«ЙИЛ ИМОМИ–2023» ТАНЛОВИНИНГТОШКЕНТ ШАҲАР БОСҚИЧИ БЎЛИБ ЎТДИ

Кўрик-танлов

Сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган хайрли ишларнинг амалдаги инъикосини янги очилаётган масжидлар, мадрасалар, “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курслари, умра квотаси олиб ташлангани, ҳаж квотаси оширилгани ва яна бошқа кўплаб ислоҳотлар мисолида яққол кўриш мумкин.
Шунга монанд тарзда халқимизнинг ҳам маърифати юксалиб, савияси ошиб, муқаддас динимизнинг соф таълимотидан яхшигина хабардор бўлиб боряпти. Бу эса имом-хатибларимиздан ўз устида тинимсиз ишлаш, изланиш, кўп китоб мутолаа қилиш, замон билан ҳамнафас яшашни талаб этмоқда.
Табиийки, бу жараёнда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Йил имоми” кўрик-танлови имомларнинг билим савияси, тажрибалари янада ошишида, малакалари мустаҳкамланишида, улар ўртасида соғлом рақобат муҳити шаклланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугун Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжиди мажлислар залида “Йил имоми–2023” кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов, таниқли имомлар, устозлар, ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳамда танловнинг туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган 12 нафар имом-домла иштирок этди.
Қуръони карим тиловати билан бошланган тадбирни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов очиб бердилар.
Иштирокчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб борилди. Якуний натижаларга кўра қуйидагилар «Йил имом–2023» танловининг Тошкент шаҳар босқичи ғолиби деб топилди:
I ўрин: Яшнобод тумани, “Холид ибн Валид” жоме масжиди имом-хатиби Исроилжон домла Исмоилжонов;
II ўрин: Учтепа тумани, “Абу Ҳурайра” жоме масжиди имом-хатиби Муҳиддин домла Нўмонжонов;
III ўрин: Шайхонтоҳур “Эшонгузар” жоме масжиди имом-хатиби Исломхон домла Убайдуллаев;

Тадбир сўнгида ғолиблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
«Йил имоми–2023» кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичида биринчи ўринни эгаллаган Исроилжон домла Исмоилжонов танловнинг республика босқичида қатнашади.
Фурсатдан фойдаланиб, биринчи ўринни қўлга киритган вакилимизни танловнинг республика босқичида муваффақият қозонишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати

Leave a comment