Биз кўриб турган бу ажиб дунё илм билан обод бўлади. Янги кашфиётлардан тортиб инсон ҳаётидаги ишларни енгил қиладиган барча замонавий технологиялар илм асосида юзага келди.
“Илм” сўзи “билиш” деган маънони англатади. Бу шундай бир буюк неъматки, Одам алайҳиссаломга берилган илк инъомдир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
وَعَلَّمَ آدَمَ الْأَسْمَاءَ كُلَّهَا ثُمَّ عَرَضَهُمْ عَلَى الْمَلَائِكَةِ فَقَالَ أَنْبِئُونِي بِأَسْمَاءِ هَؤُلَاءِ إِنْ كُنْتُمْ صَادِقِينَ
«Ва У Зот Одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилди. Кейин: “Агар ростгўйлардан бўлсангиз, анавиларнинг исмларини Менга айтиб беринг”, деди» (Бақара сураси 31-оят).
Юқоридаги оятдан билиб олишимиз мумкин, Одамга берилган энг буюк неъмат илм, ҳар нарсанинг нафақат исми балки унинг функционал вазифаларини ҳам ўргатган. Яъни: Бу қуёш, унинг шакли думалоқсимон, у кундузи Ер юзини иситади ва ёритади кабилар.
Муҳаммад Аввома ўзининг “Маолимул иршодия” асарида бундай келтиради: “Аллоҳ таоло Одамга барча нарсанинг исмини ўргатгач, уни фаришталарга ҳам ҳавола қилди. Табиийки, фаришталар бу нарсалар ҳақида билимга эга эмасликларини тан олиб, Сен ўргатгандан ўзга илмимиз йўқдир, дея жавоб беришди. Шу онда Аллоҳ фаришталарни, ундай бўлса, илм эгаси бўлган Одамни улуғлаб, таъзим ўлароқ унга сажда қилинглар деб амр этди”.
Бундан биз илм нечоғлик юксак тортиқ эканини англаб олишимиз мушкил эмас. Ахир, фаришталарнинг ҳам сажда қилдирадиган олий неъмат илм бўлди-ку!
Илм инсонни фаришталарнинг мақомидан ҳам юқорига кўтарувчи ягона воситадир. Шунинг учун дунёда бирор пайғамбар ўзидан бойлик ёки шу каби мерос қолдирмаган. Барча бирдек илмни мерос қолдиришган.
Илм ва маълумот орасидаги фарқни ҳам бироз аниқлаштириб кетишимиз керак. Киши ўзи ўрганган ва билган нарсаларига амал қилса, бу илм. Агар билган нарсасига амал қилмаса, у маълумотдир. Қуръони каримга назар ташласак, бир неча ўринларда Бани Исроил қабиласини Аллоҳ таоло жоҳил деб келтирган, масалан, Аъроф сурасининг 138-оятида: “…Албатта, сиз жоҳил қавм бўлаётибсиз”.
Тарихга назар ташласак, илмий жиҳатдан энг қолоқ ва бирор илоҳий китоб нозил қилинмаган қавм араблар эди. Бани Исроил қабиласига эса бир неча илоҳий китоблар тушган, кўплаб пайғамбарлар айнан улар ичидан чиққан эди. Шундай бўлса ҳам улар жоҳил дейилди. Сабаби, улар ўз китобларидан билган хабарларига амал қилмадилар. Натижада у билганлари маълумот ўлароқ қолиб кетди.
Илмга тарғиб қилувчи оят ва ҳадислардан намуналар
Аллоҳ таоло шунча турли неъматларни берди. Барчасини “Шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман” (Иброҳим сураси, 7-оят), деб таъкидлади. Бироқ илмга келганда, унинг очиқ-ойдин зиёдалигини талаб қилишга буюрди ва қандай сўрашни ҳам Ўзи ўргатди.
وَقُلْ رَبِّ زِدْنِي عِلْمًا
“Раббим илмимни зиёда қилгин” (Тоҳо сураси, 114-оят), деб Аллоҳ таоло марҳамат қилди. Юқоридаги ояти каримадан кўриниб турибди, ҳаётимизда зиёда бўлишини талаб қилишимизга буюрилган ягона нарса бу илм талабидир. Аллоҳ инъом этган ҳар қайси неъматни берсангиз, ноқис бўлади. Илм эса унинг акси: қанча тарқатсангиз, шунча зиёда ва пухталашиб бораверади.
