БУЮК МУҲАДДИСГА УЛУҒ ЭҲТИРОМ

Буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ёш авлоднинг маънавий-руҳий оламини бойитиш, уларнинг қалбида миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтиришга мамлакатимизда алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада шу йилнинг 15 август куни қабул қилинган “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Президент фармони муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ Имом Термизийнинг “аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя” ва “Сунани Термизий” асарларини мотуридийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳабига таянган кўп жилдлик академик таржима ва шарҳини тайёрлаб нашр этиш белгиланган.

Ҳақиқатан, буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини ўрганиш бугунги ёшлар онгу шуурини эгаллаш учун турли кучлар, ақидаси бузуқ ғаламис кимсалар интернет сайтлари, ижтимоий тармоқларга ин қуриб олиб, мислсиз курашлар олиб бораётган бир пайтда яна ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний авлодлари орасида ақидаси бузуқ кишиларнинг чиқиши мумкин эмас. Чиқаётганлари ҳам боболаримиз меросидан бехабар кимсалардир.

Шундай экан, мутафаккир боболаримизни яқиндан таниш, уларнинг асарларини ўрганиш ва тадқиқ этиш, оммага етказиш орқалигина фарзандларимизни турли хуружлардан асрай оламиз.

Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий ҳозирги Термиз шаҳридан олти фарсах узоқликда жойлашган Буғ қишлоғида 209-ҳижрий санада таваллуд топган. Кунялари Абу Исо, исмлари Муҳаммад, отасининг исми Исо, бобосининг исми Саврадир.

У зотнинг устозлари кўп бўлиб, улардан энг машҳури Имом Бухорийдир. Кўп ҳадисларни Бухорийдан ривоят қилган. Имом Муслим, Абу Довуд ҳамда Басра, Куфа, Хуросон, Ҳижоз шайхлари ҳам у кишининг устозларидан бўлиб, уларнинг раъй ва воситаларидан ҳам фойдаланган.

У зотнинг «Сунани Термизий» китоби эса «Саҳиҳ Бухорий» ва «Саҳиҳ Муслим» китобларидан кейинги ўринда туради. У зот ҳадисни жамлашда ва уни аниқлашда, ёдлашда ва зикр қилишда алоҳида мақомга эга эди.

Имом Термизийнинг шогирдларидан бири: «Имом Бухорийнинг вафотидан кейин Хуросонда Абу Исо Термизийдек илмда, зеҳнда, тақвода, зоҳидликда бирор киши топилмас эди», деган.

Шайхлардан бири Имом Термизийни имтиҳон қилиш мақсадида унга қирқта ғариб ҳадисни айтиб, савол беради. Имом Термизий қирқта ҳадисни бирорта ҳарфда ҳам хато қилмай, аввалидан охиригача ўқиб беради. Шайх: «Сендек кишини кўрмаганман», дейди.

Имом  «Сунан» китоби фойдаси кўп, такрор сўзлари оз, чиройли тартибда ёзилгандир. Абу Али Мансур ибн Абдуллоҳ Холидий Имом Термизийнинг «ал-Жомиъус-Саҳиҳ» китобини сифатлаб: «Кимнинг уйида мана шу китоб бўлса, гўё уйида Пайғамбаримиз гапираётгандек бўладилар», деган.

Имом Термизийдан бизга мерос бўлиб қолган асарлар: «Китобу азим» («ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ»), бу китоб «Саҳиҳут Термизий» номи билан машҳур. «Шамоилун Набавия», «Илалу муфрад», «Илалу фий охири жомиъ», «Китобуз зуҳд», «Китобут тарих», «Асмоус саҳоба», «ал-Асмо вал куна», «Китобу фийл асарил мавқуфа».

Имом Бухорий шогирди Имом Термизийга: «Сен мендан фойдаланганингдан кўра, мен сендан кўпроқ фойдаландим», деган.

Ҳақиқатан, буюк боболаримизнинг ҳаёт йўлларини, уларнинг асарларни ўргансак, биз учун жуда катта манфаатлар бор. Зотан, бутун ислом оламида Имом Термизийдек олимларнинг китоблари катта қизиқиз билан ўрганилар экан, бу борада биз барчага ибрат бўлишимиз керак.

Шу билан бирга, имом-хатибларимиз, отинойиларимиз халқимизга Имом Термизий ҳазратларининг ҳаёт йўлларини, илмий меросларини тушунтиришлари зарур. Тасаввур қилинг-а, йиғинларда, тадбирларда Имом Термизийнинг “аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя” ва “Сунани Термизий” асарларидан битта ҳадис ўқисак ва унинг маъно-мазмунига аҳамият берсак, йиллар давомида катта натижаларга эришамиз, иншоаллоҳ.

Абдуқаҳор домла ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Leave a comment