“Илоҳийнома”да Меърож таърифи

“Илоҳийнома”да Меърож таърифи

Шайх Фаридуддин Атторнинг “Илоҳийнома” асарида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Меърожга кўтарилиш воқеалари ҳақида бир неча ҳикоятлар мавжуд. Шулардан бири “Меърож” деб аталади. 71 байт, 142 мисрадан иборат ушбу ҳикоят қуйидагича бошланади:
Кўринди Жаброил бир кеча хуррам,
Дедиким, эй Расул, эй Садри олам!
Бу зулмат юртидин юргил, гузар қил,
У дорулмулки Аллоҳга сафар қил.
Тасвирланишича, Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни тунда “дорулмулки Аллоҳ”га, яъни Аллоҳнинг салтанатига сайр этишга таклиф қилади. Шу билан бирга, етти фалак, само аҳли ва набийлар у зотнинг йўлларига кўз тикиб турганликлари ва Аллоҳнинг жамолини кўриш фурсати етганини баён қилади:
Эшик очмиш беҳишт ҳам, осмон ҳам,
Сени деб барча кўнгилларда байрам.
Бу кеча не сўрарсен, сўргил, илло,
Кўрарсен, юз очар қаршингда Аллоҳ.
Жаброилнинг бу сўзларини тинглаган Сарвари олам “уммати дардини аён этмоқ” фурсати етганини англайди ва Буроққа миниб, “макондин ломакон (макондан холи – Аллоҳнинг сифати) сари” йўл оладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг келишларини эшитиб, офтобу олам, Арши аъзам тебранади, малаклар шодланиб, жами ўтган анбиёлар: Одам Атою Нуҳ, Иброҳиму Исмоил, Исҳоқу Яъқуб, Юсуфу Довуд, Сулаймону Ийсо – барчалари у зот билан ҳамсуҳбат бўладилар, ўз садоқатларини изҳор этадилар.
Муяссар бўлди сўнгра қурбати Дўст,
Очилди унга сўйи ҳазрати Дўст.
Яъни, энди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу оламдан бошқасига кўчдилар, Жаброил эса, тўхтаб қолдилар. Пайғамбар алайҳиссалом бунинг сабабини сўраганларида:
Жавоб айлаб деди: Эй соҳиби роз,
Ижозат йўқ менга йўл юргали боз.
Мажолим йўқ менинг юрмоққа бир дам,
Вале сен олға бос, эй шоҳи олам.
Энди Пайғамбар алайҳиссалом ўзлари ул Даргоҳ сари юрдилар, “кўнгилни Ҳақдин ўзгадин уздилар”. Ҳақ ризосига кўз тикдилар ва нидо эшитдилар:
Бу кеча не тиларсен, тилга келтир,
Муродинг айлагум шу лаҳза ҳосил.
Яратмоқдин мурод танҳо сен эрдинг,
Тила Биздин ҳамон не истар эрдинг?
Расулуллоҳ Яратгандан фақат биргина нарсани – ўз умматлари гуноҳларини мағфират қилмоғини сўраган эканлар:
Жаҳон ичра гуноҳкор умматим бор,
Вале ул баҳри фазлингдин хабардор.
Не бўлғай, эй Худойим, шафқат этсанг,
Уларнинг барчасини раҳмат этсанг…
Шу лаҳза Пайғамбар алайҳиссалом Яратганга илтижо қилиб “Умматим, умматим…” деб жон куйдиришлари кўз олдимизга келиб, ул зотга муҳаббатимиз янада зиёда бўлиб, кўзёшимизни тўхтатолмай қоламиз. Зеро, Яратган Эгамнинг ўзи ҳам меҳр бўстонининг гули, жаҳонга дийдаи равшан қилиб сайлаган ва сийлаган Элчисини улуғлайди. Ўз бандалари ва Унинг умматлари учун яратган дунёсининг сиру асрорларидан сўзлаб, марҳамати чексиз эканлигини изҳор қилади:
Нидо келди яна бир бор баланддин:
Уларни бори раҳмат айладим мен.
Муҳаммад, умматим деб ема ғам кўп,
Уларнинг журмидин Бизда карам кўп.
Шундай қилиб, Аллоҳ таоло мўминларининг журму гуноҳларини, агар улар тавбаларни кўп қилиб, истиғфор айтсалар ва Унинг йўлида юрсалар, мағфирати чексиз эканини маълум қилади.
Ҳикоятнинг интиҳосида Аллоҳнинг каломидан мутаассир бўлган Муҳаммад алайҳиссалом бу олам сари йўл оладилар. Яратган Эгамнинг “уч бора ўттиз минг сир-асроридан огоҳ” бўлади, уларни аён қилмоқ ва ниҳон сақламоқлик ихтиёри ўзида эканини англаб етади, бу ишончдан руҳланади:
Агар лозим эса, айтгил, аён қил…
Йўқ эрса, сўзлама, дилда ниҳон қил…
Эшитди бу каломни сидқи жондин,
Жаҳонга қайтди Аҳмад ломакондин.

Дилором КАРИМОВА,
Юнусобод тумани отинойиси

Leave a comment