
Бировларга эмас, ўзингизга боқинг
Кунларнинг бирида бир донишманд одамларга: «Атрофингизга боқсангиз, бахтли ёки бахтсиз ҳаёт нима эканини биласиз», дебди.
Одамлар донишманднинг гапига тушунишмабди. Шунда донишманд: «Ўзига Аллоҳ таоло ато этган неъматларга эътибор қаратган инсонлар бахтли, аксинча, ўзгаларга берилган неъматларга кўз олайтирганлар эса бахтсиздир», дебди.
Ҳа, азизлар, Аллоҳ таоло ҳар кимга ҳар хил неъмат беради. Кимнидир сахий, кимнидир ахий қилган, кимдир эса шунчалик бахилки, ҳатто бурнининг бир тешигини ёпиб нафас олади.
Ижтимоий тармоқларда пойтахтимиздаги бир масжид имоми бошқаларга ибрат бўлсин деган мақсадда эҳтиёжманд оилага озиқ-овқат маҳсулотларини эҳсон қилгани суратларини жойлабди.
Тирноқ орасидан кир қидирадиган айрим ғаламис кимсалар шуни ҳам гапириб, ҳар хил изоҳлар ёзибди.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз
– ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча)
ишларингиздан хабардордир» (Бақара сураси, 271-оят).
Оятда Раббимиз садақани ошкора қилиш яхши эканини баён этяпти. Имом-домла эҳсонини ошкора қилган бўлса, қолганлар ҳам ибрат олсин, дегандир. Нега ҳамма нарсадан айб ахтараверамиз-а?!
Аксинча, Аллоҳдан бизларни ҳам эҳсон қиладиган бандаларинг сафига қўш, деб дуо қилиш керак.
Аллоҳ инсоф берсин!
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати
