Муборак Рамазон ойи Ислом оламида юксак ўрин тутади. Бу ой инсон қалбини поклаш, яхшилик ва савоб амалларни кўпайтириш, меҳр-оқибат ва саховатни кенгайтиришга чорлайди. Рамазон нафақат рўза тутиш, балки инсонлар ўртасида меҳр-муҳаббатни мустаҳкамлаш, муҳтожларга ёрдам бериш ва жамиятда маънавий барқарорликни таъминлаш ойи ҳамдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:
«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди, шоядки тақво қилсангиз»
(Бақара сураси, 183-оят).
Ушбу оят Рамазон ойининг асосий моҳияти инсонни тақво, сабр ва покликка чорлашдан иборат эканини англатади. Шу боис бу ойда хайр-эҳсон қилиш, муҳтожларга кўмак бериш ва инсонлар ўртасида меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш ҳар бир мўмин учун муҳим вазифа ҳисобланади.
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларда ҳам маънавий қадриятларни асраш, диний соҳага эътиборни кучайтириш ва жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Давлатимиз Раҳбари томонидан муқаддас динимиз қадриятларини асраш, диний-маърифий ишларини ривожлантириш, масжид ва зиёратгоҳларни обод қилиш, шунингдек, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, Рамазон ойи муносабати билан эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга ёрдам кўрсатиш бўйича қабул қилинаётган қарорлар халқимиз қалбида миннатдорлик туйғусини уйғотмоқда. Бу каби ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва инсонпарварлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Тошкент шаҳар отинойилари ҳам маҳаллаларда оилалар билан ишлаш, аёл-қизлар ўртасида маънавий-маърифий суҳбатлар ўтказиш, ажримларнинг олдини олиш, низоли ҳолатларда муросага келишга кўмаклашиш борасида фаол иштирок этиб келмоқда. Улар ёш авлодни миллий ва диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, жамиятда тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга яхшилик қилиш ва жамиятга фойда келтириш ҳақида бундай деганлар:
“Одамларнинг энг яхшиси бошқа одамларга фойдаси кўп тегадиганидир”
(Ибн Абу- Дунё ривояти).
Яна бир ҳадисда бундай марҳамат қилинади: “Ким бир мўминдан дунёв ташвишидан бирини аритса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги ташвишларидан бирини аритади” (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадислар инсонларга ёрдам бериш, жамиятда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни қарор топтириш ҳар бир мўминнинг энг улуғ вазифаларидан бири эканини англатади.
Қуръони каримда яна бундай дейилган: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг» (Моида сураси, 2-оят).
Бугун юртимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ишлар, хайрия тадбирлари ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишлари айнан шу эзгу ғояларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган. Бу эса жамиятда соғлом муҳитни таъминлаш, оилаларда тотувликни мустаҳкамлаш ва инсонлар ўртасида ўзаро ҳурматни юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Тошкент шаҳар отинойилари давлатимиз Раҳбари томонидан диний соҳага ва хотин-қизлар масаласига қаратилаётган юксак эътиборни чуқур миннатдорлик билан қабул қиладилар. Бу ишонч ва қўллаб-қувватлаш отинойилар зиммасига янада катта масъулият юклайди.
Аллоҳ таоло юртимизда тинчлик-осойишталикни бардавом этсин, халқимизга фаровонлик ва барака ато этсин. Муборак Рамазон ойи барчамиз учун эзгулик, раҳмат ва баракалар ойи бўлсин!
Зулайҳо СОАТОВА,
Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари
