Худкушлик – оғир гуноҳ

Аллоҳ таоло инсонларга кўп неъматлар берган. Шубҳасиз, улар ичида энг қиммати умрдир. Чунки инсон барча неъматларга, яхшиликларга эришиши тириклиги билан бўлади. Хатоларни ислоҳ қилиш учун ҳам ҳаёт катта фурсатдир.
Инсонга жон бериш ва унинг вақт-соатини белгилаб, жонини қабз қилиш ёлғиз Аллоҳнинг ишидир. Шунинг учун ҳам инсон на ўзининг ва на ўзганинг жонига қасд қилмайди.
Ислом динида ўз жони ва ўзгалар жонига тажовуз қилиш гуноҳи азимдир. Аллоҳ таоло Нисо сураси 29-оятда:
و لا تقتلوا انفسكم ان الله كان بكم رحيما
«Ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта Аллоҳ сизларга раҳимлик зотдир», деб марҳамат қилади.
Ушбу оятда «ўзингизни ўлдирманг», деб хитоб қилиб, ортидан Аллоҳ ўзининг раҳмли зот эканини айтяпти. Бу оят шундай маъноларга далолат қиладики, аввало, ўз жонига қасд қилган киши ўта аянчи иш қилган, Аллоҳ берган омонат умр, ҳаёт неъматига тажовуз қилган, айни пайтда ношукурлик қилган бўлади. Натижада Аллоҳнинг ишига қарши чиқиб, улкан хатони, гуноҳни содир этади. Бу ишларнинг оқибатини билган Аллоҳ таоло раҳмати ила бандаларини бу ишлардан огоҳлантиради.
Сўнгги вақтларда ўз жонига қасд қилишнинг сабаблари, кўринишлари ҳам турлича бўлиб бормоқда. Ўз жонига қасд қилишнинг янгича услубларидан бири бу – худкушликдир. Яъни ўз танасига турли портловчи моддаларни боғлаб олиб, жамоат жойларга, масжидларга бориб ўзини портлатиб, ўз жонига ҳам, ўзгалар жонига ҳам зомин бўлмоқдалар.
Бундай кимсалар аввало ботил ғоялар таъсирига тушиб қолганлардир. Энг аянчлиси, ушбу қилмишларини шаҳидлик деб ҳам атамоқдалар. Бу шаҳидлик эмас, бу ўта кетган нодонлик-жоҳилликдир. Бегуноҳ инсонларнинг жонини тўкиш, бозорларда, масжидларда ёки турли жамоат жойларда ўзини портлатиб, бегуноҳ инсонларнинг ўлимига сабаб бўлиш шаҳидликми? Йўқ, бу қотиллик ва жоҳилликдир.
Имом Буҳорий ва Имом Муслим Собит ибн Заққоқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ алайҳиссалом айтдилар:  
وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِشَيءٍ عُذِّبَ بِهِ يَومَ القِيَامَة
«Ким дунёда ўзини бирор нарса ила ўлдирса, ўша нарса ила қиёматда азобланади».
Исломда киши ўзини ўлдиришига ҳеч қачон рухсат берилмайди. Аксинча, бундай ишдан қайтарилади. Ҳатто, фараз қилинг, энг ашаддий душманга рўбарў келганда, уни мағлуб этиш мақсад қилинади, ўзини ўлдириш учун эмас.
Ҳадиси шарифда айтилганидек, бу дунёда ўз жонига қасд қилганлар қиёматда айни ўша иш ила азобланади. Ўз жонига қасд қилганларнинг ҳоли шу бўлса, худкушлик қилиб ҳам ўзини, ҳам ўзгаларни нобуд қилганлар ҳоли қандай бўлади? Бундайларнинг гуноҳи икки ҳисса оғир бўлади.
Бошқа бир оятга эса: «Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, бутун мўминларни ҳаммасини ўлдирган бўлади», дейилган.
Динимизда бировнинг жонига тажовуз қилиш ёки ўз жонига қасд қилиш у ёқда турсин, ҳатто ўзига ва ўзгаларга ҳам ўлимни орзу қилиш ёки ўлим тилаш ҳам мумкин эмас.
عن أنس رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلي الله عليه وسلم: « لا يتمنينّ أحدكم الموت لضُر أصابه ».
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Бирорталарингиз сизларга бирор зарар етганда ундан қутулиш учун ўларига ўлим тиламасинлар, орзу қилмасинлар…»
Бу ишни нақадар оғир, катта гуноҳ эканини тасаввур қиляпсизми?
Азизлар, ҳушёр бўлайлик, мусулмонларни турли фирқаларга бўлиб, фитналар қилиб, аҳиллигимизни йўқотмоқчи бўлган кимсалар таъсирига тушиб қолмайлик.

Ўткир ҲАКИМОВ,
Яккасарой тумани «Усмон бин Мазъун» жоме масжиди имом-хатиби

Leave a comment