ВАТАНДОШЛАР ТАШРИФДАН МАМНУН

Айни кунларда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Япония пойтахти Токио шаҳрида хизмат сафарида бўлиб турибдилар.
Сафар жуда тиғиз ва ҳар жиҳатдан манфаатли ўтмоқда. Абдуқаҳҳор домла «ас-Салом» масжидига ташриф буюриб, бир гуруҳ ватандошларимиз билан дилдан суҳбатлашдилар.


Сафар давомида маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ташкил этилмоқда. Абдуқаҳҳор домла айни пайтда Токио шаҳрида ўқиётган, ишлаётган кўплаб ватандошларимиз билан учрашиб, уларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтардилар.
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби мулоқотлар асносида бугунги кунда интернет хуружларидан жуда эҳтиёт бўлиш, ўзбек миллатига мансуб ватандошларимиз қаерда бўлсалар ҳам ўзлигини унутмасликлари, одоб-ахлоқ, юксак маънавиятини намоён этишлари зарурлигини таъкидлаб ўтдилар.
Муқаддас динимиз билан ҳамоҳанг бўлиб кетган миллий қадриятларимизга риоя қилиб яшаш зарурлигини эслатдилар.
Шу билан бирга, Япониянинг нуфузли университетларида таълим олган Ўзбекистон фуқаролари кунчиқар юртдаги кўзга кўринган ташкилтларда меҳнат қилаётганлари алоҳида эътироф этилди.
Самимий ва дўстона ўтган учрашувларда Абдуқаҳҳор домла мусофир юртда юрган ватандошларимиз ҳақларига, шунингдек, сафарда юрган ватандошларимиз юртимиз ҳаққига хайрли дуолар қилишди. Зеро, мусофирнинг дуоси ижобатдир.
Хизмат сафари давом этади.

Leave a comment