Жамиятимизда илм эгаси бўлган инсоннинг дунёқараши ҳам, ахлоқ-одоби ҳам ўзгача бўлади. Аллоҳ таоло Каломида: “Билганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми!?” (Зумар сураси, 9-оят). Яъни билим эгаси, илмлилар жоҳиллар билан асло тенг бўлмайди.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِير
“Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илмга берилганларнинг даражаларини кўтарур. Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир”, (Мужодала сураси, 11-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илм йўлидаги инсонларни бундай мадҳ этганлар:
مَن سلَكَ طريقًا يلتَمِسُ فيهِ علمًا ، سَهَّلَ اللَّهُ لَهُ طريقًا إلى الجنَّةِ ، وإنَّ الملائِكَةَ لتَضعُ أجنحتَها لطالِبِ العلمِ رضًا بما يصنعُ وإنَّ العالم ليستغفِرُ لَهُ مَن في السَّمواتِ ومن في الأرضِ ، حتَّى الحيتانِ في الماءِ ، وفضلَ العالمِ على العابدِ كفَضلِ القمرِ على سائرِ الكواكبِ ، وإنَّ العُلَماءَ ورثةُ الأنبياءِ إنَّ الأنبياءَ لم يورِّثوا دينارًا ولا درهمًا إنَّما ورَّثوا العلمَ فمَن أخذَهُ أخذَ بحظٍّ وافرٍ
“Ким илм йўлида бўлса, Аллоҳ жаннат йўлини унга осон қилади. Фаришталар толиби илм учун қилаётган ишидан рози бўлиб, қанотларини тўшайди. Албатта, олим учун еру кўкдаги барча нарсалар, ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Бир олимнинг илмсиз ибодатлига нисбатан фазли худди ойнинг юлдузларга нисбатан бўлган фазли кабидир. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг ворисларидир. Албатта, пайғамбарлар динор ва дирҳам мерос қилиб қолдирмай, илмни қолдирганлар. Ким у илмдан олса, ўз насибасини тўлиқ олибди” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадис илм талабидаги инсонларга берилажак барча мукофотларни қамраб олган, десак муболаға бўлмайди.
Оила – жамият пойдевори. Оиланинг мустаҳкамлиги, болалар тарбияси, эр-хотин ва бошқа қайнрна-қайноталар орасидаги муносабатларнинг равон бўлиши учун илм зарур. Худони таниган, ўқимишли ва зиёли йигит-қизлар ўзаро турмуш қурсалар, уларнинг орасида муҳаббат бўлади. Машаққатли кунларда ҳар бир масалага муносиб ечим қилади. Жоҳил ва билимсиз оилалар эса, жанжал, тўполон ва кўп зиддиятга боришдан тап тортишмайди.
Шу сабабли буюк бобомиз Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Илмдан ўзга нажот йўқ ва бўлмагай”.
Олимлар айтади: “ким дунё азизлигини истаса, илм олсин. Ким охират азизлигини истаса, илм олсин. Ким икки дунёда ҳам азиз боълишни истаса, илм олсин”.
Илм чиндан ҳаётимиздаги энг муҳим омил. Бироқ унинг ҳам бизга фойда келтирмайдиган қисми ҳам бор. Бу ҳақда Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг бир дуоларини кўришимиз мумкин:
اللَّهمَّ إني أعوذُ بك من علمٍ لا ينفعُ ، ومن قلبٍ لا يخشعُ ، ومن نفسٍ لا تشبعُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дуо қилар эдилар: “Эй Аллоҳим, Сендан манфаатсиз илмдан, қўрқмайдиган қалбдан, тўймайдиган (очкўз) нафсдан паноҳ сўрайман”.
Бундан кўринадики, илмнинг зарарли қисми ҳам бор экан. Бизни ҳақдан узоқлаштирадиган, жамият ривожига тўсиқ бўладиган ва инсонларга фойда келтирмайдиган илмлар манфаатсиз, зарарли илмлардир.
Хулоса қилиб айтганда, инсон илм билан Аллоҳнинг наздида фариштадан ҳам юқори даражада бўлиши, дунёда эса одамлар орасида обрўли, зиёли ва оилада тотув яшашини таъминлайди. Жаннатга олиб борувчи энг осон йўл. шу билан зарали илмлардан ҳам паноҳ сўраш керак. Икки дунёда саодатга эришиш истасангиз, илм истанг дўстим.
Нажмиддин домла ҲАСАНОВ,
Тошкент шаҳридаги «Ҳасанхон қори» жоме масжиди имом-хатиби
