Меҳнат мигрантлари билан учрашувлар бўлиб ўтмоқда 

Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида мазкур ташкилотлар масъулларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари Жанубий Корея Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди.

Ишчи гуруҳ аъзолари Сеул ва Инчон шаҳарларидаги ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарияти ва меҳнат мигрантлари билан учрашув ўтказиб, уларнинг иш ва яшаш шароитларини ўрганди.

Бугунги кунда бутун дунёда зиддиятлар ва турли бузғунчиликлар ҳар қачонгидан хатарли тус олмоқда. Шунинг учун ҳар бир юртдошимиз огоҳ ва ҳушёр бўлиши, инсоният тараққиётига таҳдид солаётган нотинчликлар пайтида турли фитналарга аралашмаслиги лозимлиги тушунтирилди.

Хизмат сафари давомида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусовга ватандошларимиз турли диний масалалар юзасидан мурожаат қилишмоқда.

Абдуқаҳҳор домла уларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтариб, бугунги таҳликали даврда ҳар қачонгидан ҳам огоҳ ва ҳушёр бўлишни, бирор диний масала юзага чиқса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво марказига онлайн мурожаат қилиш зарурлигини, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб-портали www.muslim.uz ҳамда www.fatvo.uz сайтларидан фойдаланиш лозимлигини тушунтирдилар.

Шу билан бирга, кимдир бирор диний адабиёт ёки рисола тарқатса, асло уни олмаслик, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда огоҳ бўлиш кераклигини уқтирдилар.

Хизмат сафари давом этади.

Leave a comment