Аллоҳнинг меҳмонибўлайлик!

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салалм дедилар: “Ким уйида таҳорат олиб, сўнгра масжидга келса, у Аллоҳнинг меҳмонидир. Меҳмонни ҳурматлаш мезбоннинг ҳаққидир” (Имом Табароний ривояти).

Одатда, бирор танишимиз, қариндошимиз бизни меҳмондорчиликка таклиф қилса, ювиниб-тараниб, сипо кийиниб борамиз. Йўл-йўлакай ўзимизни қандай тутишимизни, нима мавзулар ҳақида гапиришимизни ҳам ичимизда пишитиб оламиз. Қанчалик яқин бўлмасин, ҳар қандай қариндош ҳам ой-йилда, онда-сонда бирор муносабат билан сизни меҳмондорчиликка таклиф қилиши мумкин.

Лекин, тасаввур қилинг-а, сизни бутун оламлар Парвардигори бир кунда беш марта “меҳмонга чорласа”, ўзингизни қандай тутасиз? Табиийки, бутун борлиғингиз билан У Зотга йўналасиз, хушу-хузу билан ибодатнинг савобини тўлиқ олишга интиласиз. Шундай эмасми?

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар домла Камоловнинг яқинда чоп этилган “Масжид одоблари” китобида жомега қатновчи ҳар бир мўмин-мусулмон билиши шарт бўлган маълумотлар жамланган.

Кўпчилик унчалик ҳам эътибор қаратмайдиган масалалар, хусусан, масжидда одамлар елкасидан ҳатлаб ўтиш (айниқса, жума куни), Аллоҳнинг байтига ёқимсиз ҳид (саримсоқпиёз, пиёз еган ёки ювинмаган ҳолда келиш, пайпоқларнинг тозалигига эътибор қаратмаслик) билан бориш диндошларимизга азият бўлиши саҳиҳ ривоятлар асосида баён қилинган.

Аллоҳ таоло ушбу китобни манфаатли қилсин.

Толибжон НИЗОМ

Leave a comment