Она сутининг мўъжизавий хусусиятлари нималардан иборат?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

  • Она сутининг мўъжизавий хусусиятлари нималардан иборат?

Аллоҳ таоло Ўзи яратган ҳар бир тирик жонзот ҳаётининг ҳар бир босқичи учун муносиб озиқ манбасини ҳам яратган. Жумладан, Роббимиз она организмида боланинг ўсиши ва тўлақонли ҳаёт кечириши учун керакли бўлган озуқани бериб қўйган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

“Ким эмизишни батамом қилишни ирода этса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизадилар” (Бақара сураси, 233-оят);

“Инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йилдадир. Менга ва ота-онангга шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир” (Луқмон сураси, 14-оят).

Гўдакнинг ўсиши, жисмининг саломатлиги учун зарур бўлган озуқа моддаларни Аллоҳ – она сути таркибига жойлаб қўйди. Она сутининг энг ажабланарли жиҳати шундаки, унинг таркиби боланинг ривожланиш даврига кўра ўзгариб қолади. Маълумки, боланинг ҳар бир ривожланиш босқичи озуқа моддаларининг ўзига хос турлича нисбатларини талаб қилади. Она сути ҳам шунга мувофиқ тушунтириб бўлмас тарзда таркибини ўзгартириб боради.

Болага ҳомиладор бўлгандан тортиб, уни сутдан ажратгунгача бўлган даврда қанчадан-қанча машаққатлар ўтади. Инсон боласи энг ожиз бўлиб туғиладиган жонзотдир. Барча ҳайвонларнинг боласи туғилганидан бир оз вақт ўтганидан сўнг, ўзининг кунини ўзи кўриб кетаверади. Аммо инсон боласи узоқ муддатли парваришга муҳтождир. Бу меҳнатни ҳам асосан она бажаради. Шунинг учун онани ҳурмат-эҳтиром қилиш алоҳида таъкидланади.

Зиёд Саҳмий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (болани) эси паст аёлга эмизишдан қайтардилар (албатта, сут эгасига ўхшайди)” (Имом Абу Довуд ривояти).

Юқоридаги ҳадисда ҳам она сутининг мўъжизавий хусусиятлари бири таъкидланган бўлиб, ақли ноқис аёлнинг сути билан озиқлантиришдан қайтарилмоқда. Бунга иллат – сабаб қилиб “Албатта, сут ҳам эгасига ўхшайди” жумласи келтирилмоқда. Яъни, сут эгасининг сифатларини ташувчи бўлиб, уни болага мерос қолдиради.

Ойша розияллоҳу анҳонинг ҳадисларида: “Сут (феъл-атвор, характерни) мерос қолдирувчидир”, дейилган. Юқорида ўтган “Суякни қотириб, гўштни ўстиради” ҳадиси ҳам бунга ишора қилади. Шариат ман қилган ҳайвонлар гўштининг ҳаром қилиниш ҳикмати мазкур ҳайвонлардаги ёмон сифатлар уни еган кишига озуқа орқали ўтишининг олдини олишдир. Буни тиббиёт илми ҳам тасдиқлади. Тирик мавжудот ҳужайрасида характер ёки ворис омиллар бўлиб, улар қонга ўтиб, озиқланувчининг табиатига таъсир қилади.

  • Она сутининг фарзанд саломатлигида тутган ўрнини қандай изоҳлайсиз?

Дунёга келган чақалоқнинг ҳар томонлама соғлом ва дуркун бўлиб улғайишида она сути билан озиқлантиришнинг аҳамияти беқиёс. Она сути боланинг соғлом ва баркамол бўлиб ривожланиши учун муҳим озуқадир. Унинг таркибида юздан зиёд фойдали микроэлементлар бор. Улар боланинг тўйиб озиқланиши учун етарли, ҳатто сув ўрнини босади. Қолаверса, она сути иммуноглобулинга бой бўлиб, иммунитетни мустаҳкамлайди, чақалоқни турли инфекциялардан ҳимоялайди, онадан болага иммунитет ўтишини таъминлайди.

Буюк аллома бобомиз Абу Али ибн Сино она сутининг беқиёс фойдали жиҳатларини инобатга олиб, уни қуёш нурига қиёслайди. Шунингдек, оқсил, глюкоза, ёғ ва фосфор сингари нормал инсон озуқасининг ажралмас қисми бўлган муҳим моддалар ҳам бор. Ушбу фойдали моддалар сутда бола организми талаб қиладиган даражадаги нисбат ва миқдорда мавжуд.

Сутдаги озуқа моддаларининг ўзаро нисбатлари ва калория миқдорлари бола ўз вақтида ёки муддатидан аввал туғилганига ҳам боғлиқ равишда турлича бўлади. Агар бола муддатидан аввал туғилса, она сути таркибидаги ёғ, оқсил, натрий, хлор ва темир каби моддаларнинг миқдори кўпроқ бўлади. Чунки эрта туғилган боланинг организми кўпроқ калорияга муҳтож бўлади. Яна бир муҳим нуқта шуки, она сути ҳамиша янги, истеъмол учун тайёр ва озиқланиш учун идеал ҳароратда бўлади. Она сутида мўл бўлган глюкоза ва ёғлар бола миясининг ривожланишида асосий ролни ўйнаса, кальций ва бошқа муҳим минераллар бола суякларининг тўғри ўсишини таъминлайди.

