Ислом – нурли ҳаётдир


Муносабат

Тинчлик – инсониятга инъом этилган энг улуғ неъмат. Ислом дини тинчликни ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантирган. Динимиз осойишталикни асраб-авайлаш ва барқарорликни таъминлашни ибодат даражасига кўтарган. Бу йўлда имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилинса, фитна ва адоват, турли иллатлар  чекинади.

Жорий йилнинг 22 декабрь куни муҳтарам Президентимиз  Шавкат Мирзиёев раислигида Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши яқин тарихимиздаги энг муҳим тадбирлардан бирига айланди.

Анжуманда давлатимиз Раҳбари баъзи гуруҳлар орасида диний қарашларни Конституция ва қонунларимизга қарши қўйиш, дунёвий қадриятларни ҳаром деб билиш ҳолатлари учраётганини афсус билан қайд этдилар

Дарҳақиқат, бугун тобора илдиз отиб бораётган турли иллатлар, айниқса, диний экстремизм, миллатлараро низолар, “оммавий маданият”, турли ахборот хуружлари каби таҳдидлар қаршисида ҳушёр ва огоҳ туришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Ҳозирга пайтда дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни кузатган киши борки, ҳайратдан ёқа ушлайди. Ҳали у, ҳали бу давлатда хунрезликлар уюштираётган, ёш болалар ва кексаларни қатл қилаётган, одамларни гаровга олаётган, табаррук қадамжоларни харобага айлантираётган жиноий тўдаларнинг қилмишларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Қўли қонга ботган, жаҳолат ва разолатдан бошқа нарсани ўйламайдиган бундай ғаламисларни қандай қилиб мўмин ёки мусулмон, деб аташ мумкин.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёда 600 га яқин террорчи ташкилотлар мавжуд бўлиб, уларнинг кўпчилиги ислом дини ниқоби остида фаолият юритяпти. Аслида мазкур террорчилик ҳаракатларининг ислом динига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Чунки тинчлик, инсонпарварлик ва раҳм-шафқат дини бўлган ислом ҳеч қачон зўравонликни, бировлар жонига қасд қилишни, адолатсизликни тарғиб қилмайди.

Қуръони каримда: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган кимса худди бутун инсониятни ўлдирган кабидир» (Моида сураси, 32-оят); “Ким бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир” (Нисо сураси, 93-оят); “…ўзларингизни ўлдирманглар, албатта Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо сураси, 29-оят); “Ва барчаларингиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва (фирқа-фирқа ҳолда) бўлинмангиз!” (Оли Имрон сураси, 103-оят), дейилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳғу алайҳи ва саллам: “Ҳақиқий мусулмон – бошқа мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган кишидир”  (Муттафақун алайҳ), дея марҳамат қилган.

Дарвоқе, мусулмон киши жамият учун фақат яхшиликни раво кўриши, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан йироқ бўлмоғи зарур. Зеро, сўз, яъни тилдан етадиган озор қўлдан етадиган зарардан ёмондир. Қўл билан бировларнинг фақат саломатлигига, мулкига зарар етказиш мумкин. Лекин тил билан инсонларни турли бузғунчи ғоялар гирдобига тортиш, уларни тўғри оғдириш ва шу орқали бадбахт қилиш мумкин.

Бугунги замоннинг ўзи воқеликка очиқ кўз билан, теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашни, ҳушёр бўлишни, жаҳонда ва ён-атрофимизда тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда.

Шуни унутмайликки, маънавий-маърифий ишларни замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларимизни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, юртдошларимизнинг ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, мамлакатимиз мустақиллиги, тинч-осойишта ҳаётимизга хавф туғдириши мумкин бўлган кучларга қарши изчил кураш олиб бориш вазифаси ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмайди.

Имом-хатиблар маҳаллаларда, аҳоли ўртасида тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш, муқаддас динимиз ҳар қандай зўравонликка, бузғунчиликка, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкишга мутлақо қарши эканини оят ва ҳадислар асосида ҳамда жонли мисоллар ёрдамида етказиб беришлари зарур. Бежиз Юртбошимиз анжуманда Исҳоқхон тўра Ибратнинг “Уламо ғайрат этканда миллат, албатта, ислоҳ топур”, деган ҳикматли сўзларини келтирмадилар.

Хулоса шуки, жамиятимизда яшаётган кишиларга динимизни мусаффо ҳолда етказиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоялаш, ёшларни ўз қатъий қарашлари ва эътиқодига эга, маънавий баркамол этиб тарбиялашда ҳар бир имом-хатиб ғайрат ва шижоат кўрсатиши шарт.

Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Leave a comment