ҲИЖРИЙ ЯНГИ ЙИЛ БОШЛАНДИ

Муҳаррам – қадри улуғ ой

Ҳаж ойлари тугаб, ҳижрий 1448 йил бошланди. Ҳижрий йил муҳаррам ойидан бошланади. Муҳаррам Рамазондан кейинги энг ҳурматли ойдир. Динимизда бу ой уруш ҳаром қилинган ойлардан бири ҳисобланади.

“Муҳаррам” сўзи “ҳурмат қилинган”, “тақиқланган” деган маъноларни англатади. Исломдан аввал ҳам араблар бу ойни улуғлаб, уруш ва жанжаллардан тийилишган. Ислом келгач, унинг муқаддаслиги янада мустаҳкамланди

Бир киши Набий алайҳиссаломга: «“Эй Аллоҳнинг Расули, Рамазондан кейин қайси ойда рўза тутишимга буюрасиз?” деди. Шунда у зот: Агар Рамазондан кейин рўза тутмоқчи бўлсанг, муҳаррам ойида тутгин. Чунки у Аллоҳнинг ойидир, унда бир қавмнинг тавбасини қабул қилган яна бошқа қавмларнинг ҳам тавбасини қилади, деб жавоб бердилар» (Имом Термизий ривояти).

Ашуронинг фазилатлари

Динимизда ҳар бир куннинг алоҳида аҳамияти, хислати бор, шу жумладан, Ашуронинг ҳам. Ашуро муҳаррам ойининг ўнинчи куни бўлиб, бу куннинг фазли ўзгачадир.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзасини олдинги йил (гуноҳлари)га каффорат бўлишини Аллоҳ таолодан умид қиламан”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган бошқа бир ҳадисда бундай дейилади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида яҳудийларнинг Ашуро куни рўза тутаётганини кўриб: “Нима бу? (яъни, нима учун бу кун рўза тутяпсиз?) дедилар. Улар: “Бу кунда Аллоҳ таоло Бани Исроилга душманларидан нажот берган. Шунинг учун Мусо рўза тутган”, деб жавоб беришди. Шунда у зот: Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман, дедилар ва шу куни рўза тутдилар ҳамда бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар» мом Бухорий ривояти).

Уламоларимиз беш вақт намоз, жума намози, Рамазон рўзаси ҳамда мазкур рўзалар каби фазилатли ибодатлар аввал кичик гуноҳларга каффорат бўлади, кейин эса катта гуноҳларни ҳам ювади, сўнгра банданинг даражаси кўтарилишига сабаб бўлади, дейишган.

Ашуро кунининг рўзасига ундан олдин ёки ундан кейин яна бир кунни қўшиб рўза тутиш мустаҳаб.

Ашуро –  кенглик қилиш куни

Мўмин-мусулмон киши борки, фарз, вожиб, суннат амалларни сўзсиз бажаради. Шунинг баробарида қайси амалда озгина савоб бўлса, ўша ишни қилишга шошилади. Бу чинакам мўминлик хислатидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳуанҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Ашуро кунида аҳли-аёлига кенглик қилса, Аллоҳ таоло унга йилнинг қолганини кенг қилади», дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Ашуро куни оилага кенгчилик қилинса, бозорлик қилиб, рўзғорини бут қилиб олса, йилнинг қолган ойлари ҳам баракатли бўлиши умид қилинади.

Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ: “Биз буни тажриба кўп марта синадик ва шундай бўлишига гувоҳ бўлдик”, деган.

Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ: “Биз буни эллик ёки олтмиш йил тажриба қилиб кўрдик ва фақатгина яхшилик кўрдик”, деган.

“Ал-Муҳит” китобида бундай дейилган: «Жобир раҳматуллоҳи алайҳ: “Мен қирқ йил тажриба қилдим, бўлмай қолмади”, деган».

Ҳа, азизлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам башорат қилган, саҳобалар ва тобеинлар амалда синаб кўрган хайрли ишлар замирида кўплаб ҳикматлар, фазилатлар яширинган бўлади. Тажрибадан ўтган ишларни ҳеч иккиланмай қилавериш керак.

Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Leave a comment