гипертония) ва танада ортиқча холестериннинг вужудга келишига қарши самарали воситадир. Айниқса, бу мева юрак фаолиятига ижобий таъсир этади. Юрак билан боғлиқ хасталикларда хурмонинг бир неча донасини кечки пайт ҳамда кундузи оч қоринга сув билан истеъмол қилиш тавсия этилади.
Калийга бой маҳсулот бўлгани боис, хурмо инсульт хавфини камайтиради. Шу билан бирга, у асаб тизими фаолиятига ҳам ижобий таъсир этади. Шу боис кун давомида оз бўлса-да, хурмо еб юриш кони фойда.
Қуритилган хурмо меваси таркибида магний ва калий мавжудлиги сабабли юқори қон босими бор беморларга ижобий таъсир этади. Шунингдек, у ичаклар микрофлорасини яхшилаши боис, диарея (ич кетиши)да самарали таъсир кўрсатади.
Ортиқча вазнли инсонлар ҳам бу мевани эрталаб оч қоринга тановул қилса, фойдасини тезда сезади.
Араб хурмоси – кўп дардга даво Бу мевадан кунига 3 4 дона ейиш танангизни яшартиради. У ер юзидаги энг шифобахш мевалардан бири ҳисобланади. Овқат ҳазм қилишни яхшилайди, қон айланишини яхшилайди.
Араб хурмоси иштаҳани сусайтиради. Шакар ўрнини босади, озишда ёрдам беради. У темирга бой, 100 граммида одам организмидаги темирнинг бир суткалик меъёрининг 11 фоизи бор. У камқонликда ҳам катта фойда беради. Унда калий кўп. Хурмо инсульт хавфини 40 фоизга камайтиради. Хурмода фосфор, кальций кўп. Бу эса мия ва ичаклар фаолияти учун жуда фойдали.
Тунги уйқу олдидан бир пиёла қайнаган сув билан 2-3 дона хурмо ейилади. Жинсий ожизликда хурмо эчки сути билан бирга ейилса, шифо бўлади. У юқори қон босимини туширади. Беш-олти дона хурмода 80 гр. магний бор ва бу қон томирларини кенгайтиради. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, 370 мг. магний инсон учун кунлик меъёр ҳисобланади. Бу миқдор қон босимини бир меъёрда ушлаб туради.
ОЛЛОҲ ЗИКР ҚИЛГАН ШИФОБАХШ НЕЪМАТЛАР китобидан
