ОДАМ АЛАЙҲИССАЛОМДАН ОЛДИН НАБИЙ БЎЛГАН ЗОТ

Биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатли бўлишимиз, у зотга чексиз эҳтиромимизни билдиришимиз учун Расули акрам алайҳиссаломнинг ҳаётларини тўлиқ ва батафсил ўрганишимиз шарт. Чунки ҳадиси шарифда:

عن أبي هريرة رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال:

« فَوَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إلَيْهِ مِنْ وَالِدِهِ وَوَلَدِهِ ».

яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам: «Жоним “қўли”да бўлган Зотга қасамки, ҳеч бирингиз токи мен унга отасидан ҳам, боласидан ҳам маҳбуброқ бўламугунимча(ҳақиқий)мўмин бўлмайди», дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло ҳеч бир ибодатни ёки амални Ўзи ва фаришталар бажаргани учун мўминлар ҳам бажаришга буюрмаган. Илло, Пайғамбаримизга салавот айтишда аввал ўзини, сўнгра фаришталарни зикр этиб, кейин мўминларга салавот айтишга буюрган:

إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз» (Аҳзоб сураси, 56-оят), деб марҳамат қилинган. Шу боис мавлид ойида Расули муҳтарам алайҳиссаломга жуда кўп салавот айтишимиз керак.

عنِ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ صَلَّى عَلَيَّ صَلاَةً وَاحِدَةً صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ عَشْرَ صَلَوَاتٍ، وَحُطَّتْ عَنْهُ عَشْرُ خَطِيئَاتٍ، وَرُفِعَتْ لَهُ عَشْرُ دَرَجَاتٍ». رَوَاهُ النَّسَائِيُّ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга битта салавот айтса Аллоҳ таоло унга ўнта салавот айтади ва ундан ўнта гуноҳ ўчирилади ва у учун ўнта даража кўтарилади”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

Бир марта салавот айтиш учун 10-15 сония керак, холос. Лекин 15 сонияда банда Аллоҳ таолонинг унга айтиладиган 10 та саломига эга бўлади, 10 та гуноҳи кечирилади. Аллоҳниннг ҳузуридаги даражаси 10 даража кўтарилади.

Агар 100 та салавот айтса-чи? 1000 та айтса-чи?

Салавотлар қанчалик кўп бўлса, ҳадисда айтилган хушхабар ва ваъдалар сони ҳам шунчалар ортиб бораверади.

Аллоҳ таоло қуёшни сифатлар экан:سِرَاجًا وَهَّاجًا  деган. (Набаъ сураси, 13-оят.) Яъни чарақлаб нур сочувчи чироқ!  «وهاج» сўзи ҳам ёруғлик ва иссиқлик маъносини ўз ичига олади.  Демак, қуёш ёритиш билан бирга иситади ҳам, яъни қуёшнинг нурида тафт бор.

Аллоҳ таоло ойни сифатлаганда эса: قَمَرًا مُنِيرًا – деган (Фурқон сураси, 61-оят.)  Яъни нур таратувчи ой! «منير» сўзи нур таратувчи маъносини ифодалайди.  Демак, ой нур таратади, лекин иситмайди. Чунки ойнинг нури ўзининг манбаи эмас, балки у қуёш ёруғлигининг аксидир. Қуёш фақат кундузини ёритиб, иситади. Ой эса фақат кечасини ёритади.

Аллоҳ таоло Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вазифаларини сифатлаганида эса ҳам қуёшнинг ва ҳам ойнинг сифатларини жамлаб: «وَسِرَاجًا مُنِيرًا » дея таърифлаган. Яъни ҳам кундузи ва ҳам кечаси ҳидоят зиёсини тарқатувчи зот!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам башариятга ҳар жиҳатдан намуна, ибрат, ўрнак бўлганлар. Биргина у зотнинг баён қилиш услубларини олиб кўрсак, жуда катта ўрнак борлигини кўрамиз. إِنَّ مِنَ الْبَيَانِ لَسِحْرًا, яъни “Албатта, сўз(баён)да сеҳр бордир” (Имом Бухорий ривояти), деган Набий алайҳиссалом башаият тарижидаги барча нотиқларнинг устозларидир.

