«ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ – МАЪРИФАТ»

Ана шу шиор остида пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги “Элобод”, “Янги Камолот”, “Гулзоробод”, “Шаҳрисабз”, “Алишер Навоий”, “Ижодкор”, “Пасти юз”, “Уйғониш”, “Катта Яланғоч ота “Шалола”, “Геофизика” ва “Тракторсозлар” маҳалларида маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Тадбирларда Дин ишлари бўйича қўмита мутахассислари, шаҳар ва туман тарғибот гуруҳи раҳбарлари, малакали психологлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ходими, психолог Иргашева Нилуфар, Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Зулайҳо Соатова, туман отинойилари фаол иштирок этди.
Тадбирлар доирасида “Оилада фарзанд тарбияси”, “Аёл – жамият кўзгуси”, “Либос – инсон зийнати” каби мавзуларда семинарлар ҳам уюштирилди.
Йиғилишлардан кўзланган мақсад адашиб турли оқимлар таъсирига тушиб қолган айрим аёллар билан яқиндан мулоқот қилиб, уларнинг дарду ташвишларини эшитиш, ижтимоий ҳаётга қайтаришга кўмаклашишдир.
Отинойилар томонидан жаҳолатдан сақланишнинг ягона йўли илму маърифат экани, муқаддас динимизда одамларги билимга чорлаш, инсонларга яхшилик улашиш, имкониятлар ва яратилаётган шароитларга шукр келтириш билан яшаш лозимлиги ҳаётий мисоллар орқали тушунтириб берилди.
Тадбирдан сўнг турли масалалар юзасидан муаммоли аёл-қизлар билан якка тартибда суҳбатлар олиб борилди.

Leave a comment