КИТОБ – МАЪРИФАТ МАШЪАЛИ

Бугун, 24 октябрь куни Тошкент шаҳридаги «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» мажмуаси мажлислар залида «Китоб – маърифат машъали» мавзусида кўргазмали тадбир ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Уйғун домла Ғофуров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори Муҳаммадолим Муҳаммадсидиқов, Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Абдулвосид Хомитжонов, Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири Маъмур домла Эркаев, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов, таниқли журналист ва ёзувчи Обиддин Маҳмудов, пойтахтимизда фаолият юритаётган имом-хатиблар, имом ноиблари, меҳмонлар иштирок этди.
Тадбир, одатдагидек, Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Тадбирдан кўзланган мақсад Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган имом-хатиблар таълиф ва тасниф этган, таржима қилган китобларни жамлаб, кўргазмасини ташкил этиш, шу орқали халқимизни китобга, мутолаага ошно этишдан иборат.
Шунингдек, уламоларимиз Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон, Шамсуддинхон Бобохонов, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Шайх Абдуғани Абдуллоҳ, Алоуддин Мансур, Шайх Усмонхон Алимов, Шайх Абдураззоқ Юнус, Салоҳиддин домла Муҳиддинов ҳамда Анқар қори Турсунов раҳимаҳумуллоҳларнинг динимизга, мўмин-мусулмонларга қандай хизмат қилиб кетганларини, улар қолдирган бой илмий мерос – китобларни халқимизга, элимизга жуда манфаатли бўлаётганини эслатиш ҳам кечиктириб бўлмас ишлар сирасига киради.
Китобхонлик қадимдан Шарқ халқларида улуғланган. Энг қимматли совға сифатида зебу зийнатлар эмас, китоблар тортиқ қилингани ҳам шундан нишона. Бугунги кунда халқимиз, айниқса, ёшлар орасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга мамлакатимиз миқёсида эътибор қаратилмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши айни халқимиз дилидаги иш бўлди.
Тадбирда сўзга чиққан Абдуқаҳҳор домла Юнусов, жумладан, бундай деди: «Шу йилнинг 15–16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида «Ислом – тинчлик ва эзгулик дини» ҳамда 17–18 октябрь кунлари Термиз шаҳрида ўтказилган «Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни» мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманларга ташриф буюрган дунёнинг йирик уламолари Ўзбекистон буюк алломалар юрти эканини алоҳида таъкидлашди.
Шайх Муҳаммад Аввома ҳазратлари: «Бу диёрнинг ҳар бир қадамида улуғ алломаларнинг изи бор», дея таъкидлаган бўлса, Туркиянинг Ислом тафаккури институти директори Меҳмет Гормез эса: «Илм хомашё сифатида Мовароуннаҳр заминига келганида бу юрт алломалари унга тартиб берди. Уни муайян қонун-қоидаларга айлантириб, илмий йўсинга солди ва дунёга тақдим этди. Шунинг учун ушбу методология жамоатчилик учун жуда ҳам муҳим”, дея эътироф этгани замирида ҳам айнан Мовароуннаҳр уламолари таълиф этган китобларни назарда тутган бўлса неажаб!..»
Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» мажмуаси мажлислар залида пойтахтимиз имом-хатиблари таълиф ва тасниф этган, таржима қилган китоблари кўргазмаси билан ҳам яқиндан танишдилар.
Эътироф этиш керак, уламоларимизнинг шарафли йўлларини бугун китоблар таълиф этиш билан давом эттираётган Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов, Абдулҳамид домла Турсунов, Таваккал домла Кенжаев, Жалолиддин домла Ҳамроқулов, Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов, Ҳасан домла Қодиров, Саидхон домла Махсумов ва яна бошқа кўплаб имомлариизга Аллоҳ таоло маърифат йўлини китоблар машъали билан чароғон этишини насиб айласин.
Хайрли дуолар билан тадбир ўз ниҳоясига етди.

Leave a comment