«БИЗ ТАЗЙИҚ ВА ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИМИЗ!»

Бугун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигида «Биз тазйиқ ва зўравонликка қаршимиз!» мавзусида анжуман ўтказилди.
Тадбирда давлат ва жаомат ташкилотлари вакиллари қатори Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов ҳам қатнашиб, сўзга чиқдилар ва бундай дедилар:
«Ислом дини зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қатъий қаршидир. Исломдан олдинги зўравонликларга динимиз барҳам берди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Нисо”, яъни “Аёллар” сурасини нозил қилганидан кейин забардаст халифа ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу «Аллоҳ таоло “Нисо” сурасини туширмаса, аёлларни умуман эътиборга олмас эканмиз», деганлар.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У унга зулм ҳам қилмайди ва ташлаб ҳам қўймайди. Ким ўз биродарининг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқаради. Ким бир мусулмонни ғамдан фориғ қилса, Аллоҳ ундан Қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни фориғ қилади. Ким мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ Қиёмат куни унинг айбини беркитади», дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Тадбир сўнгида зарур таклифлар берилди. Хусусан, зўравонликка дуч келмаслик учун оилада маънавий иммунитетни шакллантириш, китоб мутолаасини тизимли йўлга қўйиш, ҳар бир саволга мутахассисдан жавоб олиш шулар жумласидан.
Оилада ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла-кўй, касбдошлар билан гўзал муомалада бўлиш ҳам тазйиқ ва зўравонликка қарши яхши чорадир.

Leave a comment