Бугун биз дунёнинг турли ҳудудларида урушлар, ноҳақ қон тўкилишга жим қараб турадиган ва ўзгаларнинг ҳақини поймол қилинадиган таҳликали замонда яшаяпмиз. Шундай оғир вазиятда ўзимизни, Ватанимизни, қолаверса, юртимиз аҳлини омон сақлаш барчамизнинг бурчимиздир.
Бугунги кунда Ер юзида бўлаётган бузғунчилик ва бегуноҳ одамлар қонини тўкиш каби жиноятлар негизида эътиқодий бузуқлик, ақида билмаслик, тўғри йўлдан адашиш ва соф Ислом таълимотини теран англамасликдан келиб чиқмоқда. Шу боис Исломда эътиқоднинг ўрни ҳақида эслатиб ўтишни лозим топдик.
Эътиқод – бу биргина Ислом динига боғлиқ тушунча эмас, балки барча динларнинг энг асосий пойдевори саналади. Зеро, дин деб айтиладиган барча йўналиш уч асос устига қурилади: эътиқод, ҳукм ва ахлоқ.
Эътиқод – Аллоҳнинг борлиги, бирлиги, фаришталарга, китобларга ва шу каби бир неча нарсаларга иймон келтириш демак. Ҳукм – бир нарсанинг ҳалол, ҳаром ёки шубҳали каби бўлимларга ажратиб берувчи қисмдир. Ахлоқ – инсоннинг ўзга махлуқотлардан ажратиб, уни қайси турга мансуб эканини кўрсатиб берувчи омилдир.
Шу уч қисмнинг йиғиндиси ягона дин деб аталади. Инсон нафсига бас келолмай, ахлоқи бузуқ бўлиб қолиши мумкин, баъзида ҳалол ва ҳаром масалаларида адашиб кетишини ҳам тушинса бўлади. Лекин эътиқодсиз бўлиши мумкин эмас, чунки унинг ким эканини эътиқод белгилайди.
Хўш, эътиқод ўзи нима? Биз қайси эътиқоддамиз? Эътиқодга эргашишда қандай фойда, аксида эса қандай зарарлар бор?
Эътиқод илми одатда “Ақида” номи билан ҳам кенг тарқалган. Икки номнинг асл ўзаги бир “ақд” сўзидан олинган. Бу сўз арабча бўлиб, “бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш” деган маънони англатади. Яъни Ислом ақидаси мусулмон инсонни маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуасидир.
Дунёда бир қанча ақида, фалсафий фикрлар бор. Улар ичида ҳозирги кунга келиб йўқолиб кетганлари ҳам талайгина. Бироқ аҳли сунна вал жамоа эътироф этган эътиқодий таълимот йўли иккита бўлиб, улар: мотурийдийлик ва ашъарийлик таълимотидир.
Дунёда Исломда парокандалик ва бузғунчилик пайдо қиладиган турли фикр, фалсафа ва эътиқодлар юзага келган бир даврда Қуръони карим, ҳадиси шарифлар ва саҳобаларнинг услубида ақида масалаларини ёрита бошлаган соф эътиқодли олимлар пайдо бўла бошлади. Айнан шуларга Аҳли сунна вал жамоа номи берилди. Бу ном “суннатга эргашганларнинг йўли ва ҳадисга амал қиладиганлар” деган маънони кўзда тутади.
Кейинчалик ақида илми ҳам ўз имомларига эга бўлди: Имом Мотурийдий ва Имом Ашъарий раҳимаҳуллоҳ. Ушбу имомлардан бири бизнинг диёрдан етишиб чиққан буюк сиймо, аллома, Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотурийдий раҳимаҳуллоҳдир. У киши Самарқандда туғилиб ўсиб, таълим олиб, ижод қилиб, шу ернинг ўзида ҳижрий 333-санада вафот этган.
Эътиборга молик яна бир жиҳат шундаки, бу киши ҳанафий мазҳабига эргашган. Шу билан бирга, икки восита ила Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирди Имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳимаҳуллоҳга шогирд ҳам бўлади. Биз ва ота-боболаримиз эътиқодда ана шундай буюк бобомизнинг таълимоти бўлмиш Мотурийдия ақидасидамиз.
Мотурийдийлик таълимотига биноан биз гуноҳ иш қилган одамни диндан чиқди демаймиз, модомики ўша ҳаром ишни ҳалол санамаса. Хулоса қилиб айтганда, мўмин одам гуноҳи кабира қилиши билан кофир бўлиб қолмайди. Аммо ўша қилган ҳаром ишини ҳалол, ҳалол ишини ҳаром деса, кейин кофир бўлади.
Шу масала бўйича ўзга фикрларни келтириб ўтамиз: Биз, аҳли сунна вал жамоа бирор кишини гуноҳи кабира қилгани учун кофир демаймиз, шу билан иймони бўлса, гуноҳ унга зарар бермайди ҳам демаймиз. Хаворижлар эса, гуноҳи кабира қилган кишини кофир, дейди. Мўътазилий тоифаси эса гуноҳи кабира қилганни диндан чиқди, лекин куфрга кирмайди, дейди. Яъни дин ва динсизлик орасида дейишади. Хавориж ва мўътазилийларнинг сўзларига ҳам ўз далиллари бор: “Мусулмонни сўкиш фисқдир. У билан уруш қилиш куфрдир” (Имом Бухоий ва Муслим ривояти).
Шу ерда ҳақли савол туғилади, биз гуноҳ сабаб кофир бўлмайди деяпмиз. Аммо ҳадисда очиқ “У билан уруш қилиш куфрдир” деган гап турибди. Бунга нима деб жавоб берамиз?
Агар гуноҳи кабира қилиш куфр бўлганида, шариат ҳадларни жорий қилмас эди. Масалан, ўғрининг қўли кесилиши, зинокорга ҳад урилиши каби. Балки диндан чиқди, кофир ва муртад бўлди. Энди фақат ягона йўл уни ўлдириш керак дер эди. Мана шу ҳолат ва ҳукмнинг ўзиёқ юқоридаги тоифаларнинг сўзлари қанчалик ботил эканини баён этади.
Хулоса қилсак, тўғри эътиқод ўзгаларга нисбатан ҳам чиройли гумонни келтиради. Соф эътиқоддан йироқлашиш эса инсоннинг ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам раҳна соладиган иллатдир.
Нажмиддин домла ҲАСАНОВ,
Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги
«Ҳасанхон қори» жоме масжиди имом-хатиби
