Жаннатмонанд юртимизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг саййиди бўлган Рамазон ойини ниҳоятда кўтаринки руҳда, кечаларини тоат-ибодат, кундузларини рўзадор ҳолда файзу футуҳ билан ўтказишди. Бу ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ таоло розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришди. Алҳамдулиллаҳ, Раббимиз ваъда қилган буюк мукофотни қабул қилиш куни – Рамазон ҳайити каби улкан шодиёна кунда турибмиз.
Энг қувонарлиси, бу улуғ айём кунлари арафасида пойтахтимизда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ҳамда Самарқандда Имом Бухорий мажмуасининг очилиши юртимиз учун, мўмин-мусулмонлар учун, бутун ислом олами учун жуда катта туҳфа бўлди.
Давлатимиз Раҳбари Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросимида: «Ўз даврида Мир Алишер Навоий бобомиз Мирзо Улуғбекнинг ўлмас мероси дунё тургунча турсин, деб тилак билдирган эди. Бизнинг ҳам орзу-мақсадимиз шундай: Ислом цивилизацияси маркази эл-юртимизга, жаҳон аҳлига ҳамиша беминнат хизмат қилсин!» дея таъкидладилар.
Бу икки улкан, муаззам, маҳобатли иншоотнинг очилиши жуда катта тарихий воқеа бўлиши баробарида қўшалоқ байрамлар – Рамазон ҳайити ва Наврўз айёмига туҳфа бўлди. Қўшалоқ байрамга қўшалоқ туҳфа бўлди.
Рамазон ҳайитини дунёдаги миллионлаб мусулмонлар қатори юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳам жуда катта шодиёна ва хурсандчилик билан ўтказади. Чунки ушбу кун тутган рўзаларимиз қабул этиладиган, Аллоҳнинг раҳмати ва фазли ер юзига мўл-кўл ёғиладиган, Аллоҳга қуллик ва итоатда қалбларимиз завқланадиган ажойиб вақтдир.
Шу боис Исломнинг шиори бўлган Рамазон ҳайитида хурсандчилигимизни, саховатимизни ва юксак одоб-ахлоқимизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ изҳор қилишимиз керак.
Аллоҳ таоло Ўзининг муборак Каломида бундай марҳамат қилган: «Айтинг: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир”» (Юнус сураси, 58-оят).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида мадиналикларнинг кўнгилочар икки кунлари бор эди. Набий алайҳиссалом: “Бу қандай кунлар?” деб сўрадилар. Улар: “Жоҳилиятда бу кунлари кўнгилларимизни хуш қилардик”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ: “Аллоҳ таоло бу икки кунни улардан ҳам яхши қурбонлик ва фитр кунларига алмаштирди”, дедилар» (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривояти).
Ҳайит кунлари мусулмонларнинг азиз байрами бўлгани учун у кунда шоду хуррамлик, хурсандчилик қиладиган, кексаларни, ота-она, қариндошларни зиёрат қиладиган, беморлар ҳолидан хабар олинадиган ҳамда закот ва хайр-эҳсон қилинадиган кундир.
Зотан, Рамазон ойида ҳурматли Юртбошимизнинг ташаббуслари билан 1 триллион 50 миллард сўм маблағ кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилаларга, беморларга, кексаларга аниқ манзилли қилиб етказиб берилди.
Бундан кўзланган асосий мақсад жамиятда тенглик пайдо қилиш, Ислом динининг нақадар инсонпарвар, меҳр-мурувватга тарғиб қилувчи дин эканини намойиш қилишдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминнинг дунё қайғуларидан бирини кетказса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини кетказади. Ким дунёда бир қийналган (биродари)нинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади. Ким бир мусулмонни айбини беркитса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратда сатр қилади. Қайси бир банда биродарининг ёрдамида бўлса, Аллоҳ таоло ҳам унинг ёрдамида бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Ҳайит кунлари дуолар қабул қилинади. Бу кунда кўп жойларда одамлар урф қилиб, тўп-тўп бўлиб қабристонга, азадор хонадонларга бориш ҳоллари ҳам учраб туради. Бу иш шаръан дуруст эмас. Бундай ношаръий амаллардан қайтайлик, ўзимизни ортиқча бидъат амаллардан сақлайлик. Бунинг ўрнига тинчлик, хотиржамлик шарофати ила Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилиб, қўлларимизни дуога очсак, қалбимиздаги истакларимизни, юртимиз тинчлиги ва фаровонлигини Аллоҳ таолодан сўрасак, иншоаллоҳ, эл-юртимиз, хонадонларимиз учун файзу футуҳ ва баракотлар ёғилади.
Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ҳайитини муборак қилсин!
Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
