ХОТИРА – МУҚАДДАС, ҚАДР – АБАДИЙ

9 май – Хотира ва қадрлаш куни

Дунёдан ўтган аждодларимизни эслаш ва хотирлаш инсониятга хос азалий анъаналардан. Мазкур анъаналарнинг маънавий ва диний жиҳатлари бисёр. Ихлосманд халқимиз ўзининг бой маданияти, ажойиб урф-одатлари, миллий ва диний қадриятларига ҳамоҳанг бўлган маросимлари, анъаналарига эга. Жумладан, ўтган аждодларимизни эслаш, уларнинг эзгу ишларини хотирлаш – улуғ фазилат.

Ҳар доим ўтмишга назар ташлаб, ундан тегишли хулосалар чиқариш ва шунга мувофиқ иш тутиш хайрлидир. Қуръони каримнинг қарийб учдан бир қисми аввалги ўтган пайғамбарлар ва умматларнинг ҳаётларини баён қилувчи оятлардан иборат. Бу – жамият келажагини бунёд қилишда тарихнинг муҳим аҳамият касб этишига далилдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: (Эй, мўминлар!) Дарҳақиқат, Биз сизларга (ушбу) баён этувчи оятларни, сизлардан илгари ўтганлар тўғрисидаги мисолларни ва тақводорлар учун насиҳатни нозил қилдик” (Нур сураси, 34-оят).

 Бу фоний дунёдан ўтган инсондан унинг ўчмас хотираси, эзгу ишлари қолади. Шундай экан, марҳумларнинг ҳаётлик даврида қилган яхши амалларини эслаш, тирикларни эса қадрлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”, деб марҳамат қилганлар. Қолаверса, аждодларимизнинг эзгу ишлари ўсиб-улғайиб келаётган ёш авлодни она-Ватанимиз, халқимизга садоқат, фидойилик ва ҳурмат руҳида тарбиялашга катта хизмат қилади.

Дунёдан ўтган марҳум ва марҳумаларимизни эслаб-хотирлашимиз ва уларнинг руҳларини шод этиш учун ҳақларига дуои хайрлар қилиб туришимиз лозимлиги Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда баён қилинган. Аллоҳ таоло муқаддас Каломида Иброҳим алайҳиссаломнинг дуоларини қуйидагича баён этади: “Эй, Раббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!” (Иброҳим мсураси, 41-оят).

Оятда мусулмонлар учун бу дунёдан ўтиб кетган ота-онаси, олдинги яшаб ўтган аждодлари ҳамда мўминларни яхшилик билан эслаш ва уларнинг ҳақларига дуо қилишга далолат бордир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссаломб ундай дейдилар: “Агар бир инсон вафот қилса унинг амали тўхтайди. Фақатгина учта нарсадан унга фойда етиб туради: (қолдириб кетган) садақаи жория ёки фойдали илм ёки ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзандларидан”.

Бизнинг қилаётган барча амалларимиз, марҳумлар ҳақдаги гапларимиз ва дуоларимиз доимо уларга кўрсатилиб турилади. Бу ҳақда Қуръони каримда қуйидагича марҳамат қилинади: «Айтинг: “Ишлангиз! Албатта, Аллоҳ, Расули ва мўминлар ишларингизни кўражаклар. Шунингдек, албатта, ғойиб ва ошкора (ишлар)ни билувчи (зот) ҳузурига қайтарилурсиз. Бас, (ўшанда) сизларга қилган ишларингиз хабарини берур”» (Тавба сураси, 105-оят).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: “Албатта, амалларингиз (вафот қилиб кетган) яқин кишиларингиз ва қариндошларнигизга қабрларида кўрсатилади. Агар (амалларингиз) яхши бўлса, улар бундан шодланадилар …”

Тарихда яшаб ўтган аждодларимизни ва уларнинг ҳақларига дуолар қилиш билан бирга тез-тез уларнинг қабрларини зиёрат қилиб туриш ҳам манфаатли ва яхши амаллардандир. Бу хусусда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳисслаом: “Қабрларни зиёрат қилиб туринглар, чунки, у ўлимни (охиратни) эслатади”, деганлар.

Қабристонларни зиёрат қилиб туришдан асосий мақсад ҳам ўтганларни хотирлаб, ҳақларига дуо қилиш, ўлим ва охиратни эслаш, ибрат кўзини равшанлаштириш, қабристондаги тозалик ва озодалик ишларига ҳисса қўшиш каби эзгу ниятлар билан уйғунлашган бўлиши лозим.

Бу йил ғалабанинг 78 йиллигини кенг нишонлаймиз. Ана шу буюк ғалабани қўлга киритишда мардлик ва жасорат кўрсатган фахрийларимизни, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизни табриклаб, уларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилаш барчамиз учун катта шарафдир. Шу билан бирга, уруш майдонларидан қайтмаган, мана шундай мусаффо осмон, тинч ва осойишта ҳаёт учун жон бериб, қурбон бўлган юртдошларимизнинг ҳақларига Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, уларнинг руҳларига бағишлаш сизу бизнинг фарзандлик бурчимиздир.

Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Leave a comment