БУ ДИНДА ҲАРГИЗ ҚИЙИНЧИЛИК ЙЎҚ

“Маййитнинг кийимларини тезда тарқатиб юборинглар, акс ҳолда у дунёда кийимсиз бўлади”.

“52” маросимини қилиш керак, чунки маййит 52 кунда эти суягидан ажралади”.

“Ўликнинг ҳурмати йўқми, ҳеч бўлмаса, 20 сигача таъзияда бўлайлик”.

“Таъзия бўлган жойда бир йилгача тўй қилиб бўлмайди”.

“Ўлик чиллага тирик чиллани аралаштирмаслик керак!”.

“Келинингиз ҳомиладор бўлса, бармоғига ип бойлаб олсин, ҳомилага ўликнинг таъсири бўлмайди!”

Манбалар кўп, уламоларимиз суҳбатларини тинглаш имкони яратилган ҳозирги пайтда таъзия бўлган хонадонларда юқоридагига ўхшаш ҳолатларга дуч келамиз. Афсуски бундай бидъат-хурофотларга диний тус берилиб, ота-боболаримиздан қолган одат деб қаралади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Аллоҳ таоло сизлар учун бу динда ҳаргиз қийинчилик яратмади” (Ҳаж сураси, 78-оят). Ислом енгиллик динидир.

Дафн  кунидан бошлаб узоғи билан уч кунга қадар аза (мотам) тутишга шариатимиз рухсат беради. “Фатавои Оламгирия”да (1671-бет) бундай дейилган:

“Шу уч кун мобайнида маййит чиққан хонадонда овқат қилинмайди. Таъзия билдиришга келган одамларга дастурхон солинмайди, зиёфат берилмайди. Мусибат етган хонадон аҳли қайғули бир ҳолда турганда улар учун меҳмонларга қараш, уларга ош-нон тортиш мусибат устига мусибатдир”.

Таъзияга боғлиқ бундай маросимлар ўтказилишини баъзи вилоятларда ҳар пайшанба ёки якшанба куни, 7, 40, 52, 100, йили муносабати билан ўтказиладиган маросимларида жонлиқ сўйилиши, пул ва матолар тарқатилиши катта харажатлар эвазига ўтказилади.

“Ота-онам вафот этган, улар учун қандай амаллар қилсам манфаати бўлади?” деб мурожаат қилишади.

Хайр-эҳсон ҳар кимнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб қилинади. “Бу фарзандлик бурчим, отам ёки онам норози бўлади”, “Маҳалладагилар гапиради, эҳсон қилмасам”, деган мазмунда қарз олиб, эҳсон қилинса, бу ҳам гуноҳдирдир. Бундай маросимларни ўтказишда одамлар гапига қараб эмас, балки шариат ҳукмидан келиб чиқиб қилиш зарур.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Замон охирида бир хил қавмлар пайдо бўладики, улар ҳамма амалларни барчага кўрсатиб, ошкора қилишни ўзларига дўст тутадилар ва махфий равишда сир тутиб қилишни ёқтирмайдилар”, дедилар. Шунда саҳобалар сўрадилар: “Ё  Расулуллоҳ, буни қандай тушунайлик?” Шунда пайғамбаримиз изоҳ бердилар: “Одам бир-бирини кўролмаслигидан, яъни фалончи ундай қилибди, мен ундан ҳам ўтказиб қиламан дейишидан ёки бир-биридан қўрққанидан шундай қилишади” (Имом Муслим ривояти).

Марҳумнинг яқинлари, ўзлари билган, қурблари етган даражада Қуръон сураларидан ўтганлар руҳига тиловат қилинса, истиғфор айтилса, кун-ой санамай, кўнгли истаганда, муҳтож ва ночор кимсаларнинг кори-хайрига берилса савобга эришилади.    

Қуръони каримда: «Қариндошинг ҳаққини адо эт, мискин бечоралар, йўловчи мусофирларга ҳам (мурувват кўрсат.) Лекин сира исроф этма, зеро исроф қилувчилар шайтоннинг “биродарлари”дир! – дейилади (Исро сураси, 26-оят).

Атрофга теранроқ назар солсак, муҳтож кимсалар борлигини кўрамиз. Туғишганларимиздан, опамизми, синглимизми рўзғори тақчиллигидан  боласини оёғига неча йиллардан бери этик олиб бера олмаётганига аҳамият  бермаганмиз. Жиянингизга ҳеч эътибор берганмисиз? Мактабга тутадиган папкаси тикилаверганидан, эскириб кетибди.

Ён қўшнимизнинг  турмуш ўртоғи анчадан бери касалманд. Дори-дармонига  маблағдан қийналиб юрганини эшитганимизда, оддий ҳолатдек қабул қилганмиз. Қўшни маҳалладаги бир аёлни  кеча “Тез ёрдам”да  аҳволи оғир деб олиб кетишган эди. Бугун эса  операция учун пул топа олмаганидан қайтариб олиб келишди. Бир танишимизга мусибат етиб, хонадони буткул ёниб кетганини, ўзи ҳам ёш болалари ҳам  бошпанасиз қолганини  эшитиб, ачиниш билан чекландик. Узоқ қариндошингиз ҳақида хабар эшитиб қолдингиз, “Катта пулга тушиб қолибди, яшаб турган жойини ҳам сотаётган экан”.  Сиз  бўлсангиз “Отам ёки онам ўтди, маҳаллага ош бермасам, одамлар гап қилади” деб,  катта харажат ташвишида юрибсиз.

Бир инсонни кўнглини олганга Каъбани қайта тиклаганлик савоби берилади. Муҳтожликдан қийналиб турган инсонга қилинган  ёрдамнинг ажр-савоби улуғ, ўтган яқинларимизга ҳам савоблари етиб туради., иншоаллоҳ!

Мунира АБУБАКИРОВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлимнинг етакчи мутахассиси

Leave a comment