Расули акрам алайҳиссалом тингловчи оз ёки кўп бўлишидан, хитоб қилинувчини илк марта ёки аввалдан танишларидан қатъи назар, у зотнинг самимиятлари ҳар доим бир хил бўлган. Гапираётганларида сўзлари бўлинишидан асло асабийлашмаганлар, гапларини тугатганларидан сўнг ҳеч кимга: “Нутқим ёқдими?” деб сўрамаганлар.

Одамлар койийди, деган қўрқув кўплаб нотиқларнинг уйқусини қочирган. Масалан, Ақшлик Рейзикумхуру Вудро Уилсон (1856–1924) хонасида ўтириб олиб бир неча соат халқ олдига чиқиш учун тайёргарлик кўрган.

Восил ибн Ато (131–748) тили чучуклигини яшириш учун жуда кўп ҳаракат қилиб, нутқидаги “р” ҳарфи бор барча сўзларни ўчириб ташлаган. Айрим сўзларни синонимига алмаштириб чиққан. Мисол учун, “кофир” сўзи ўрнига “мулҳид” , “арсалту”  ўрнига “баъасту”ни ишлатган. “Фирош” (ётоқ) ўрнига “маджа”ни қўллаган, “бурр” (буғдой) ўз ўрнини “ҳинта”га бўшатиб берган. “Башшор” исмли кишини куняси билан, яъни Абу Муоз деб чақирган.

Доместен ҳам нутқи чиройли бўлиши, кучли нафас ва баланд овозга эга бўлиш учун пойга ва денгиз тўлқинлари шовури остида узоқ вақт баланд овозда гапирган. Тилидаги чучукликни кетказиш учун оғзига шағал солиб юрган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асло мазкур кишиларга ўхшаш нутқ тайёргарлигини қилмаганлар.

Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом айтадилар:

عن أبي هريرة قال قالوا : « يَا رَسُولَ اللهِ، مَتَى وَجَبَتْ لَكَ النُّبُوَّةَ ؟ قَالَ وَآدَمُ بَيْنَ الرُّوحِ وَالْجَسَدِ »

яъни: «“Ё Расулуллоҳ! Сизга нубувват қачон вожиб бўлди?” деб сўрашди. У зот: “Одам (а.с.) руҳ ва жасад ўртасида эканида”, деб жавоб бердилар» (Имом Термизий ривояти).

Ҳа, азизлар! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Одам алайҳиссалом яратилмасидан олдин пайғамбар бўлганлар. Шу ҳадис ҳам у зотнинг мартабалари нақадар юксак эканини англатади.

Биз-ку, алҳамдулиллаҳ, Набий алайҳиссаломнинг ҳаётларини ўзимизга дастур қилиб олганмиз. У зотнинг нақадар буюк зот эканларини биламиз. Бошқа дин, бошқа миллат вакиллари ҳам Пайғамбаримизнинг ҳаётлариин ўрганиб, у зотнинг улуғ эканликларини эътироф этганлар.

Машҳур олмон шоири Волфганг Гёте: “Мен дунё тарихини ўрганиб бир хулосага келдим: дунё подшоҳлари тўплаган жамики салтанату сарват-бойликлар, шоҳона қасрлару муҳташам саройлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ямоқ яктакларига арзимас экан”, деган хулоса келганининг ўзи ҳам Пайғамбаримизнинг мартабалари нақадар улуғ эканини кўрсатади.

Барчамизга Набий алайҳиссаломга чин уммат бўлиш, у зотнинг суннатларини иҳё қилиш, умр бўйи у зотга салавот айтиб яшаш насиб этсин.

Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Leave a comment