ШАРИФ ШАҲАРДА МАЪРИФИЙ СУҲБАТЛАР ҚИЗҒИН ТУС ОЛДИ

Бугун, 2023 йил 21 август куни республикамизнинг 241 та туман, шаҳарлари бош имом-хатиблари шариф шаҳар – Бухорога жамланишди.
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчилигидаги пойтахтимизнинг 12 та туман бош имомлари ҳам айни пайтда Бухоро шаҳрида бўлиб турибди.
Бугун Абдуқаҳҳор домла пешин намозига Бухоро шаҳридаги «Абу Ҳафс Кабир» жоме масжидига ташриф буюриб, намозхонларга «Умр неъмати» тўғрисидаги мавъиза қилиб бердилар:
«Умр – инсониятга берилган энг бебаҳо неъмат. Инсоннинг яралиши, ҳаёт кечириши ва охир-оқибат дорилфанодан дорилбақога риҳлат этиши Аллоҳ томонидан жорий қилиб қўйилган ўзгармас қонундир. Инсонга умр ўзи нима учун берилади, инсон бу умрда нималар қилиши керак?, – деган саволлар туғилиши табиийдир.
Ушбу саволларга жавобан Аллоҳ таоло Мулк сурасида бундай марҳамат қилади: «У (Аллоҳ), сизларнинг қай бирингиз яхшироқ амал қилишингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир» (2-оят).
Машҳур тобеинлардан Ҳасан Басрий ҳазратлари: «Эй одам боласи, сен маълум кунлардан иборатдирсан. Сен учун бир кунинг кетиши бир қисминг, бир бўлагинг кетиши демакдир», деганлар…»
Суҳбатдан сўнг Абдуқаҳҳор домла Юнусов масжид ёнида жойлашган «Абу Ҳафс Кабир Бухорий» мақбарасини зиёрат қилдилар.

✅  Улашинг | @MuslimShosh

Leave a comment