XX аср охирида мусулмон оламида Ислом ниқоби остидаги ақидапараст гуруҳлардан ташқари яна бир таҳдид пайдо бўлди. У ҳам бўлса, мазҳабсизликка чақирувчи кимсалардир.
Уларнинг даъвосича, Исломга эътиқод қилувчи шахс учун суннийликдаги фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашиш шарт қилинмаган. Агар мусулмон шахс бирор шаръий масалада улардан бирининг йўлини ўзига лозим тутса, у кўр-кўрона тақлид қилгани учун хатокор ва мутаассиб, динидан ажралган фирқа ва гуруҳлардаги шахслар каби адашади.
Мазкур тоифага кирувчи шахслар Исломга амал қилиш асосида фақатгина Китоб (Қуръон) ва суннат туриши лозимлигини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, фиқҳий мазҳабларга эргашиш Китоб ва суннат таълимотидан кўра кўпроқ шахслар ижтиҳод (фикр)ларига тақлид қилиниши билан тавсифланади. Бу эса хатога йўл қўйиш ва нуқсонлардан холи бўлишни тўлиқ кафолатлай олмайди. Қолаверса, исломдаги фиқҳий мазҳаблар ҳижрий III асрдан сўнг пайдо бўлганлиги эътиборидан, бидъат ишлардан саналиб, суннат таълимотига кўра, ҳар бир динга киритилган янгилик шубҳасиз залолатга маҳкумдир.
Аслида, саҳобаларнинг барчаси Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳнинг суннатларига мурожаат қилишган. Улар бирор-бир масалада Қуръон ва суннатдан далил тополмай қолганларидагина ижтиҳодга қўл уришган. Бу эса асосий эътибор қаратиладиган ва эргашиладиган ҳолат. Шунинг учун ҳам мазҳаб тутиш ёки бирор-бир мужтаҳид имомга тақлид қилиш Аллоҳни қўйиб, уларни Раббилари қилиб олиш, дея баҳоланмаган.
Ўзларини “Ислом динининг фидойилари” деб эълон қилаётган бу тоифа тарафдорлари Қуръон ва суннат турганда фиқҳий мазҳабларга эргашиш айнан мусулмонлар ўртасида ихтилофлар пайдо бўлишига замин яратиши ва бу уларнинг бирлигига рахна туғдираётгани ҳақида жар солмоқда. Аслида, мазҳабсизлик даъвосини ёйишнинг ўзи ихтилоф бўлиб, Ислом дини, хусусан, мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканлигига шубҳа йўқ.
Улар ўзларини мазҳабсиз деб даъво қиладилар-у, аслида ўзлари ҳам намоз ва бошқа ибодатларда ўша тўртта машҳур мазҳаб имомларидан бирига эргашади. Мазҳабга эргашиш аслида залолатдан узоқ бўлиш демак. Мазҳабсизлик тарафдорлари ўз даъволарини асослашда ихтилоф ва тақлид ибораларига алоҳида урғу берадилар.
Маълумки, Исломда ихтилоф ақидавий ва фиқҳий йўналишларга хос. Ақидавий ихтилоф Аллоҳ таолога эътиқод қилишда турли-туманлик шаклида юзага келиб, мусулмонларнинг заифлашуви, турли тоифаларга бўлиниб кетишдек салбий оқибатларга сабаб бўлган. Бунинг оқибатида хорижий, мўътазилий, қадарий, жабарий ва муржиъий каби кўплаб тоифалар вужудга келган.
Фиқҳий ихтилофлар эса мутлақо бошқа мазмунга эга бўлиб, мазҳабларнинг ибодат, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий муносабатларга турлича ёндашувининг натижаси ўлароқ вужудга келган. Бундай ҳолат асло нуқсон ёки ихтилоф манбаи сифатида талқин этилиши мумкин эмас. Аксинча, Ислом шариатининг замон ва маконга мослашувчанлиги ва мусулмонлар учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради.
