ҒАЛАБА КУЧЛИЛАРГА КУЛИБ БОҚАДИ

Спорт мусобақалари нафақат кишини соғлом ва бақувват қилади, айни пайтда одамлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, ўзаро тажриба алмашиш учун ҳам бундай мусобақалар жуда муҳим ҳисобланади.
Куни кеча Тошкент шаҳар ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси, Ўзбекистон волейбол федерацияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллигига бағишлаб Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган имом-хатиблар, имом ноиблари ўртасида волейбол мусобақасининг финал босқичи ўтказилади.
Муросасиз кечган баҳсларда, табиийки, омад ва муваффақият кучлиларга кулиб боқди.
Тадбирни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов очиб бердилар.
Учинчи ўрин учун кечган баҳсларда Учтепа ва Чилонзор туманлари вакиллари майдонга тушишди. Чилонзор тумани рақибидан устун эканини амалда кўрсатди.
Яшнобод ва Юнусобод туманлари вакиллари биринчи ўрин учун куч синашди.
Иккинчи ўрин Яшнобод тумани вакилларига насиб этди.
Ғалаба фақат кучлиларга, ўз ишининг усталарига кулиб боқишининг амалдаги исботини яна бир карра кўрдик. Бундай шарафга Юнусобод тумани вакиллари лойиқ топилди: улар биринчи ўринни қўлга киритишди.
Ғолибларга Абдуқаҳҳор домла Юнусов ва ҳамкор ташкилотлар мутасаддилари диплом ва эсдалик совғаларини топширишди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов ҳам иштирок этди.
Мусобақаларни кузатиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқ ва Аллоҳ таолога маҳбуброқдир» (Имом Муслим ривояти), деган ҳадисларига амал қилиш мўминни ҳар жиҳатдан чинакам кучли ва жасоратли этишига амин бўлдик.
Фурсатдан фойдаланиб, ғолиб ва совриндорларни қутлаймиз. Ташкилотчи ва ҳомийларга миннатдорлик билдирамиз.

Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати

Leave a comment