Муқаддас динимизда экин экиш улуғ ва савобли амаллардан ҳисобланиб, ерни обод қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Экилган кўчат ва ўсимликлар доимо Аллоҳ таолога тасбиҳ айтади.
Инсон ернинг гўзаллигини нафақат асраб-авайлаши, балки унинг янада гуллаб-яшнаши учун ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, келажак авлодга табиий бойликларини бус-бутун етказиш, экологик муаммоларни бартараф этишга ҳисса қўшиш олдимизда турган муҳим вазифалардан.
Бугун аср намозидан олдин Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов, Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби Собиржон домла Рустамов ҳудуддаги «Ислом нури» масжиди орқасида бунёд этилган яшил ҳудудни кўздан кечириб, яшил маконга кўчатлар экишди.
Кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти улуғ. Муборак китоблар кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савобларидан хабар беради.
Мўмин яхши ният билан кўчат экса, улуғ ажр-савобга эга бўлади. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси мусулмон экин экса, ундан ейилса, унга садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақадир. Йиртқичлар егани ҳам унинг учун садақадир. Қушлар егани ҳам унинг учун садақадир. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса, унинг учун садақа бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ҳадисдан кўчат экиш, деҳқончилик қилиш нечоғли улуғ ва фазилатли касб экани маълум бўлади. Кўчат экмоқчи бўлган киши нафақат ўзини, балки ён-атрофдагилар, келажак авлодларни ҳам манфаатини ўйлаши керак. Бу амалнинг деҳқонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаати етиб туради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини кўчат ўтқазиш ва экин экишга тарғиб қилганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, уни экиб қўйсин”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).









