Эзгу ва хайрли ишларни ўзининг кундалик аъмолига айлантирган мўмин-мусулмонлар ҳар доим савобли амал қилиш пайида бўладилар. Айниқса, бу анъана байрамлар муносабати билан яққол намоён бўлади.
Мустақилилк байрами муносабати билан бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчилигида шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Чилонзор туманидаги масжидлар имом-хатиблари тумандаги 22-сонли Меҳрибонлик уйига ташриф буюриб, болажонларга байрам совғалари улашди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир» (Бақара сураси, 261-оят), деб марҳамат қилган.
Ҳадиси шарифда эса: “Саховат – бир дарахт. Унинг илдизлари жаннатда, шохлари дунёга тушиб туради. Кимки унинг шохидан ушласа, илдизлари (жаннат) сари тортади. Бахиллик ҳам бир дарахт., унинг илдизлари дўзахда, шохлари Ер юзига бўлади. Унинг шохидан ушлаганларни ўз домига тортади”, дейилган.
Ояти карима ва ҳадиси шарифларни ўзига шиор қилиб олган имомларимиз энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик шодиёналари муносабати билан Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига кўрсатган ғамхўрлиги чинакам муруввут ва сахийликдир. Бежиз Алишер Навоий ҳазратлари:
“Мурувват – барча бермакдир, емак йўқ, Футувват – барча қилмакдир, демак йўқ”, демаганлар.
Тадбир сўнгида Абдуқаҳҳор домла Меҳрибонлик уйи маъмуриятини, мураббийларни, болажонларни Мустақиллик байрами билан самимий табриклаб, уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.













