ЗИЁРАТЧИЛАРЛАР ШАРОИТЛАРДАН МАМНУН

Ҳар бир мўмин-мусулмон, мўмина-муслима борки, Аллоҳнинг байтини умрида бир бор бўлса-да, тавоф қилишни, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак Равзаи шарифларини зиёрат этишни орзу қилади. Чунки бу муқаддас заминларда Қуръони карим оятлари нозил бўлган, ислом тарихига оид кўплаб воқеа-ҳодисалар кузатилган.
Шу билан бирга, Каъбатуллоҳда ибодат қилишнинг, Пайғамбаримизнинг масжидларида намоз ўқишнинг савоби кўп: Масжидул Ҳаромда юз минг ракат намознинг, Масжиди Набавийда эса минг ракат намознинг савоби берилади. Бундай улкан имкониятга эришиш учун барчанинг талпишини табиий ҳол.
Ҳақиқат қиёсда билинади. Авваллари ҳаж квотаси 5200 тани ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу рақам 7200 тани, 2022 йилда эса 12000 тага етди. Жорий йилда Ўзбекистон фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 15000 та этиб белгиланди. Бу мисли кўрилмаган улкан неъматдир.
Бир умр Каъбаи муаззама, Равзаи шарифни соғиниб яшаб ўтиб кетган аждодларимизнинг орзулари бу йил 15 минг ҳожилар тимсолида рўёбга чиқмоқда. Бундай буюк шарафга ва бахтга ноил бўлиб турган юртдошларимиз одамнинг ҳавасини келтирадиган шароитларда ҳаж сафарини адо этиш учун айни кунларда Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррама шаҳарларида бўлиб туришибди.
Аввалги номи Ясриб бўлган бу шаҳар Пайғамбаримизнинг ташрифлари билан нурли ва мунаввар шаҳарга айланди. Масжиди набавийга кирган одам бу муаззам маскандан чиққиси келмайди: тўйиб-тўйиб ибодат қилишни хоҳлайди. Пайғамбаримизнинг бу масжидларида намоз ўқиётган, дуолар, зикрлар қилаётган ҳожиларимиз намозлар асносида худди ўзларини Расулуллоҳнинг ортида тургандек тасаввур қилишади. Айниқса, Равзаи шарифга кирган киши ўзини жаннатда ҳис этади. Чунончи, Набий алайҳиссалом муборак ҳадисларида: “Уйим ва минбарим ўртасида жаннат боғларидан бир боғ бор”, деганлар. Дарҳақиқат, шундай.
Тошкентлик ҳожиларимиз ибодатларини хотиржам бажаришлари учун Мадинаи мунавварада барча қулайликларга эга беш юлдузли “Замзам Пуллман”, Макка шаҳрида «Рошидия» меҳмонхоналари ўзбекистонликлар хизматида. Ушбу тураржой мажмуаларининг Масжиди Набавийнинг шундоққина ёнгинасида жойлашгани юртдошларимизнинг намоз ва зиёратларни кўпроқ адо этишига имкон беряпти.
Масжиди Набавий ҳовлисида туриб бу гўзал манзарани кузатишнинг завқи бўлакча: эгниларига Ўзбекистон байроғи рамзи туширилган нимчаларни кийиб олганча ибодатларга шошаётган ҳожи ота, ҳожи оналаримиз юз-кўзларидаги қувонч уларнинг нақадар бахтиёр эканларидан нишона.
Айниқса, намозлардан сўнг жаннатмонанд юртимиз тинч-осуда, халқимиз турмуши бундан-да фаровон бўлишини, бу хайрли ишларга бош-қош бўлаётган раҳбарлраимизнинг тани жони соғ бўлишини Яратгандан чин дилдан сўраб илтижо қилаётган юртдошларимизнинг дуолари албатта ижобат бўлади, иншоаллоҳ.
Юртдошларимиз дастлабки уч кун давомида Пайғамбар алайҳиссалом равзаларини зиёрат қилиб, Уҳуд тоғи, ислом оламида биринчи қурилган масжид — “Қубо”да бўляптилар. Асосий вақтларини Масжиди Набавийида тоат-ибодат билан ўтказмоқдалар. Бу муаззам масжид ҳар бир ҳожини ўз оғушига чорлайди.

Қаҳрамонлар зиёрати
Мунаввар шаҳарга келган киши борки, Уҳуд тоғига боришга интилади. Чунки бу маконни Пайғамбаримиз яхши кўрганлар. Бир муборак ҳадисда: “Бу Уҳуд тоғидир. У бизни яхши кўради ва биз ҳам уни яхши кўрамиз”, дейилган.
Уҳуд тоғи Мадинанинг шимолий тарафида жойлашган. Унинг узунлиги 7 километр, кенглиги 2–3 километр, баландлиги эса 350 метрга яқин. Тоғ Мадинаи Мунавварадан тахминан 4-5 километр узоқликда.
Ушбу тоғ ва унинг атрофида кўплаб тарихий воқеалар бўлиб ўтган. Ана шулардан бири Уҳуд жангидирдир. Бу ғазот Бадр ғазотидан кейин, ҳижрий 3-йилда, мусулмонлар билан Қурайш қабиласи ўртасида бўлиб ўтган. Ушбу жангда минг нафар мусулмонлар уч минг сонли Қурайш қўшинига қарши курашган.
Бу тоққа зиёратга келган кишининг ватанпарварлиги янада ошади. Чунки Уҳуд қаҳрамонлари ўз ватанлари Мадинаи мунавварини қандай ҳимоя қилгани, шу билан бирга, раҳбар, яъни Расулуллоҳни қандай ҳимоя қилганиин Саъд ибн Абу Ваққос мисолида билиб оламиз. Бу улуғ саҳоба Набий алайҳиссаломни ҳимоя қиламан деб мазкур жангда етмишдан ортиқ жойидан яраланган.

Раҳмоннинг меҳмонларига хизмат қилиш — шараф
Ҳаж қилувчи киши Аллоҳ таолонинг меҳмонидир. Ҳаж амалини бажараётган кишига кўмак берган, унинг оғирини енгил қилган инсон улуғ савобларга ноил бўлиши ҳақида кўплаб далиллар бор. Шу маънода, “Ҳаж — 2023” ташкилотчилари ва ишчи гуруҳ аъзолари ана шундай улуғ даражаларни мақсад қилиб, Раҳмоннинг меҳмонларига Ўзи рози бўладиган даражада сидқидилдан хизмат этяптилар. Хусусан, “Ҳаж — 2023” делегацияси, ишчи гуруҳлар, элликбошилар доимо ҳожиларнинг ёнида, шифокорлар соғлиқларидан хабардор бўлиб туришибди. Ошпазлар эса ибодатга қувват бўладиган тансиқ миллий таомлардан тайёрлаб беряптилар.
Уламоларимиз, аҳли илмларимиз ва элликбошилар зиёратчилар билан доимий суҳбатлар ўтказиб, ибодатларини чиройли адо этишларига яқиндан кўмакчи бўлдилар.Ҳожиларга сифатли транспорт хизматлари кўрсатиш, уларни белгиланган манзилга кечиктирмасдан етказиб қўйиш мақсадида автобуслар ҳам жалб этилди. Бизнинг бош мақсадимиз зиёратчиларнинг ҳар бир қадамини осонлаштириб, кўп вақтини ибодатга сарфлаш эди ва бунга Аллоҳ муваффақ қилди.
Аллоҳ таоло ҳожиларимизнинг ҳажларини мабрур қилсин.

Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Leave a comment