Бола озиқланиш билан бирга кўп миқдордаги сувга ҳам муҳтождир. Биз ичадиган одатий сув эса боланинг ҳали заиф ва ҳимоясиз бўлган организми учун номақбул, гигиеник жиҳатдан тоза бўлмаслиги мумкин. Янги она сутининг эса 90% қисми сувдан иборат бўлиб, бу чақалоқни мукаммал даражадаги тоза ва соғлом сув билан керакли миқдорда таъминлайди.

  • Эмизиш даврининг муваффақиятли ўтиши учун қандай қоидаларга амал қилиш керак?

– бола туғилиши билан чақалоқни соатга қараб эмас, чақалоқ талаб қилганда (тез-тез) эмизиш керак;

– янги туғилган чақалоқларни 3-3,5 соат оралиқда озиқлантиришни амалга ошириш мураккаб. Чақалоқнинг ошқозон ҳажми тез-тез ва кам миқдорда озуқа қабул қилишга мослашган, бир вақтнинг ўзида 150-200 милли литр сутни қабул қилиши физиологик тўғри келмайди. Шунинг учун янги туғилган чақалоқ биринчи ойларда кўкракни тез-тез, кеча-кундуз давомида 10-15 мартагача талаб қилади;

– она ва бола доимо бирга бўлишини лозим. Она тафтини ҳис қилиб ухлаш бола руҳияти учун жуда фойдали. Бу она сути яхши ишлаб чиқилишига ҳам катта ёрдам бўлади. Эмизиш пайтида, она-бола ўртасида меҳр пайдо қилади. Бу эса гўдакка ҳимояланганлик, қулайлик ва хотиржамлик ҳиссини бахш этади. Агар бола ҳафтасига тахминан 150 грамм вазн йиғаётган бўлса, бу унинг кўкракни меъёрида эмаётгани белгиси дейиш мумкин.

Эмизиш пайтида она ниятини яхши қилиб олса, Аллоҳнинг изни билан, натижаси самарали бўлади.

Амр ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ ўғлини эмизаётган аёлига шундай деган “Болангни эмизишинг ҳайвон боласини эмизишига ўхшамасин. Болангга меҳр беряпсан, аммо уни эмизаётганингда Аллоҳдан савоб умид қилиб тур, шояд сутингни эмган бола, Аллоҳ таолони якка деб билиб, Унга ибодат қиладиган инсон бўлиб шакллансин”.

  • Эмиздиришнинг она организмига қандай фойдали жиҳатлари бор?

Моҳир табиб Ибн Сино болани она сути билан эмизиб боқишнинг аҳамиятини таъкидлаб шундай деган “Гўдак имкон борича онасининг сутини эмиши керак. Чунки боланинг онаси кўкрагидан озуқаланишида унга етадиган зиён-заҳматларни даф қилишга доир жуда кўп фойда бор”. Аёл қалбида меҳр товланса, кўкрагидаги меҳр булоғи чашма каби отилиб чиқади. Гўдакнинг очиққанини у йиғламасидан беш ўн дақиқа олдинроқ она ҳис қилади гарчи у йироқда бўлса ҳам.

Табиблардан яна бири шундай деган “Болани эмизишда она ва боланинг саломатлиги учун кўп фойдалар бор”.

Бугунги давр табобатчилари ҳам онанинг ўз боласини эмизиши бир неча касалликлар, жумладан кўкрак саратонидан сақланишига сабаб бўлишини таъкидламоқдалар.

Шунга кўра, оналар ўзларига берилган Аллоҳ таолонинг улуғ фазлу марҳаматини тушуниб етиш ва зиммаларидаги оналик вазифасини тўкис адо этишга жиддий эътибор қаратмоқлари ҳамда Аллоҳ таолонинг қудрати қаршисида итоаткорлик билан турмоқлари лозим бўлади. Баъзида боласини сунъий озиқлантириб, қадди-қомат бузилади, деб эмизмаётган ёки боласини кўча-куйда ташлаб кетаётган ёки аборт йўли билан нобуд қилаётган аёлларни кўриб ёқа ушлайсан киши. Наҳотки, ўз зурриёдини ўз қўли билан нобуд қилса, вақтинчалик хузур-ҳаловат деб гўдак умрини хазон қилса.

Гўзал ҳулк билан эл-халқга нафи тегадиган, вақтини ўтказмай, тинч юртда, соғ-саломат шукроналикга не етсин. Хаётда яшаётганингни ўзи ҳам –мўъжиза. Аллоҳ ҳар биримизга гўзал саодат билан яшаш бахтини берсин.

Тошкент шаҳар бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

З.Саатова

Leave a comment