Масалан, бирор манзилга турли томонлардан бориш имкони бўлса, киши нисбатан энг яқин ва қулай йўлни танлайди. Мусулмоннинг ҳам бирор мазҳабни тутишини шундай ҳолатга қиёслаш мумкин. Зеро, уларда у ёки бу масала муайян халқ, миллатнинг урф-одатлари, қадриятлари, менталитети ҳамда ижтимоий муносабатларнинг характеридан келиб чиқиб, энг қулай ва маъқул шаклда ҳал қилинган.
Ислом уламоларининг иттифоқига кўра, диннинг аслига тааллуқли бўлган ақидавий масалаларда тақлид қилиш мумкин эмас. Унинг акси ўлароқ, фиқҳий масалаларда эса бирор мазҳабга эргашиш, яъни тақлид қилиш лозим. Тақлид қилувчи шариат кўрсатмаларига амал қилишда мустақил ижтиҳод қилиш даражасига етмаган шахс бўлиб, бирор мазҳаб бошлиғига эргашишини англатади. Яъни, фиқҳий мазҳаблар асосчиларидан бири бўлган имомнинг шариатдаги амали ва фикрини қабул қилган ва унга эргашган шахсдир.
Усулул фиқҳ уламолари “Тақлид – шариатга амал қилишда далилини билмаган шахснинг уни билган ва ечимини берган шахс фикрини англамасдан қабул қилиб амал қилишидир”, дея таърифлашган. Демак, муқаллид (тақлид қилувчи) ижтиҳод қилиш даражасига етмаган шахс бўлиб, мужтаҳидга тақлид қилиб, унинг фатвосига амал қилади.
Шу ишнинг ҳукми бўйича Ислом уламолари томонидан уч хил фикр илгари сурилган. Биринчиси, Ибн Ҳазм ва унга ўхшаш баъзи уламолар тақлид қилиш мутлақо жоиз эмаслиги, балки ҳар ким ўзи мустақил равишда Қуръон ва суннатдан ҳукм чиқариши лозимлигини уқтирган. Бошқа уламолар бу қарашни бутунлай инкор этиб, ҳар бир мусулмоннинг мужтаҳид даражасига етиши мутлақо мумкин эмаслигини баён этишган.
Иккинчиси, тақлид қилишни вожиб деб қарайдиганлар. Улар Исломдаги йирик мужтаҳидлардан кейин ижтиҳод эшиги ёпилган ва ижтиҳод қилиш мумкин эмас, деб таъкидлайдилар. Бу гапнинг эгалари ҳижрий учинчи асрдан кейин ижтиҳод эшиги ёпилгани ҳақида уламоларнинг қарори чиққанини далил қилиб келтирадилар.
Ушбу гап узоқ муддат ҳукм сурган қарор сифатида танилган ва унга сўзсиз амал қилинган.
Учинчидан, мутлақ мужтаҳид бўлмаган киши учун мужтаҳид олимлардан бирига тақлид қилиш лозим бўлади. Баъзи фиқҳий масалаларда мужтаҳид бўлса ҳам, ўз ижтиҳоди ила аниқлай олмайдиган масалаларда тақлид қилиш керак бўлади. Бу йўналишнинг тарафдорлари қуйидаги далилларни келтирадилар:
Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 43-оятида айтади:
فَاسْأَلُواْ أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لاَ تَعْلَمُونَ
“Бас, ўзингиз билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг”.
Уламолар бу ояти каримада Аллоҳ таоло билмаган шахс билган инсонлардан сўраши лозимлигига буюраётганини таъкидлайдилар. Бу эса одамлар ичида билимли ва билимсизи бўлиши муқаррарлигини далолат қилади. Билмаган киши биладигандан масалани сўраши лозим. Бу эса, ўз навбатида, билимсиз кишининг олим инсонга тақлид қилиши вожиблигини англатади.
Усул уламолари ушбу оятни оми инсоннинг мужтаҳид олимга тақлид қилиши вожиб эканига энг асосий далил деганлар. Ушбу оятга биноан, “ҳаммага тақлид вожиб” деган гап ҳам, “ҳаммага ижтиҳод вожиб” деган гап ҳам тўғри эмаслиги келиб чиқади.
Нажмиддин домла ҲАСАНОВ,
Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги
«Ҳасанхон қори» жоме масжиди имом-хатиби
