ИХЛОС АМАЛЛАРНИ ЗИЙНАТЛАЙДИ

Ташриф #Бухоро

Ихлос Аллоҳ таолонинг бандаларига берган улкан мукофот ва неъматидир. Раббимиз қудсий ҳадисда: “Ихлос Менинг сирларимдан биридир. Бандаларимдан кимга муҳаббат қилган бўлсам, ўшанинг қалбига ихлосни жойлаганман. Унга фаришта таниш бўлиб, ёза олмайди ҳам, шайтон таниш бўлиб, буза олмайди ҳам”, деган.
Дарҳақиқат, ихлосда гап кўп.
Куни кеча Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Шофиркон туманидаги «Хожа Ориф Ревгарий» мақбарасини зоёрат қилдилар ва жоме масжидига пешин намозига ташриф буюриб, жамоатга «Ихлос амаларимизни зийнатлайди» мавзусида гўзал мавъиза қилиб бердилар.
Абдуқаҳҳор домла Имом Шиблий ҳазратлари ҳаётида бўлиб ўтган бир воқеани айтиб бердилар:
«Тасаввуф аҳли пешволаридан Имом Шиб­лий халқ орасида катта обрўга эга муршид эди. Бир куни шогирдларидан бири Шиблийга: “Шаҳарнинг нариги чеккасида истиқомат қиладигап бир новвойнинг ихлос ва муҳаббати жанобингизга жуда баланд. Юрган-турганда номингизни тилдан қўймасдан: “Шиблий ҳазратларини бир кўрсам эди”, деб такрорлагани-такрорлаган. Лекин хизматда жуда банд бўлгани учун зиё­ратингизга келолмайди”, деди. Имом Шиблий дарҳол шогирдига: “Ундай бўлса, унинг зиёратига биз борамиз!” деди ва ўзини танитмаслик учун эскироқ либос кийиб, новвой ҳузурига йўл олди. Новвой тандир олдида куймаланиб, янги пишган нонларни узиб, ёнидаги саватга ташларди. Имом Шиблий новвойга аста яқинлашди ва: “Аллоҳ учун нонингдан менга битта бер!” деди. Новвой Имом Шиблийни танимай унга ўқрайиб қаради ва: “Иссиқ нонни пули борлар ейди, пулинг бўлса нондан ол. Бу савдога Худони аралаштирма”, деди.
Имом Шиблий новвой ёнидан узоқлашди. Уни танийдиган ҳунармандлардан бири новвойга қараб: “Эсинг жойидами, ўзинг яхши кўриб, доим номини тилингдан қўймайдиган Имом Шиблий ҳузурингга ўз оёғи билан келса-ю, сен унга ҳурмат бажо келтирмай ҳайдаб юбординг?!” деб танбеҳ берди. Новвой қаттиқ ҳаяжонланиб: “Имом Шиблий шу одаммиди?” деди ва орқасидан югуриб, Шиблийга етиб олди. Қаттиқ ёлвориб: “Эй ҳазратим, мен сизнинг мухлисингизман, сизни танимабман, узримни қабул этинг!” деди. Имом Шиблий унга қараб норози оҳангда: “Бу ҳолатда сенинг узрингни қабул этолмайман. Агар сен минг тилло харажат қилиб, уйингда катта зиёфат ташкил этсанг, унга шаҳарнинг барча казо-казоларини таклиф қилсанг, ўшандагина ўша зиёфатга келиб, меҳмонлар олдида сенинг узрингни қабул қиламан ва гуноҳингдан ўтаман”, деди.
Новвой рози бўлди ва зиёфат куни белгиланди. Дастурхон атрофига ҳамма жам бўлганида, ўтирганлардан бири бундай таклиф киритди: “Муҳтарам Шиблий ҳазратлари, хонадон соҳиби новвой катта саховат кўрсатиб, эҳсон қилибди. Фурсатни ғанимат билиб, саховатнинг фазилати, сахийларнинг жаннат­га кириши, жаннат ва аҳли жаннатнинг қандай бўлиши ҳақи­да маъруза қилиб берсангиз”. Имом Шиблий ўтирганларга қа­раб: “Муҳтарам меҳмонлар, жаннат ва жаннатийларнинг қандай бўлишини билмайман-у, аммо аҳли дўзахийларнинг қиёфасини кўраман десангиз, мана шу новвойга, унинг қиёфасига қаранглар!” деб хитоб қилди. Ўтирганлар бараварига: “Эй ҳазрат, саховат билан шундай катта зиёфат қилиб, унга таклиф этган бир яхши одамни сиз дўзахий деяпсизми?” деб эътироз билдирди. Шунда Имом Шиблий уларга: «Мен новвойга: “Аллоҳ учун менга битта нон бер!” десам у: “Аллоҳни аралаштирма!” деб мени ҳайдаб юборди. Менинг Шиблий эканимни билганидан сўнг эса, менинг розилигим учун минг тиллолик зиёфатга рози бўлди. Аллоҳга ихлос қилмасдан, унинг бир бандасига ихлос қилган, Аллоҳ учун бир нонни қизғаниб, унинг бандаси учун минг тиллони аямаган кимса албатта дўзахий бўлади-да», деди»…
Намозхонлар билан дилдан суҳбат қилинди.
Ташриф хайрли дуолар ила ўз якунига етди.

✅  Улашинг | @MuslimShosh

Leave a comment