БУЮК АЛЛОМАЛАРИМИЗНИНГ БЕНАЗИР ХИЗМАТИ

Ўзбекистон замини қадимдан буюк алломаларга бешик бўлган. Бу юртдан етишиб чиққан мутафаккирлар билан ҳақли равишда фахрланамиз. Уларнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини бутун дунё эътироф этади. 

Бугун пойтахтимиздаги «Ракат» жоме масжидида «Марказий Осиё алломаларининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси» мавзусида имом ноиблари учун навбатдаги Маънавият соати бўлиб ўтди.

Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳор домла Юнусов иштирок этди ва мавзуга доир ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси кафедра мудири, тарих фанлари доктори, доцент Н.Муҳаммедовнинг «Марказий Осиё алломаларининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси» мавзуси имом ноиблари учун ҳар жиҳатдан манфаатли бўлди.

– Юртимиз қадим цивилизация чорраҳаси бўлибгина қолмай, илм-фан, санъат, адабиёт намуналарининг асоси ва бешиги бўлиб, қадимги ва замонавий оламнинг маданий хилма-хиллиги билан ажралиб туради, – дейди тарих фанлари доктори Н.Муҳаммедов. – Ислом тарихида цивилизация марказлари кўп бўлган. Бунинг натижасида ушбу заминлардан кўплаб олиму уламолар етишиб чиқди. Мисол учун, астрономияда Абу Райҳон Беруний, тиббиётда Абу Али ибн Сино, фалсафада Абу Наср Форобий, математикада ал-Хоразмий ва шунингдек, ҳадис, фиқҳ, шариат илмлари бўйича уламолар камол топди. Илм-фаннинг ривожланиши ўрта асрлардаги Уйғониш даври асоси бўлди. Инсоният тамаддунига улкан ҳисса қўшган бу зотлар ҳақида ҳар қанча гапирсак оз.

Маънавият соати сўнгида имом ноибларининг саволларига жавоб қайтарилди.

Leave a comment