М У С Т А Қ И Л Л И К –  Б Е Б А Ҳ О Н Е Ъ М А Т

Мана, халқимизнинг улуғ байрами бўлмиш Мустақиллик куни яқинлашди. Ўзбекистон халқи бу қутлуғ кунни ҳар йили орзиқиб кутадилар. Бу байрам ҳар келганда ўзгача бир тароват билан келади,кўнгилларга ўзгача бир қувонч.улашади. Бу кун мамлакатимизда озодлик, ҳурлик, ўз юртига, ўз мулкига, қолаверса, ўз тарихи ва келажагига ўзи эгалик қилишдек буюк саодатга эришган кундир. Жафокаш,меҳнаткаш халқимизнинг бошидан не -не оғир кунлар кечмади. Энди авлодларимиз у кунлар тарихини китоблардан ўқиб ўрганадилар. Аччиқ кунлар ҳақиқатларига гоҳ ишониб,гоҳ ишонмайдилар. Аммо биз асримизнинг 50 -70-йилларидаги мустабид тузумнинг ноҳақликларига гувоҳмиз. Бу даврларда Ўзбекистон СССР нинг пахта етиштирувчи базасига айланган эди. Биз ўқувчилик,талабалик кунларимизни асосий қисмини пахта далаларида ўтказганмиз. Қишнинг ёмғирли,қорли кунларида бир чангал пахта учун узун кунлар пахтазорларда дийдираб,изғиб юрардик. Сиёсат шундай қандай бўлмасин пахта плани бажарилиши шарт эди. «Миллионлар хирмони» халқнинг оғир, машаққатли меҳнати самараси бўлиб бўй чўзарди. Биргина пахта баргларини тўкилиши учун тонналаб заҳарли сариқ ажал дорилар одамларнинг боши устидан сочилар эди. Яқинда невараларимни пойтахтимиздаги Шаҳидлар хиёбонига олиб бодим. Бу жойнинг оғир, аламли тарихидан уларга сўзлаб бердим. Болалар ҳайрон, ишониш қийин. Халқимизнинг энг асл фарзандлари, олимлари, шоирлари, раҳбарлару уламолари шу ерда қатл қилинганлар. Мустабид тузум тарафдорлари шу йўл билан халқимизни ўзлигидан узоқлаштирмоқчи, халқимиз ўтмишини, кеажагини шу йўл билан йўқотмоқчи бўлганлар.

Ўзбекнинг минглаб Қодирийлари, Чўлпонлари, Файзуллолари айбсиз айбдор саналиб қатл қилинганлар.

Динимиз-чи? Албатта асрлар давомида халқнинг эътиқоди, Ислом ва иймон ҳам хавф остида қолди. Минг йиллик асл китоблар йўқ қилинди, масжид, мадрасалар вайрон қилинди, омборхонаю молхоналарга айлантирилди…

Мен раҳматли бобомнинг китоблари ҳақида онамдан билиб олдим, қишлоқларни айланиб топдим ва сотиб олдим.Бу китоб анча йиллар девор орасида сақлангани учун муқоваси чириган, хароб аҳволда эди Бу китобни бобом Ҳаж сафаридан олиб қайтган эканлар, Қуръон китоблари ва қуръонхонлар таъқиб остига олингач бобом китобни пахса девор ичида сақлаган эканлар.

Бугунги кунда ҳар бир хонадонда Қуръони карим бор, ҳар ким бу буюк мўъжиза китобни хоҳлаганича ўқиб, ўрганиши мумкин. Бу нимадан? Албатта, халқимизнинг асрий орзуси -Мустақиллик шарофатидандир.

Имом домлаларимиз, отинойиларимиз қўлларида Қуръони Азим билан халқ ичида эркин юрадилар, одамларга ислому иймондан сабоқ берадилар, улар халқ билан ҳамқадам, ҳамдарду ҳамдам….Бу ҳаммаси Мустақиллигимиз туфайли амалга ошди.

Келинг, азизлар, бу дориломон кунларнинг, дорил замонамизнинг қадрига етайлик. Машаққатлар билан эришганимиз – мустақиллигимизни асраб авйлайлик.

Халқимизнинг бахту саодатига кўз тегимасин. Юртбошимиз бошчилигида келажак сари илдам одимлаб бораётган халқимизни Яратган ҳамиша қўлаб қувватласин, Ўз паноҳида сақласин.

Дилором Каримова.

Филология фанлари номзоди, Доцент

Юнусобод туман отинойиси

Leave a comment